Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
05.02.2019

ИНСОН ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН ТУРАДИ

Кейинги икки йил мобайнида инсон ҳуқуқини ҳимоя этиш, шаъни ва қадрини улуғлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ишлар халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда, ибратли тажриба сифатида баҳоланмоқда. Энг муҳими, суд тизимидаги ўзгаришлар, суд мустақиллигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самараси халқимизни хурсанд қилмоқда, судга ишончини оширмоқда.

Маълумки, узоқ йиллар давомида суд тизимига айрим идоралар томонидан кўрсатилган босим, баъзан судьяларнинг журъатсизлиги оқибатида адолатсиз ҳукмлар қабул қилиш ҳоллари кўпайиб кетганди. Ўша пайтларда тергов идоралари жазоловчи тизимга айланганди. Судлар ҳам шу зайлда иш юритарди. Қанчалаб одамлар ноҳақ судланиб, қамоққа ташланди. Айтсак, айтмасак ҳам кўпчилик билади, пашшадан фил ясаб, сохта, зўрма-зўраки кўрсатмалар асосида қамалганлар оз эмасди.

Бугун республика Олий суди зиммасига ўша даврда содир этилган адолатсизликларни тиклаш, оддий қилиб айтганда, кимларнингдир хатоларини тузатиш, нималарнингдир эвазига қилган ножўя ишлари, шафқатсизликларига барҳам бериш вазифаси тушмоқда.

Бу – осон иш эмас, албатта. Оғир меҳнат талаб қилинади. Жиноят ишига дахлдор кимлардир бор, кимлардир йўқ. Қайсидир гувоҳ кўчиб кетган. Қасддан, сунъий равишда тўпланган кўрсатмалар, маълумотлар билан ҳаққонийларини ажратиб олиш, чигал саволларга жавоб топиш, қонуний қарор қабул қилиш керак бўлади. Ана шундай заҳматли меҳнат эвазига ноҳақ жабрланганлар оқланмоқда, улар «судланган», деган тамғадан халос этилмоқда. Айни чоғда уларнинг оила аъзолари, фарзандлари юзи ёруғ бўлмоқда.

Бундан икки йил олдин Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдига янгича талабларни қўйди: «Энди биронта фуқаро қалбаки далиллар, туҳмат ва бўҳтонлар асосида жавобгарликка тортилмаслиги шарт».

Бу инсонпарвар, адолатпарвар талаб, халқимиз ҳаёти, тақдирига қайғуриб, қўйилаётган вазифа. Афсуски, бу гаплар айтилгунча қанчалаб одамлар асоссиз қамалиб, азоб-уқубатга гирифтор бўлди. Улар бугунги кунгача айблари йўқлиги, адолатсизлик қурбони бўлганини исботлаш учун курашиб келишмоқда. Бу кураш оғир кураш, азобли-изтиробли кураш. Буни бошидан ўтказган билади. Уларнинг тақдирига жонимиз ачимаса, лоқайд қарасак, аввало инсоний бурчимизга, қолаверса, хизмат вазифамизга хиёнат қилган бўламиз.

Тўғри, дийдаси қотиб, тошга айланганларга ўзганинг дарди чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмайди. Аммо ҳуқуқ-тартибот тизимида виждонли, диёнатли инсонлар кўп. Уларнинг ҳалоллиги, яхшиликлари, адолат тарафида бўлиши дунёни ёритиб туради, қонун устуворлигини таъминлайди.

Таҳририятимизга ёрдам сўраб ҳар ойда мурожаат қилинаётган ўнлаб аризалар орасидан бизнинг назаримизда айбсизлигини исботлаш имкони бордек туюлган айримларинигина ўрганишга қарор қиламиз.

Тошкент шаҳар, Учтепа туман ИИБнинг тезкор вакили вазифасида ишлаган Мирсаид Саидакбаров ҳам ўзини Тошкент шаҳар Чилонзор туман судининг 1999 йил 26 августдаги ҳукмига кўра қалбаки далил ва гумонлар билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилган, деб ҳисоблайди.

