20.12.2018

БИР ФИТНА ОҚИБАТИ

оғир бўлди, туҳматга қолган фермер қарийб икки йилдан буён айбсизлигини исботлаш учун ишдан қолиб, алам-изтиробда кураш олиб бормоқда

Абдузоҳир Зиёев Ургут туманининг Кенагас қишлоғида яшайди. Ўттиз йилга яқин собиқ Навоий жамоа хўжалигини бошқарган, Олий Мажлис, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлигига бир неча бор сайланган ҳалол, обрўли инсон. Фарзанди Анвар Зиёев 2007 йилдан буён «Навоий» агрофирмаси қошида ташкил этилган «Шаҳризода Санам» фермер хўжалигига раҳбарлик қилади. Олинган даромаддан маҳаллага ва шу ҳудудда жойлашган муассасаларга мунтазам равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келади.

Туман катталиги туфайли Абдузоҳир Зиёевнинг саъй-ҳаракати билан Ургут электр таъминоти корхонасининг ҳудудий Деҳқонобод корхонаси ташкил этилган эди. Корхона бир муддат Ургут электр таъминоти корхонаси билан бирлаштирилди, 2016 йилда яна қайта тикланди.

«Шаҳризода Санам» фермер хўжалиги ер майдони тоғ ён бағрида жойлашгани учун экинлар насос орқали суғорилади. Илгари Навоий номли ширкат хўжалигига қарашли бўлган сув чиқарадиган насос қурилмалари 2007 йилда ҳукумат қарорига асосан туман сув хўжалиги балансига барча ички насослар қатори «ноль» қийматида ўтказилиб юборилган. Бир неча фермерларга хизмат қилган бу насос қурилмаси орадан кўп ўтмай, яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Яроқсиз ҳолга келиб қолган насос қурилмасини 2009 йилда бизга топширадиган бўлишди, — дейди Анвар Зиёев. — Уни созлаб ишга туширганимиздан сўнг, «Деҳқон­обод» электр таъминоти корхонаси ходимлари келиб: «Бу трансформатор ичига ўрнатилган ҳисоблагич энди «Шаҳризода Санам» фермер хўжалиги ҳисобида бўлади. Биз барча қонуний тегишли техник ҳужжатларни қилдик, фақат сизлар сарф қилинган электр қуввати учун маблағларни тўлаб турасизлар», дейишди. Аммо «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси ходимлари ўша вақтда сохта ҳужжат тайёрлашган экан. Буни биз 2017 йилнинг 4 июлида Ургут туман мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ўтказилган текшириш натижаларидан билиб қолдик. Уларнинг ана шу айби туфайли қанчалаб вақтим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қатнаш билан ўтди. Беҳудага судланиб, жаримага тортилдим. Бундай адолатсизликлар учун кимдир жавоб бериши керакми, ахир

Насос сув қурилмаси учун ўрнатилган трансформаторда Анвар Зиёевга ва ижарачи Асад Йўлдошевга тегишли ҳисоблагичлар мавжуд. Трансформатордаги иккита калитнинг бири Асад Йўлдошевда, иккинчиси эса фермер хўжалиги насосчилари Бўрон Юсупов ва Исмат Аҳмедовда бўлган.

2017 йилнинг 4 июлида трансформаторнинг сўрғичи бузилиб, номаълум шахслар томонидан ҳисоблагичлар алмаштириб қўйилган. Хўш, Анвар Зиёев ва ижарачи Асад Йўлдошевга тегишли ҳисоблагичларни ким алмаштирди? Бунинг устига, фермерга тегишли ҳисоблагичда 14 миллион сўмдан зиёдроқ қарздорлик бўлган, ижарачига тегишли янги ҳисоблагичда эса «ноль» кўрсаткичи турибди. Бу ҳисоблагичлар қаердан келиб қолди ва нима мақсадда алмаштирилди? Ҳисоблагичлар «Шаҳризода Санам» фермер хўжалиги томонидан алмаштирилган, дейиш мантиққа мутлақо тўғри келмайди. Ким 14 миллион сўмдан зиёд қарздорлиги бўлган эски ҳисоблагични ўзига ва қарздорлиги бўлмаган янги ҳисоблагични ижарачи Асад Йўлдошевга ўрнатиб беради?

Бундан ташқари, фермерга тегишли бўлган 4 гектардан иборат токзор ва боғни суғоришга бунча кўп миқдорда электр энергия сарфланмайди, чунки улар йил давомида икки-уч марта суғорилади, холос.

...2017 йилнинг 4 июль куни «Деҳқон­обод» электр таъминоти корхонаси ходими Адҳам Искандаров, туман мажбурий ижро бюроси ходимлари Илҳом Қурбонов ва ­Шоҳимардон Қурбонов ушбу трансформатордаги ҳисоблагичларни Анвар Зиёев иштирокисиз текшириб, унга тегишли ҳисоблагичнинг сўрғичи бузилгани ҳақида далолатнома тузишган.

Кейин Илҳом Қурбонов катта кўчадаги ресторанда тушлик қилаётиб, Абдузоҳир Зиёевга қўнғироқ қилиб, шу ерга бирровга келиб кетишни сўраган. У келгач, ўғли раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги туман электр тармоқлари корхонасидан 126 миллион сўм қарздорлиги борлигини, шуни ўзаро келишиб, тўғрилаб беришини айтган. Кейин маълум бўлишича, электр ҳисоблагич алмаштирилгани баҳона қилиниб, трансформатор ҳар куни ишлатилган, деб ҳисобланган ва катта миқдорда ўртача қарздорлик далолатномаси тузилган экан. Аслида фермер хўжалигининг электр таъминоти корхонасидан 7 миллион сўмдан зиёдроқ қарздорлиги бўлиб, Абдузоҳир Зиёевнинг шахсан ўзи 5 миллион сўмдан кўпроғини тўлаб қўйган эди. Шунинг учун Илҳом Қурбоновнинг «таклиф»ини инкор қилган.

Абдузоҳир Зиёев билан келишолмаслигига кўзи етган Илҳом Қурбонов «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» ОАЖ инспектори Қосим Хўжамуродов ҳузурига бориб, воқеани баён қилади ва уни шу ишга бош қўшишга ундайди. Абудузоҳир Зиёевни яхши танийдиган инспектор бу гапларга ишонмайди ва Илҳом Қурбоновга, агар бу ишнинг асоси бўлмаса, у билан курашмасликни маслаҳат беради.

Қосим Хўжамуродовдан ҳам «ёруғлик» чиқмагач, у ғаразли ишга қўл уриб, қалбаки ҳужжат асосида тузилган далолатномани Жиноят ишлари бўйича Ургут туман прокуратурасига топширади.

Дарвоқе, Илҳом Қурбонов ҳақида икки оғиз сўз. Айтишларича, у илгари Ургут туман ички ишлар бўлимида фаолият кўрсатган, ишдан урилиб, судланган. Озодликка чиққанидан кейин бир муддат туман электр таъминоти корхонасини бошқарган. Кейин туман мажбурий ижро бюросига ишга ўтган. Янги ишга ўтиши биланоқ «Деҳқонобод» электр таъминоти ходими Адҳам Искандаровни ёнига олиб, Анвар Зиёев фермер хўжалигига хизмат кўрсатаётган трансформатор кўрсаткичини текширишга келади. Ана шундан сўнг можаро бошланади.

2017 йилнинг 5 декабрида Ургут туман прокуратураси терговчиси вазифасида иш ўрганувчи Азамат Нарзиев томонидан Анвар Зиёевга нисбатан «Жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида» қарор қабул қилинади. Тергов давомида Зиёевлар талаб қилган гувоҳлар сўроққа чақирилмайди. Илгари амалга оширилган тўловлар билан электр ҳисоблагичнинг кўрсаткичи солиштирилиб, ҳисоб-китоб қилинмайди. Терговчи ҳисоблагич сўрғичи атайлаб бузилган ва алмаштирилган, деган айбловни илгари суради.

