Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
13.09.2018

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ИНСТИТУТИ 25 ЁШДА

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Маданият саройида Ёнғин хавфсизлиги институтининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирликлар, қўмиталар ва олий ўқув юртлари мутасаддилари, Ёнғин хавфсизлиги институтининг профессор - ўқитувчилари ва фахрийлари иштирок этишди.

Президентимиз томонидан 2017 йил 23 майда қабул қилинган «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тай­ёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори институтнинг ҳуқуқий мақомини оширишда, ўқув жараёнларини янада такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов таъкидлаганидек, бу ўз навбатида давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати учун кадрлар тайёрлаш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда тарихий ҳужжат бўлди.

Ушбу қарор ижроси доирасида ўтган давр мобайнида Ички ишлар вазирлигининг 6 буйруғи ҳамда 80 фан дастури янгидан ишлаб чиқилди. Ўқув-тарбия, илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида 11 меморандум, тегишли ишлаб чиқарувчи йирик корхона, ташкилот ва муассасалар билан 45 ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ўтган 25 йил мобайнида таълим муассасасида 7 500 нафардан зиёд малакали мутахассис тайёрланиб, улар мустаҳкам ирода, жасорат ва мардлик намунасини амалда намоён этиб, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулкини ёнғиндан ҳимоя қилиб келмоқда.

Бугунги кунда институт профессор-ўқитувчилари таркибида 2 нафар академик, 5 нафар фан доктори ва 20 га яқин фан номзоди фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ўтган йиллар давомида 250 дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланмалари, кўплаб монография ва тавсиялар ҳамда ёнғин хавфсизлиги нормативлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, ҳозирда амалиётда кенг қўлланилмоқда. Соҳадаги технологияларнинг замон талабларига ҳамоҳанглигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, институт ходимлари томонидан сўнгги йилларда 30 дан ортиқ ихтирога патент олинди.

Бугунги кунда институт профессор-ўқитувчилари давлат органлари мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда ёнғин натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган мудҳиш оқибатларнинг олдини олиш мақсадида республикамиз вилоятларида сай­ёр ўқув-машғулотлари ўтказмоқда, Ҳозирга қадар бундай кўргазмали ўқув тадбирларида 10 мингдан ортиқ давлат ёнғин хавфсизлиги ходими қатнашиб, 4 мингга яқин турли ташкилот ва корхоналарнинг ёнғин хавфсизлигига масъул раҳбар ҳамда ходимлари ўқитилди.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб бориш, замонавий илм-фан ютуқлари ва илғор тажриба асосида ходимларнинг малакасини тизимли равишда ошириб бориш мақсадида институт томонидан Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси, Япония ва бошқа чет давлатларнинг 9 турдош олий ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатилди, — дейди Ёнғин хавфсизлиги институти катта ўқитувчиси Лазиз Раҳматов.

Дарҳақиқат, ҳозирда дунёда шиддат билан ривожланиб бораётган ишлаб чиқариш жараёнлари, глобал иқлим ўзгариши, техноген ва фавқулодда ҳолатларнинг тобора кўпайиб бораётганлиги, ерости ресурсларининг фаол ўзлаштирилиши ёнғин хавфсизлиги техника ва технологияларини доимий равишда такомиллаштириб боришни ҳамда соҳада замонавий билимга эга юксак малакали кадрларни тайёрлашни тақозо этмоқда.

Тадбир муносабати билан ушбу олий таълим муассасасида садоқат билан хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар рағбатлантирилди.

Тадбир якунида Ички ишлар вазирлигининг ашула ва рақс ансамбли ҳамда республикамизнинг истеъдодли хонандалари ижро этган куй-қўшиқлар йиғилганлар кўнглига ҳақиқий байрам шукуҳини бағишлади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.