Жазо муддатини ўтаб чиққанига 16 йил бўлганига қарамай, собиқ тезкор вакил бўйнига қўйилган айбларни ҳали ҳам тан олгани йўқ ва бир кун келиб ҳақиқат қарор топишига ишонади.

Ички ишлар тезкор вакилларига муносабат ҳар кимда ҳар хил бўлиши мумкин. Аммо улар орасида ҳам виждонли, инсофли ходимлар оз эмас, албатта.

Воқеа тафсилоти эса қуйидагича: Мирсаид Саидакбаров 1998 йилнинг 15 январида кеч соат 18:00 ларда хизмат вазифаси билан кўчада кетаётганида, «Ваққос ота» қабристони ёнида «Дамас» русумли автомашина олдида соқол қўйган шубҳали шахсга кўзи тушади ва ўзини таништириб, унинг ҳужжатини суриштиради. Яқинда айнан ушбу қабристонда нохуш воқеа содир бўлган эди.

Паспорт бўйича Ҳусейн Ядуллоҳий Ширулло Эрон фуқароси, Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонга ҳеч қандай визасиз, божхона кўригидан ўтмасдан ва ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ноқонуний кириб келган, «Дамас» ҳайдовчиси М.Умедов уни Бишкекка кузатиб қўйиши керак экан.

Мирсаид Саидакбаров ҳар икки шахсни «Дамас» автомашинаси билан бирга Учтепа туман ИИБга олиб келади. Кабинетида воқеани ҳужжатлаштириш учун Эрон фуқаросидан тушунтириш хати олади. Кейин унинг хатини таржима қилиб, ўқиб бериши учун ОВИР ходимларидан илтимос қилмоқчи бўлиб, иккинчи қаватдан биринчи қаватга тушади.

Назоратсиз қолдирилган М.Умедов ва хорижлик фуқаро фурсатдан фойдаланиб, тушунтириш хати ва паспортни олиб қочиб кетишади. Мирсаид Саидакбаров ўша заҳотиёқ бу ҳақда жиноят-қидирув бўлими бошлиғи М.Ғуломовга ёзма рапорт топширади. Орадан 11 кун ўтгач, кутилмаган воқеа бўлади. Тезкор вакил чет эллик фуқаронинг катта миқдордаги пулини қўрқитиб олиб қўйганликда айбланиб, прокуратурага терговга чақирилади.

 Айблов хулосасида аввало Мирсаид Саидакбаров ўзига берилган ваколат доирасидан четга чиқиб, чет эл фуқароси Ҳусейн Ядуллоҳий ва Ўзбекистон фуқароси М.Умедовни Учтепа туман ИИБга олиб келганлиги, унинг «Дамас» машинаси ўриндиғи остида яшириб қўйилган 70787 АҚШ долларидан 23 минг долларини очиқдан-очиқ талончилик йўли билан олиб қўйганлиги айтилади.

Ўша йиллари республикамизда дин ниқобидаги турли экстремистик оқимлар ғимирлаб қолган, нохуш воқеалар содир бўлаётган эди. Жиноят-қидирув бўлими ходимлари раҳбарият ички буйруғига кўра, кўча-кўйда, жамоат жойларида шубҳали шахсларни тўхтатиб, ҳужжатларини кўриш, лозим бўлганда ИИБга олиб келиб, уч соатгача ушлаб туриб, суриштирув ишларини олиб бориши мумкинлиги ҳақида кўрсатма берилган бўлади. Демак, у ваколатдоирасидн четга чиқмаган.

Айблов хулосасида ёзилишича, Мирсаид Саидакбаров Эрон фуқароси Ҳусейн Ядуллоҳийни кабинетда қолдириб, ўзи М.Умедов билан «Дамас» машинаси ичини текшириб, хорижлик фуқаронинг ўриндиқ тагида яшириб қўйилган 70787 АҚШ долларини топиб, хонага олиб келади-да, «бу пуллар билан сен қамаласан», деб қўрқитиб, 23 минг долларни очиқдан-очиқ олиб қўяди.