Иш шу даражага бориб етадики, прокуратура томонидан қарор чиқарилиб, гўё «эски ҳисоблагич»ни топиш мақсадида Анвар Зиёев ва отасининг уйида тинтув ўтказишади. Шундан кейин Анвар Зиёевга «...электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келиши натижасида «Деҳқон­­обод» электр таъминоти корхонаси манфаатларига 28.306.200 сўм миқдорида зарар етказган» ва «кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилган»и сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан айблов қўйилади. Ургут туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси У. Ҳамдамов бу қарорни тасдиқлайди.

Анвар Зиёев туман прокуратураси терговчиси вазифасида иш ўрганувчи Азамат Нарзиев томонидан қабул қилинган қарор билан танишиб, унда келтирилган далилларни инкор қилади ва ҳужжатга «рози эмасман», деб имзо чекади.

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан 2018 йил 26 мартда ўтказилган суд мажлисида ишга алоқадор гувоҳлар чақирилмайди. Суд асосан тергов материалларига суяниб, «Деҳқон­обод» электр таъминоти корхонасига қасддан 25 миллион сўм зарар етказилгани ва Анвар Зиёев томонидан қопланиши ҳақида ҳукм чиқаради ва унга бир йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланади.

Анвар Зиёев суд ҳукмидан норози бўлиб, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясига ариза ёзади. 2018 йил 12 июнда суд мазкур ишни кўриб чиқиб, қарорни ўзгаришсиз қолдиради. Фермер адолат истаб яна турли идораларга мурожаат қилади...

 Шу орада электр таъминоти корхонаси ходими Адҳам Искандаров Анвар Зиёев билан бўлган суҳбатда «Хато иш бўлди», деб ундан узр сўрайди. «Бу масалани кўтариб, тортишиб юрманг, ўзим ҳисоб рақамингизга 50 миллион сўм ўтказиб бераман», дейди. Ҳар ҳолда, виждони қийналган бўлса керак.

2018 йилнинг 25 июнида бу ишни Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди фермернинг иштирокисиз кўриб чиқади ва ундан Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига 5 760 791 сўм қарздорлик ундирилиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради.

Анвар Зиёев ўз навбатида қарордан норози бўлиб, «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси томонидан 2018 йил 1 июль ҳолатига тузилган солиштирма далолатнома асосида кассация шикояти билан яна судга мурожаат қилади.

Бу сафар Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди 2018 йил 5 августда ўтказган очиқ мажлисида Ургут туман «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси томонидан 2018 йил 7 августда тузилган солиштирма далолатнома асосида Анвар Зиёев раҳбарлик қилаётган «Шаҳризода Санам» фермер хўжалигининг электр энергиясидан қарзи мавжуд эмас, деган қарорга келади. Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг жавобгар Анвар Зиёевга нисбатан қарзни ундириш ҳақидаги даъвоси рад этилади. Аммо жиноят ишлари бўйича суд ҳукмига кўра, Анвар Зиёев судланган бўлиб қолаяпти...

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб иш кўриш суд-ҳуқуқ идоралари ходимларининг устувор вазифасига айланмоғи талаб этилмоқда. Бу борада ўзгаришлар сезилмоқда, одамлар суддан миннатдор бўлаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо ҳали ҳамон ўзига тегишли хулосалар чиқариб олмаган судьялар учраб тургани суд обрўсига путур етказмоқда.

Хўш, фермер Анвар Зиёев оқланадими, йўқми? Унга нисбатан қасддан уюштирилган фитна бошида турганлар жавобгарликка тортиладими, йўқми? Ёки ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қоладими? Бу саволларга мутасадди идоралар адолатли жавоб топади, деб ўйлаймиз. Бунинг учун масалани диққат билан холис кўриб чиқиш керак.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: