15.01.2019

ОИЛА БАХТИ —ЖАМИЯТ БАХТИ

«Оилага эътибор ўзлигимизга эътибордир. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз».

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти.

 

Оилаҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия қўрғони экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шу боис оила халқимизда қадим замонлардан муқаддас саналиб келинган ва шундай бўлиб қолади. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида оила ўзига хос ижтимоий бирлашмани ташкил этади. Оиланинг бу хусусияти унинг жамият манфаатлари билан боғлиқлиги ҳамда ижтимоий аҳамиятини ифодалайди.

Бугун давлатимиз Президенти ташаббуси билан олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам юртимиздаги ҳар бир инсоннинг бахтли яшашини таъминлашга қаратилган ва бу борада мисли кўрилмаган тарихий ишлар амалга оширилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Давлатимиз томонидан оилаларнинг бахтли яшаши учун яратилаётган шарт-шароит, уй-жойлар билан таъминлаш, турли ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар бериш, оилаларнинг фаровонлиги, тотувлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўта муҳим бўлиб, келгусида албатта ўз натижасини бериши шубҳасиз.

Бироқ қайд этиш жоизки, инсон бахтли яшаши биргина моддий таъминот билан боғлиқ эмас ва бахтли яшашнинг яна бир энг муҳим омили - маънавият масаласи ҳам борки, бу бутун жамоатчиликнинг эътиборида бўлиши лозим, деб ўйлаймиз.

Таниқли адиб Тоҳир Малик қайд этганидек, «... бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра, маънавий томони ортиқроқ»дир.

Дарҳақиқат, оиласидан ажрашиб, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан жудо бўлган бой одамни ва унинг оила аъзоларини бахтли деб бўлмаганидек, фақир бўлса-да оиласи, фарзандлари қобил, ўзаро меҳр-муҳаббатли оила аъзоларини бахтсиз, дея олмаймиз.

Айни пайтда ака-ука, ота-бола ёки эр-хотин ўртасида турли низоларнинг вужудга келаётганлиги, ҳатто низо сабабли бири иккинчисининг жонига қасд қилаётганлиги, ота ёки она ўз фарзандидан воз кечаётганининг асл сабаби нимада? Қорнида тўққиз ой, тўққиз кун кўтариб юриб туққан боласини пул эвазига кимларгадир бериб юбораётган аёлларнинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин?

 «Бой-бадавлат ўғил»нинг мулк илинжида ўз отасини руҳий беморлар шифохонасига жойлаштирганлиги, шифохонадан чиққач, бир хонали уйда бошқа фарзанди (қизи)га кўрсатмасдан сақлаганлиги ёки бошқа бир «бой ўғил»нинг эса бир нечта уйи бўла туриб, ўз онасини уйдан ҳайдаб чиқарганини қандай тушуниш лозим?..

Ёки, рисоладагидек турмуш ўртоғи ва фарзандлари бўла туриб, ёшроқ қизга кўнгил қўйиб, уйланиб кетган отага, оиласига хиёнат қилиб, фарзандларини ташлаб, бошқа эрнинг қўлини тутиб кетаётган аёл-онага нима бўлган?

Нега айрим эр-хотин ёки фарзанд ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётига якун ясамоқда? Оилавий низоларнинг асл сабаби нимада?

Ушбу саволларнинг бирортасига сабаб моддий томонда, деб жавоб бера олмаймиз ва шунингдек, муаммони моддий жиҳатдан, яъни пул ва бойлик билан ҳал этиб бўлмаслиги ҳам барчага аён.

Муаммо бой ўғилнинг маънавий қашшоқлигида, яъни унинг ўз вақтида олмаган меҳри ва тарбиясидаги бўшлиқда, ажрашаётган ота-онанинг масъулиятсизлигида, бағри тошлигида, яъни бир сўз билан айтганда, муаммо шахс маънавияти ва ахлоқи билан боғлиқ эканлигини кўриш мумкин.

Маълумки, жамиятдаги муаммоларни бартараф этишда жамоатчиликнинг фикри, муносабати ва саъй-ҳаракати жуда муҳим омил ҳисобланади. Оилада маънавий муҳитни яхшилаш, ота-она масъулияти ва ўзаро муносабати билан боғлиқ масалаларда, айниқса, нотинч оилалар билан ишлашга хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий маркази, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иттифоқи вакиллари, яъни кенг жамоатчилик томонидан янада кўпроқ эътибор қаратилиши лозим.

Тўғри, учрашувлар ўтказиб, «яхши яшаш керак», деб уқтириш билан муаммолар ҳал бўлиб қолмайди.

Шунинг учун, фикримизча биринчидан, мустаҳкам оилалар вужудга келиши масаласига доимий эътибор қаратиш, лозим бўлса, хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий маркази ҳамда маҳалла фаоллари томонидан жиддий жамоат назорати ўрнатилиши керак.

Бунда, асосий эътиборни ёшларга қаратиш лозим. Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида йигит-қизларни оилага тайёрлаш масаласида олиб борилаётган ишларни таҳлилий ўрганиб, чораларини кўриш зарурга ўхшайди.

Шунингдек, оила қураётган амалдаги оила қонунчилиги талаблари, хусусан, хотиннинг эрдаги ҳаққи, эрнинг хотиндаги ҳаққи, уларнинг оила ва бўлажак фарзандлари олдидаги бурчи масалалаларини кенг тушунтириш лозимлигини ҳаёт сабоқлари кўрсатмоқда.

Иккинчидан, одоб-ахлоқ, яхшилик ва ёмонлик, гуноҳ ва савоб нималиги ҳақида ёзувчи ва санъаткорлар, олим ва файласуфлар, имом-хатиблар иштирокида кенг қамровли, тизимли ҳамда таъсирчан тарбиявий иш олиб бориш лозим ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш кўпроқ самара беради.

Тинч ва аҳил яшаб, фарзандларини яхши тарбиялаб, умргузаронлик қилиб келаётган бахтли ота-оналар, уларнинг ҳаёт йўлини ибрат қилиб кўрсатиш, жамоатчилик, айниқса, ёшлар маънавиятига таъсир этувчи муҳим омил бўлиши мумкин. Зеро, ёшларда оилага муносабатни шакллантиришда биргина салбий ҳолатларни кўрсатиш эмас, балки ўрнак бўладиган мисоллар ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жамоатчиликнинг таъсир кучи самараси ҳақида бир мисол келтирай. Нотинч, ажрашиб яшаётган оила аъзолари, уларнинг ота-оналари билан Олий суд ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилаётган очиқ мулоқотларда таъсирчан йўлларни ахтаряпмиз. Масалан, аёллар ва вояга етмаган болалар жазо ўташ муассасасидан олинган видео лавҳаларни намойиш этиб, улардан айримларининг тақдирини баён қилиб бераяпмиз. Ажралиш оиладаги барча муаммолар бошланиши эканлигини тушунтиряпмиз. Отасиз ёки онасиз қолган бола руҳиятидаги салбий ўзгаришлар, тарбияси назоратсиз қолиши ва бола жиноятга қўл уриши оқибатлари ҳаётий мисоллар билан тушунтирилаяпти. Ана шундай чора-тадбирлар орқали республика бўйича 1000 га яқин ажрашган оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.

Қачонки оила аъзолари ўзаро тотув ва иноқ бўлса, улар ўртасидаги муносабатлар азалий қадриятларимизга асосланган бўлса, у оила бахтли бўлади ва жамият таянчига айланади, бахтсиз, нотинч-носоғлом оила эса жамият учун муаммолар манбаидир.

Муқаддас ҳадисда, «Мўминлар бир-бирларини севишда ва бир-бирларига марҳамат кўрсатишда бир тан-бир жонга ўхшайдилар. Таннинг бир аъзоси хасталанган пайтда бошқа аъзолар уни даъволашга ҳаракат қилади», деб таъкидланади.

Оила бахти — жамият бахти, оила муаммоси — жамият аъзолари, яъни Сиз ва бизнинг муаммомиздир!

Агарда, ажралиб кетаётган оилага «бу менинг муаммоим эмас, менга нима» қабилида эмас, аксинча, «бу — бизнинг муаммомиз», деб қарасак, бирини ака, бошқасини ука, опа-синглим десак, уларнинг фарзандларини ҳам ўз фарзандимиздек кўрсак, кимгадир моддий, кимгадир маънавий кўмак қўлимизни чўзсак, адашганга тўғри йўлни кўрсатсак ёки бир оғиз далда берсак, жамиятда ажралишлар, етим болалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кескин камайишига олиб келади.

Бир файласуф «Зиммангиздаги инсоний вазифаларни адо этинг — бахтнинг ўзи сизни излаб топади. Инсоний вазифаларни адо этиш учун эса кучли ирода талаб этилади», деб уқдирганидек, иродали киши ҳар қанча оғир бўлмасин, тўғри йўлни танлайди, ўзига, оиласига хиёнат қилмайди. Ана шу ирода, тўғрилик унга бахт келтиради, жамият ҳам бахтли бўлади.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари,

Фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: