Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
24.07.2018

ЖАМОАТ ЖОЙЛАРИДА ЧИЛИМ ВА ЭЛЕКТРОН СИГАРЕТАЛАР ЧЕКИШНИ ЧЕКЛАШ –

фуқаролар соғлиғини сақлашнинг муҳим омили

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида аҳоли, айниқса, ёшларнинг соғлиғи ва саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида», «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тар­қатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунлар ва бир қатор қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

2018 йил 2 июлда Ўзбекис­тон Республикасининг «Жамоат жойларида чилим ва элек­трон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши ҳам фуқаролар соғлиғини чилим ва электрон сигареталар чекишнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий шароитларини яратиш борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Авваламбор Қонунда чилим ва электрон сигареталарга нималар кириши аниқ белгилаб қўйилди. Яъни, чилим бу — тамаки чекиш ёки таркибида тамаки бўлмаган чекиладиган қоришмани (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) истеъмол қилиш учун фойдаланиладиган асбоб бўлиб, унда аэрозоль (буғ) ёки тутуқ суюқлик солинадиган идиш (чилим сувдони) орқали ўтади. Электрон сигарета эса — никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиш воситаси сифатида фойдаланиладиган, нафас олиб ютиш учун мўлжалланган аэрозоль (буғ) ҳосил қиладиган электрон мосламадир.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, чилим дастлаб Ҳиндистонда пайдо бўлиб, кейинчалик тез суръатларда Ҳинди-Хитойдан Марокашгача бўлган ҳудуддаги давлатларда кенг тар­қалган, XIX асрда эса, ­Европада оммалашган ҳамда уларни истеъмол қилиш оқибатида турли юқумли касалликлар тарқалаётганлиги боис, дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Франция, Австрия, Италия, Германия, Туркия, Қувайт, Украина каби давлатларда ҳам тақиқланган. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига кўра, чилим ва электрон сигареталарни мунтазам истеъмол қилиш юрак касалликларига, ўпка ва ошқозоности бези саратонига сабаб бўлади.

Мазкур Қонун асосида жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир бешта чора-тадбирлар белгиланди. Биринчидан, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўймаслик. Бунда жамоат жойларининг рўйхатига 12 тоифадаги объектлар киритилди, булар — стационар савдо объектлари, шунингдек умумий овқатланиш корхоналари; оммавий дам олиш учун мўлжалланган ёпиқ турдаги масканлар — кинотеатр, театр, цирк, концерт, кўргазма заллари; кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган жойлар) — клуб, дискотека, компьютер заллари; музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар; жамоат ва йўналишли транспорт воситаларида — поезд, кема, ҳаво кемаси, автобус, такси, шаҳар электр транспортида; йўл инфратузилмаларида — ерости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари, авто­транс­порт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари; давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг бинолари; соғлиқни сақлаш, таълим муассасаси ва ташкилотларида, жисмоний тарбия ва спорт иншоотлари; иш жойлари хоналари; кўп квартирали уйлар йўлаклари, уй олди ҳудудларида жойлашган болалар ва спорт майдончалари; хиёбонлар, боғлар, кўчалар ва бошқа жамоат жойлари.

Ушбу қоидалардан истисно тариқасида чилим ва электрон сигареталар учун махсус ажратилган хоналарга эга бўлган савдо объектлари, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида чилим ва электрон сигареталар чекишга, шунингдек, уларни чекишга, фойдаланишга бериш рухсат этилганлигини таъкидлаш лозим. Айни дамда мазкур ажратилган хоналарнинг жиҳозларига, чилим ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тартибига, чилимларни санитария жиҳатдан тозалашга ва чекиладиган қоришмаларни сақлашга ҳамда тамаки ва чекиладиган қоришмага доир гигиеник талаблар қонун ҳужжатларида белгиланиши кўзда тутилган.

Иккинчидан, чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишга йўл қўймаслик. Қонунга мувофиқ, чилим ва электрон сигареталарни реклама қилиш, яъни уларни чекиш усуллари ва йўллари, шунингдек, уларни олиш жойлари тўғрисидаги маълумотларни тарқатишга қаратилган фаолиятга йўл қўйилмайди.

Қолаверса, чилим ва электрон сигареталар чекишни тар­ғиб қилиш, яъни чилим ва электрон сигареталар чекишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги тўғрисидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлар ҳам тақиқланади.

Учинчидан, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланиши кўрсатилган. Бундай масъул шахс­лар сифатида корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, ўз тасарруфида ҳудудлар, бинолар, иншоотлар ва жамоат жойларида жойлашган бош­қа объектлар, шунинг­дек, юқорида кўрсатилган транспорт воситалари бўлган шахслар белгиланган. Ушбу шахслар зиммасига учта асосий мажбурият юкланган: ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларини бажариш; жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекаётган шахсларни бунга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириши, ҳуқуқбузарлик давом эттирилган тақдирда эса, ички ишлар органларига хабар бериш; ҳаммага кўринарли жойга, шу жумладан, кириш жойларида, транспорт воситаларида ва бош­қа объектларда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи лавҳаларни жойлаштириш.

Тўртинчидан, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхона, таълим муассасалари ва бошқа муассасалар ўз ваколатлари доирасида чилим ва электрон сигареталар чекишнинг салбий таъсири профилактикаси, жамоатчилик онгида чилим ва электрон сигареталар чекишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича комплекс ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа чораларни амалга оширадилар.

Бешинчидан, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир сўнгги чора-тадбир — бу борадаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратнинг ўрнатилиши. Қонунга асосан ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратни ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадилар.

Қонун расмий эълон қилинганидан кейин уч ой ўтгач, яъни жорий йилнинг 3 ок­тябридан кучга кириши белгиланган. Бу ҳам тадбиркорлик субъектлари ва жамоатчиликка ўз фаолиятларини ушбу қонун нормаларига мос ҳолда ташкил этишлари учун имконият беради.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишнинг чекланиши фуқаролар соғлигини турли салбий одатлар ва амалларнинг зарарли таъсири ҳамда оқибатларидан муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, баркамол ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

 

Нодиржон ХАЙРИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.