07.05.2019

ИЧКИ ИШЛАР ТИЗИМИГА ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЁКИ РАД ЭТИШ МАСАЛАСИ 40-50 КУН ИЧИДА ҲАЛ ЭТИЛАДИ

Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси матбуот анжумани ўтказди. Унда ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, тизимдаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва лицейлар масаласи муҳокама қилинди.

 

— Жорий йилнинг биринчи чорагида жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,6 фоизга камайди, маҳаллаларнинг 78 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, — дейди Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбиддин Бурхонов. — Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг қабул қилиниши жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичини белгилаб берди. Мазкур қарорга асосан, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган янги тизим жорий этилди.

Жорий йилнинг 3 ойида 4 мингдан ортиқ ходим рағбатлантирилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 3 ойида республика ҳудудида содир этилган жиноятлар сони 3 минг 43 тага ёки 31,6 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар сони 2 минг 578 тага ёки 40,8 фоизга камайишига эришилди. Шунингдек, 9 минг 22 маҳалладан 7 минг 38 тасида ёки 78 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Ёшларни ва вояга етмаган шахсларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш ички ишлар органлари олдида турган энг муҳим йўналишлардан биридир. Бугунги кунда ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш долзарб вазифа ҳисобланади.

Шу сабабли жорий йилда ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилаётган жиноятларни маҳаллалар, таълим муассасаларида муҳокама қилиш, тарғибот-ташвиқот тадбирлари кучайтирилиб, ёшлар орасида 48 мингдан ортиқ давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 221 минг 980 нафар бандлиги таъминланмаган ёшлар касб-ҳунар ўрганишлари учун ўқитилди. Шунингдек, 29 минг 450 нафари ҳунармандликка, 31 минг 628 нафари касаначиликка жалб этилиб, 37 минг 856 нафари меҳнат ярмаркалари орқали ишга жойлаштирилди. Қолаверса, 21 минг нафардан ортиқ йигит-қизга «Ҳар бир ёшга — бир гектар» лойиҳаси доирасида ер ажратилди. 13 минг 437 нафари эса деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларига жалб қилинди.

Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ўз-ўзини банд қилиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида барча туман, шаҳарларда «Ёшлар бандлигига кўмаклашиш ҳафталиги» ўтказилди.

Амалга оширилган тадбирлар натижасида ёшлар (18-30 ёш) жиноятчилиги жорий йилнинг 3 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39,5 фоизга, жиноят содир этган коллеж ва лицей ўқувчилари сони 59,2 фоиз камайишига эришилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида кимлар таҳсил олиши ҳамда нечанчи синфдан ўқувчилар қабул қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга ИИВнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори, подполковник Шерали Тўраев жавоб берди.

— Президентимизнинг 2017 йил 29 ноябрдаги ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида вазирликнинг «ЖАР» — спорт-соғломлаштириш комплексига қарашли ҳарбийлаштирилган мактаб-интернат базасида Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. Ушбу таълим муассасасига ички ишлар органларининг, биринчи навбатда, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида ногиронликка учраган ёки вафот этган ҳарбий хизматчи ва ходимларининг ҳамда бошқа фуқароларнинг умумтаълим муассасаларида 4-синфни тамомлаган фарзандлари (ўғил болалар) ҳар йилги қабул квоталарига мувофиқ танлов асосида қабул қилиниши белгиланган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, қабул квоталарининг 80 фоизи юқорида келтирилган тоифалар учун, яна 20 фоизи бошқа болалар учун ажратилади.

Хусусан, мактаб-интернатда ўқувчилар 5-синфдан 9-синфгача белгиланган таълим дастурлари асосида зарур шарт-шароитлар, тиббий хизмат билан бепул таъминланган ҳолда доимий яшаб, таълим олишади. Шу билан бирга, ўқувчилар ўқиш даврида кунлик тўрт маҳал озиқ-овқат, мавсумий кийим-кечак ва бошқа буюмлар билан ҳам бепул таъминланади.

Шунингдек, тадбирда ички ишлар органларига ишга кириш учун керакли ҳужжатларни топширган фуқаролар йиллаб кутиб юришининг боиси нимадалиги борасида берилган саволга Ички ишлар вазирлигининг Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рустамбек Камолов жавоб берди.

— Ички ишлар органларига ишга қабул қилиш жараёнида маълум ўрганишлар талаб қилинади. Ўтган йили вазирлигимиз томонидан ишга кирмоқчи бўлган фуқароларнинг эътирозлари ҳисобга олиниб, ишга қабул қилишда соддалаштирилган тизим жорий этилди. Эндиликда ишга қабул қилиш ёки рад этиш масаласида 40-50 кун ичида жавоб берилади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: