07.05.2019

ОЛИЙ СУД РАИСИ ВА БОШ МУҲАРРИРЛАР УЧРАШУВИ

Бугун аҳолининг ҳуқуқий билими, маданиятини юксалтирмай, жамиятда қонун устуворлигини таъминламай туриб, ҳуқуқий-демократик жамият қуриб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Бу талаблар ижроси суд тизими ошкоралиги, жамоатчилик назорати, хусусан, матбуот ҳамда оммавий ахборот воситалари билан судлар ҳамкорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ, албатта.

Мазкур учрашув самимий ва ошкора ўтгани, саволлар ва таклифларга бой бўлгани билан иштирокчиларни мамнун этди. Олий суд раиси Козимжон Комилов суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, суд қарорлари адолатли бўлиши учун кўрилаётган чора-тадбирлар, судлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, судлар учун қурилаётган янги бинолар ҳақида батафсил ҳикоя қилди. Айниқса, суд мажлисларининг онлайн трансляцияси йўлга қўйилишининг аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталди. Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқи, шаъни, қадрига муносабат мутлақо ўзгаргани, ўтган 2018 йилда 867 нафар фуқаро оқлангани бунинг бир мисоли экани таъкидланди.

Дарҳақиқат, сўнгги икки йилда судлар мустақиллиги таъминланмоқда. Илгаригидек қайсидир органларнинг суд ишига аралашуви, босим ўтказилишига чек қўйилди. Энди ҳамма гап судьянинг билими, малакаси, виждонига боғлиқ. Шуни ҳам айтиш керакки, оқловлардан ташқари, Ўзбекистон Олий суди ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида тузилган меморандумга асосан судларда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги амалиёт қўлланила бошланди.

2018 йилда жиноят содир этган 893 нафар хотин-қиз Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳимояга олиниб, жазодан озод этилди. Хусусан, Хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида 113 нафар судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Муқаддам судланиб, жазо муддатини ўтаётган 597 нафар аёл жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 100 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.

19 апрель куни Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган 5 нафар аёл аризаси кўриб чиқилиб, улар содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ахлоқан тузалиш йўлига ўтгани ҳамда жазонинг асосий қисмини ўтаганлиги ҳисобга олиниб, жазодан озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Учрашувда бу каби мисоллар кўплаб келтирилди.

Шунингдек, суднинг маданияти, қарорлари, матбуот билан ҳамкорлик масалаларида камчилик ва муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, суд жараёнида журналистлар овоз ёзиш ёки видеотасвирга олишига тўсиқлар бўлаётгани ҳақида фикрлар билдирилди. Олий суд раиси очиқ ва ёпиқ судлар тартиби, талаблари, қоидалари, қандай ҳолатларда судларда овоз ёзиб олиш, тасвирга олиш мумкин эмаслиги тўғрисида тушунча берди. Судларнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ҳаёт зарурати экани, бундан жамият манфаат кўришини таъкидлади.

Олий суд раҳбариятининг ҳудудларда, айниқса, узоқ туманларда ўтказаётган қабуллари, сайёр судлар аҳамиятини кенгроқ ёритиш, суд-ҳуқуқ мавзусидаги танқидий мақолаларда масалани чуқур ўрганиш, юзакиликка йўл қўймаслик зарурлиги тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Матбуотда чоп этилган танқидий мақолаларга Олий суд эътиборини кучайтириш бўйича таклифлар айтилди. Ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.



DB query error.
Please try later.