Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
15.01.2019

«ДЕПАРТАМЕНТ ХОДИМИМАН...»

Даврон Исоқжонов товламачилик, фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун муқаддам бир неча бор судланган. Аммо жазолардан, ҳаётдан тегишли хулоса чиқариб олмаган. У ўтган йилнинг январь ойида пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган «Фарҳод» бозори атрофида дайдиб юрганида кўзи бир дорихонага тушди. Одамлар, айниқса, ёшлар тез-тез кириб-чиқиб турибди. Сўраб-суриштириб билдики, бу ерга келувчилар шифокор рецепти асосида бериладиган «Трамадол» ва «Лирика» дориларни воситачилар ёрдамида олар экан.

Даврон бу қанақа дори эканлигини яхши биларди. Таркибида психатроп модда бор дори воситаси ҳаммага ҳам берилавермайди-ку. Миясига келган фикрдан ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетди. «Ахир, тайёр «ош»-ку! Бунақанги дори олганларнинг тили қисиқ бўлади. Ўзимни ички ишлар ёки прокуратура ходими, деб таништириб, қўрқитсам, икки қўллаб пул беришади». У шум ниятини амалга ошириш йўлини излади. Ҳаммаси ишонарли бўлиши керак. «Қўлга тушганлар» асло шубҳаланмаслиги лозим. Ўйлаб-ўйлаб йўлини топди. «Янгиобод» бозоридан 150.000 сўмга қўл кишанини сотиб олди. Юнусобод туманидаги компьютерхоналардан бирида гувоҳнома ясади. Фотосурат ёпиштириб, четига тангани қиздириб босди. Ҳужжат тайёр. Қўл кишани бор. Энди «иш»га киришса бўлади.

Шу куни Денис Рагимов ҳам «Шуҳрат» чорраҳасидаги дорихонадан шифокор рецепти асосида дори сотиб олиб, уйига қайтди. Даврон Исоқжонов таксига ўтириб, унинг ортидан «Қушбеги» даҳасига кузатиб борди. Денис машинадан тушиб, беш-олти қадам босганди, Даврон Исоқжонов унинг йўлини тўсиб, қизил гувоҳномани кўрсатди.

— Тошкент шаҳар прокуратураси ходимиман. Машинага ўтиринг, — деди Даврон Исоқжонов.

Улар тўғри Дениснинг уйига боришди.

— Ўғлингиз гиёҳвандлик дори воситасини ноқонуний сотиб олди. Бу — жиноят, — деди Даврон Исоқжонов Дениснинг онасига юзланиб. — Ўғлингизнинг устидан жиноят иши қўзғатаман. У қамалиб кетади.

Даврон шундай дея Дениснинг қўлига бозордан сотиб олган кишанни солди. «Прокуратура ходими» Денисдан анкета маълумотларини сўраб, бир нарсаларни ёзгандай бўлди. Ҳатто Денис «масала»сида «бошлиғи» билан ҳам қўл телефонида гаплашгандай бўлди гўё.

Вақт зиқ. Тезда ҳаракат қилмаса бўлмайди. Оладиганини олиши керак. «Прокуратура ходими» Дениснинг онаси билан бошқа хонага чиқиб гаплашди.

— Бу «иш»ни ёпиш учун 400 «кўки»дан берасиз, — деди Даврон Исоқжонов.

Иложсиз қолган она қўшниларидан қарз сўради. Зўрға 300 АҚШ доллар топиб, «прокуратура ходими»га берди.

Даврон Исоқжонов «ови» юришганидан хурсанд бўлиб, пулни чўнтагига солди. Ҳеч ким сезмади. Ана шу воқеадан кейин Даврон Исоқжонов кўчада эски таниши Умид Ишматовни учратиб қолди. Дарвоқе, Умид ҳам муқаддам икки марта судланганди. Гап орасида Даврон танишига қизил гувоҳномани кўрсатиб, «иш» таклиф қилди.

— Чилонзордаги «Шуҳрат»да ноқонуний дори сотилади, — деди у атрофга олазарак қараб. — Ана шу дориларни сотиб олганларни икковимиз ушлаймиз. Қўрққанидан айтган пулимизни беришади.

Умид Ишматов унинг таклифига дарров рози бўлди. «Роллар»ни ўзаро тақсимлашди.

Ўша манзилга бориб, дори сотиб олаётганларни пойлашди. Кўп ўтмай ўзига тўқ кўринган қиз чиқиб, «Кобальт»га ўтириб жўнади. Даврон билан Умид таксига ўтириб «Кобальт»нинг орқасидан кузатиб борди. Автомашина ювиш шохобчасига етганида қиз «Кобальт»дан тушди.

— Буёққа келинг, — дея Даврон нотаниш қизни олдига чақирди.

Ҳеч гапдан хабари йўқ қиз унинг олдига борди.

— Мен прокуратура Департаменти ходимиман, — деди Даврон қизил гувоҳномани кўрсатиб. — Сиз олган дорини истеъмол қилишингиз мумкин эмас. У гиёҳвандлик моддаси. Устингиздан жиноят иши қўзғатамиз. Юринг, уйингизга борамиз. Онангизга ҳам қилган ишингиз ҳақида айтамиз.

Улар машинага ўтириб, қизнинг уйига боришди. Кўп ўтмай она ҳам етиб келди.

— Нариги хонага ўтиб гаплашайлик, — Даврон қизнинг онасини таклиф қилди.

— Юринг.

— Қизингизнинг устидан жиноят иш очамиз. У ноқонуний дори сотиб олган. Жавобгарликка тортилади, — деди Даврон важоҳат билан.

Она бутунлай эсанкираб қолди.

— Ахир, бу қиз бола-ку. Жиноят иш очилса, қизимнинг шаънига яхши бўлмайди. Бу ишни бошқача йўл билан ҳал қилайлик, — деди йиғлагудек бўлиб.

— Оналарни тушунаман, — деди «департамент ходими». — Майли, сизга раҳмим келди. 1000 АҚШ доллари берсангиз, «иш» қўзғамаймиз.

Даврон 1000 АҚШ долларини олиб, шериги билан ташқарига чиққач, янги «режа» тузди. Улар ўзларини «Департамент ходими», деб таништириб, яна бир кишининг қўлига кишан солиб, ундан 7.500.000 сўм талаб қилишди. Худди шу усулда, худди шу тарзда дори сотиб олган И.Хаванесовадан 1200 АҚШ доллари, С.Тошбоевнинг онасидан 250 АҚШ долларига тенг аёллар зираги ва 850.000 сўм пул ундиришди.

Ноқонуний йўл билан текин даромад топиш узоққа бормади, албатта. Кўп ўтмай «Департамент ходим»ларининг қўлларига кишан солинди. Суд уларнинг қилмишига яраша жазо тайинлади.

 

 Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.