Бунга асос Ҳусейн Ядуллоҳий аризаси ва М.Умедовнинг кўрсатмаси.

Савол: Улар нега орадан 11 кун ўтиб, туман прокурори номига ариза беришяпти? Нега эртаси куни Ҳусейн Ядуллоҳий шикоят қилиб, Эрон элчихонасига бормади? Ёки прокуратура, Ички ишлар раҳбариятига мурожаат қилмаган..? Улар ўзаро тил бириктириб, туҳмат қилишмадимикин? Шу йўл билан жавобгарликдан қутулиб қолишмоқчи бўлишдимикин?

Чунки бундай ҳолатда ушланган хориж фуқароси чегаралардан ўтиб, республикадан чиқиб кетиши муаммога айланиши мумкин эди.

Навбатдаги савол: Ҳусейн Ядуллоҳийда ростдан ҳам шунча миқдорда пул бўлганми?

У чегарадан айланма йўллар билан ўтиб келган шекилли, Ўзбекистонга кириши бирор жойда қайд этилмаган, пули ҳам. Пулнинг манбаи борми, бу пул билан у Ўзбекистонга нима мақсадда келган? Нега қонуний йўл билан кириб келмаган?

Ҳусейн Ядуллоҳий икки йил олдин Ўш шаҳридаги драма театрида ўтказилган савдо ярмаркасида бўлгани, ўшанда молларини ўшлик фуқаро И.Маҳкамовга сотиш учун ташлаб кетгани ва яқинда келиб, шу молларнинг пулини олгани ҳақида кўрсатма беради. И.Маҳкамов томонидан эса бу кўрсатма маъқулланади.

Ўш шаҳридаги «Артур» фирмаси раҳбари В.Чжен томонидан берилган маълумотномада 1996 йилда драма театрида ўтказилган ярмаркада Эрон фуқаросининг сотилган моллари 70 мингдан кўпроқ АҚШ долларини ташкил этгани ва бу маблағ фирма ҳисобидан тўлангани билдирилган.

Аммо «Артур» фирмаси раҳбари В.Чжен чақирилиб, терговда сўроқ қилинганида, унинг фирмаси ҳеч қандай ярмаркада қатнашмагани, 70 мингдан кўпроқ АҚШ доллари кирим қилинмагани, молни ҳам, пулни ҳам кўрмагани, маълумотномани таниши И.Маҳкамов илтимосига кўра берганини баён қилади.

Драма театри директори маълумотномасида эса 1996 йилда Эрон тадбиркорлари томонидан ярмарка ўтказилмагани айтилади. Аризачи Мирсаид Саидакбаровнинг фикрича, Ҳусейн Ядуллоҳий Ички ишлар бўлимидан қочиб кетгач, М.Умедов уйида тунайди, эртасига Эронга жўнаб кетади. Қайси йўл билан кетгани номаълум. Орадан ўн кун ўтгач, Тошкентга – М.Умедовникига қайтиб келади. 1998 йил 26 январда собиқ А.Икромов, ҳозирги Учтепа туман прокуратурасига «туман ички ишлар бўлими ходими Саид икки шериги, яъни, бири рус, иккинчиси ўзбек миллатига мансуб ходим билан биргаликда менга тегишли 70 минг доллардан 23 мингини олиб қўйди», деб ариза беради.

– Мен ҳеч қандай пулни кўрмаганман, пул аслида бўлганми ўзи? – дейди Мирсаид Саидакбаров. – Маълум бўлишича, 1996 йилда эмас, 1995 йилда Ўшда ярмарка ўтказилган.

Ярмаркага олиб келинган мол Эрон фуқароси Али Рухсатга тегишли бўлган. У Тошкентга келиб, терговда берган кўрсатмасида Ҳусейн Ядуллоҳий унинг фирмасида ишлаши, икки йил олдин ярмарка пайтида қолдириб кетилган моллари пулини олиб келиш учун Ўшга юборилганини тасдиқлайди. Шунингдек, у «Ҳусейн Ядуллоҳий яқинда Тошкентдан Эронга келиб, 23 минг долларни ички ишлар ходими олиб қўйганини айтди», дейди.

– Агар бу гаплар рост бўлса, демак, Ҳусейн Ядуллоҳий билан М.Умедов ўзаро келишиб, пулни ўзлаштиришган. Менга туҳмат қилиб, пул эгаси олдида ўзларини оқламоқчи бўлишган, – дейди Мирсаид Саидакбаров. – Ўйлаб кўринг, бировнинг 23 минг долларини олдириб қўйган одам тегишли идораларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, индамай Эронга қайтиб кетадими?

Тергов пайтида айрим масалалар ўрганилмай қолинганини ҳам айтиш керак. Масалан, Эрон фирмаси моллари Ўшда бўлган ярмаркага олиб келинганини тасдиқловчи ҳужжатлар олинмаган.

Яна бир ҳолат: туман прокуратураси тергов хулосасига чуқурроқ эътибор қаратилса, ички ишлар ходими Мирсаид Саидакбаровни қандай бўлмасин, айблашга ҳаракат қилингани сезилади.

Унинг айтишича, ўша пайтда туман прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўртасида зиддият бўлиб, Саидакбаров устидан ёзилган шикоятдан прокурор ИИБ бошлиғидан ўч олиш мақсадида фойдаланган. Бунинг устига, туман прокурори Саидакбаровни бир неча маротаба хонасига чақириб, ноқонуний топшириқ берган. Масалан, у кимнингдир фамилияси ва турар-жойи ёзилган қоғозни Саидакбаровга узатиб, «мана шуни олиб келиб, навбатчилик қисмида эрталабгача ушлайсан, сўнг олдимга олиб кирасан», дейди. У одам ким, нима айби бор, бу ҳақда бирор гап айтмайди.

Бундан ташқари, 1997 йилнинг иккинчи ярим йиллигида М.Саидакбаров бир фирибгарлик жинояти бўйича шуғулланиб, ишни терговга оширади.

Прокурор уни чақиртириб, «бу ерда жиноят аломатлари йўқ, ишни фуқаролик судига бер», дейди. «Бу ерда аниқ жиноят ҳолати бор, фуқаролик ишига тегишли эмас», деб эътироз билдиради Саидакбаров. «Сен сволочь, нега менинг кўрсатмаларимни бажармаяпсан?! Босар-тусарингни билмай қолдингми?! Нима, сен шунчалик қонуний ишлаяпсанми?», дейди прокурор...

 Бу ҳақда Мирсаид Саидакбаров ўша пайтда ИИБ бошлиғи номига билдирги ёзиб берган эди. Бу зиддиятларни ўша пайтда жиноят-қидирув бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Равшан Алматов, қидирув ишлари бўйича инспектор Шукур Ахмедходжаев ҳам тасдиқлайди. Бу ҳақда жиноят-қидирув бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Мирвали Ғуломовнинг суд баённомасида кўрсатмаси ҳам мавжуд.

Бу жиноят иши Чилонзор туман суди судьяси Г.Мелиев томонидан кўриб чиқилиб, қарама-қарши далиллар, қатор ноаниқликлар, тергов бир томонлама олиб борилгани сабабли 1998 йил 7 августда ишни терговга қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилди. Терговнинг аҳволи тўғрисида қуйидаги мисол ҳам тасаввур беради.

Умедовнинг турмуш ўртоғи Раъно Умедова судга чақирилиб, тергов пайтидаги кўрсатмасига аниқлик киритиш учун савол берилганида, у ҳеч қандай терговга чақирилмагани, терговчини кўрмаганини билдирди. Судья уни ёнига чақириб, сўроқ протоколидаги имзони кўрсатиб, «Имзо сизникими?», деганида, Раъно Умедова: «Ҳа, меники, лекин бу қоғозни эрим уйга олиб келиб қўл қўйдирганди, нима ёзилганини ўқимаганман», дейди.

Қаранг, терговчининг сўроқ протоколи манфаатдор шахс қўлига бериб юборилаяпти, у хотинига имзо қўйдириб, терговчига олиб келиб бераяпти.

Демак, сўроқ протоколида терговчи ўзига керак кўрсатмани ёзган.

Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, хулоса қилинадиган бўлса, Мирсаид Саидакбаров 1999 йилдан бери «айбим йўқ, туҳматга қолдим, илтимос, шуни холис кўриб чиқинглар. Уч нафар фарзандим, аёлим, ҳамкасбларим олдида юзим ёруғ бўлишини истайман», деб, турли идораларга ариза ёзиб, адолат сўраб юргани бекорга эмасга ўхшайди.

Ҳамма гап шундаки, бировнинг дардини биров ҳис этиши қийин. Ким унга ишонади, ким унинг ўрнига ўзини қўйиб фикрлайди, хулоса чиқаради?!

Ҳар ҳолда, бу жиноий иш қайта кўриб чиқилса, эҳтимол, Мирсаид Саидакбаровнинг ҳақлиги ойдинлашар? Агар у ростдан ҳам туҳматга учраган бўлса, бир умр алам-изтироб гирдобида қолиб яшашнинг ўзи бўлмайди...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

Таҳририятдан: Назаримизда ушбу жиноят ишида бир қатор муҳим ҳолатларга эътибор қаратилмай қолинганга ўхшайди.

Биринчидан, Эрон фуқароси Ҳусайн Ядуллоҳий Ўзбекистонга қонунга зид равишда чегарани бузиб кириб келиб, чиқиб кетаётганига ҳуқуқий баҳо берилмаётир. Ўша пайтларда динни ниқоб қилиб олган экстримистик гуруҳлар ғимирлаб қолганини ҳисобга олиб, фикрласак, бу масалага ўта диққат билан ёндошиш керак эмасмиди?

Бунинг устига, жиноят иши терговга қайтгач, терговга, сўнгра суд жараёнига чақирилишига қарамай, у келмаяпти. Чилонзор туман судяси Г.Мелиевнинг Эрон ислом жумҳурияти элчихонасига мурожаат қилиб, Ҳусайн Ядуллоҳий ва пулнинг эгаси бўлиб кўрсатма берган Ғулом Али Рухсатнинг паспорти бўйича яшаш жойи кўрсатилиб, уларни судга келишини таъминлашда ёрдам сўраб ёзган илтимосномасига элчихона консули берган жавоб хатида қидирув натижасиз чиққани, кўрсатилган манзил бўйича уларни топиш иложи бўлмагани айтилиб, узр сўралган.

Иккинчидан, 70 минг АҚШ доллари борлиги қайси хужжат билан исботланган?

Учинчидан, даъвогарлар нега 23 минг долларни талаб қилиб курашмаяпти, терговга, судга келмаяпти? Суд ҳукмида бу пулни судланувчидан ундириш масаласи нега кўрсатилмаяпти?

Бизнинг хулоса: хориж фуқароси чегарани бузиб, Ўзбекистонга қандай кириб келаяпти? Унинг шахси, кимлар билан алоқадорлиги, Ўзбекистонга нечанчи марта келгани, нега келгани аниқланмаяпти. 70 минг доллари ҳақиқатдан бўлгани тасдиқланмаяпти.

Ҳусайн Ядуллоҳий билан ўзбекистонлик М.Умедов илгаридан яхши таниш, ҳамкор бўлишган. Демак, улар бир одам. Кўрсатмаси ҳам бир. Бунинг устига Эрон фуқаролари судга келмаяпти, суд ҳукми билан қизиқмаяпти, пулни талаб қилмаяпти.

Охирги савол: Унда Мирсаид Саидакбаров нега 12 йилга ҳукм этилди?! Бу шафқатсиз ҳукм эмасми?



DB query error.
Please try later.