25.09.2018

ОЛИЙ СУД РАИСИ ЧЕККА БИР ТУМАНДА ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Унда 58 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди

Қўшработ туманида миш-миш тар­қалди:

 — Олий суд раиси туманимизга келиб, қабул ўтказармиш, одамларнинг дардини эшитармиш...

 Лекин бу гапларга биров ишониб, биров ишонмади.

— Бўлмаган гап, бирорта судья келса керак-да, энди кимсан Олий суднинг раиси Қўшработдек бир чекка туманга келармиди, деганлар кўп бўлди. Айримлар «Шу гапга ишониб бўладими, Олий суд раиси узоқ бир туманга келганини шу чоққача ким кўрган? — деди.

Аслида эса бу хабар миш-миш эмас, ҳақиқат эди.

Ҳозир Олий суд раҳбарияти республикамизнинг чекка-чекка туманларида бўлиб, кўчма қабуллар ўтказишни йўлга қўймоқда. Аммо одамларнинг ишонмаслигига ҳам асос бор. Биринчидан, улар шу пайтгача бунақа қабулни кўришмаган. Иккинчидан, Олий суд раҳбариятининг кўчма қабул ўтказиши дунё тажрибасида ҳам йўқ. Ўзбекистон Олий суди раисининг шахсан ўзи энг узоқ туманларда бўлиб, одамларни қабул қилиши мамлакатимиз аҳолиси учун ҳам янгилик.

Самарқанднинг энг узоқ тумани, ҳудуди дашту далалардан иборат, қишлоқлари бир-биридан анча олисда жойлашган Қўшработда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов туман аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.

Қабул туман марказининг сўлим масканларидан бири, ажойиб боғда ташкил этилдики, у ерда Олий суд раисига мурожаат қилувчиларнинг эркин кириб-чиқишлари, тадбир қатнашчиларининг Олий суд раиси фикрларини тинглашлари учун қулай имконият яратилган эди.

Тадбир аввалида раис юртимизда Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил тўхталди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони аҳамияти ҳақида гапириб берди. Ушбу Фармон суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берганлигини айтди.

— Судда кимдир ютади, кимдир ютқазади, — деди К.Комилов. — Албатта, ютган одам суднинг адолатли бўлганини гапирса, ютқазган бунинг аксини айтади. Шу боис лозим даражада суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида видеоконференция, аудиоёзув ва онлайн усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда.

Ушбу қабулда биз — жур­налист­лар ҳам иштирок этдик. Очиғи, қабулга келганлар кўп эди. Улар орасида бош­қа туманлардан келганлар, ҳатто, қўшни Навоий вилояти вакиллари ҳам бор эди.

Қабулга бир отахон кирди. Юз-кўзидан асабийлашаётгани, нимадандир қаттиқ норозилиги кўриниб турарди. Масала оилавий можаро бўлгани сабабли отахон кимлигини ёзишни лозим топмадик. Раис унинг гапини диққат билан тинглади. Сўнгра, ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Масаланинг ҳал этиш тартибини тушунтирди. Отахоннинг юзлари ёришди.

         Қабулдан мамнун бўлиб чиқаётган 50 ёшлар атрофидаги фуқарони саволга тутамиз:

— Қандай масала бўйича мурожаат қилдингиз ва жавоб сизни қониқтирдими?

— Мен Абдуманнон Эрназаровман. Қўшработ туманининг Қўштам­ғали маҳалласида яшайман, дея ўзини таништирди у. – Акам Очил Эрназаров 40 йилдан буён Ургут туманидаги руҳий касалликлар шифохонасида даволанар эди. Яқинда у кишини уйга бутунлай қайтаришди. Ҳозир ёши 60 дан ошган. Аммо бирорта ҳужжати йўқ. Унга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун идорама-идора, архивма-архив юриб, чарчадим. Қабулда бу муаммо бўйича маъмурий судга мурожаат қилишим кераклиги тушунтирилди ва ишим ҳал бўлишини айтди. Жуда хурсанд бўлдим.

— Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди ва вилоят судининг қарорига нисбатан назорат тартибида шикоят аризаси билан мурожаат қилдим, — дейди фуқаро Рената Галиева. – Мутахассислар менга ҳужжатларни иловалари билан тўлиқ топшириш ҳақида тушунча беришди. Албатта диққат билан кўриб чиқамиз, дейишди.

Яна бир фуқаро Феруза Назар­қулова ўзига берилган ҳуқуқий маслаҳатдан қониқиш ҳосил қилганини айтди. Уни анчадан буён ҳовли-жой масаласи қийнаб келган. Олий суд раиси масала тез кунда қонун доирасида кўриб чиқилишини билдирди.

Қабулда Олий суд раиси ва судья­лар томонидан аҳолининг 58 мурожаати эшитилиб, 21 мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ҳамда тушунча берилди. Ўрганиш талаб этиладиган 37 мурожаатнинг кўриб чиқиш муддати белгиланди.

Энди ўйлаб кўрайлик, қабулда бўлган шунча одам Олий суд раисига дардини айтиш учун неча юз километр йўл босиб, республика пойтахти – Тошкент шаҳрига бориб келиши, қабулига ёзилиб, бир неча кун навбат кутиши керак эди. Вақт, харажатдан ташқари асаббузарликни айтмайсизми? Олий суд томонидан йўлга қўйилган бундай қабуллар одамларни ортиқча ташвишдан, ортиқча харажатдан қут­қазаяпти. Энг муҳими, одамларнинг суд тизимига бўлган ишончини, ҳурматини ошираяпти.Суд раиси ҳам фуқаролар дардини судьялардан эмас, балки уларнинг ўзидан эшитмоқда. Бундай қабуллар ўз навбатида раисга суд-ҳуқуқ ­ислоҳотлари жойларда қандай амалга ошаётгани, одамлар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинаётгани тўғрисида аниқ маълумот беради.

Қўшработда ташкил этилган кўчма қабул буни яна бир бор исботлади.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.