10.07.2018

СОХТАЛИК ТАСДИҚЛАНДИ: Аммо муаммо узоқ йиллар чўзилса-да, ҳал этилмади

Фуқаролар муаммоли вазиятни ўзаро еча олмасалар судга мурожаат қилишади. Мақсад — низони адолатли, холис ҳал қилиш. Келинг, батафсилроқ тўхталиб ўтайлик. «Зайнаб» фирмаси 2000 йил 20 ноябрда «5-сон қурилиш трести майдони» очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ)дан шартнома орқали Самарқанд шаҳар Х.Асадова кўчасида жойлашган омборхона биносини сотиб олди. Омборхонадан фойдаланиш учун, албатта, унга олиб борувчи ва атрофдаги ерлар бўлиши талаб қилинар эди. Шу боис ОАЖ ҳам, бинонинг янги эгаси ҳам бино атрофидаги ер майдонини ажратиб беришни сўраб ҳокимликка мурожаат қилди. Кўп ўтмай (2000 йил 29 декабрь) собиқ Темирйўл туман ҳокимининг қарори билан ­омборхона жойлашган ҳудуддан «Зайнаб»га 0,44 гектар ер майдони ажратилди. Ер кадастр ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилиб, гувоҳнома олинди. Эгалик ҳуқуқи пайдо бўлган «Зайнаб» фирмаси омборхонани таъмирдан чиқарди. Ундан фойдаланишга киришди.

Бироқ орадан 4 йил ўтгач, «Зайнаб»га ажратилган ер майдонининг бир қисмида янги эга пайдо бўлди. У омборхонага кириб-чиқиш йўлини тўсиб, қурилиш ишларини бошлади. Маълум бўлишича, янги мулкдор — Бахтиёр Розиқовга Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан 0,06 гектар ер ажратилган экан.

Ўртадаги англашилмовчиликка аниқлик киритиш учун шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилинди. Қурилиш тўхтатилди.

Аммо орадан бир муддат ўтиб, қурилиш ишлари яна бошланди. Бу гал мулкдор бош­қа фуқаро — Жамол Воҳидов эди. «Ерни мен Б. Розиқовдан сотиб олганман», деди у. Хуллас, тортишувлар авж олди. Чунки икки томонда ҳам қарор бор — бирида ­Темирйўл туман ҳокимининг 2000 йил 29 декабрдаги қарори, иккинчисида Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2004 йил 29 мартдаги қарори.

Низо судга кўчди. «Зайнаб» фирмаси директори Т. Мамаризаева даъво аризасида суддан Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилиб, ўзбошимчалик билан қурилган 15 метрдан иборат деворни бузиб, ер майдонини олиб беришни сўради. Бахтиёр Розиқов билан Жамол Воҳидов эса ўзларида эгалик ҳуқуқи бўлмаса-да, собиқ Темирйўл тумани ҳокимининг қарорини бекор қилиш ҳақида қарши даъво билан чиқди.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 2007 йил 8 октябрдаги қарори билан Т. Мамамирзаева даъвоси рад қилинди. Б. Розиқов ва Ж. Воҳидовнинг қарши даъвоси эса қаноатлантирилди. Кассация босқичи судида қарор ўзгаришсиз қолди. Шундан сўнг кассация ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кассация тартибида кўриш тўғрисидаги Олий суд раиси ўринбосари томонидан киритилган протест қаноатлантирилди. Иш 2008 йил 30 декабрда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация босқичида кўриб чиқилиб, биринчи босқич суди қарори ўз кучида қолдирилди.

Хуллас, суднинг тўхтамига кўра, «Зайнаб» фирмасига ер майдони асоссиз равишда ажратилган ва шунинг учун у бекор қилиниши лозим. Суд собиқ Темирйўл ҳокимининг қарорини бекор қилишда, жумладан, қуйидаги асосларни келтирди: Масалан, суд кадастр хизмати мутахассиси Ғ. Мелиқуловнинг «Зайнаб»га ер майдони ажратиш тўғрисидаги далолатнома ва чизмалар мавжуд эмаслиги, айнан қайси ҳужжатларга асосан кадастр ҳужжатлари берилгани номаълумлиги ҳақидаги кўрсатмасига таянган.

Суд қарорида яна таъкидланишича, Б. Розиқовга тегишли ер майдони «Зайнаб» фирмасига берилган ер майдонидан таш­қарида жойлашган. Шунингдек, суд низоли жойга чиққанда, даъвогар қайси ер участкаси ўзига берилганлиги ҳақида ҳужжат тақдим қила олмаганлиги, аксинча Б. Розиқовга ўлчаб берилган ер чегараси газ қувури ва бетон тўсиқ билан исботини топганлиги қайд қилинади.

— Юқоридагиларнинг барчаси пуч ва улар «Зайнаб»га ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга асос бўла олмайди, — дейди фирма таъсисчиси Юсуф Мамаризаев. — Аввало Ғ. Мелиқуловнинг кўрсатмаларини олайлик. Агар у кишининг гапи бўйича чизма ва далолатномалар, керакли ҳужжатлар қилинмасдан, чегаралар аниқланмасдан ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилиб, гувоҳнома олинган бўлса, бу энг аввало кадастр хизмати ходимларининг айби-ку. Бир ер майдонига икки фуқарога эгалик ҳуқуқини беришга йўл қўйганлиги учун айнан Ғ. Мелиқулов интизомий жазога тортилди. Ваҳоланки, «Зайнаб»га ажратилаётган ер майдони чегараси акс эттирилган чизма собиқ Темирйўл тумани ер тузиш хизмати ходими А. Марупов томонидан қарор чиқмасдан ўн кун илгари тайёрланган эди. Бу чизмага туман архитектори А. Шукуров, «5 – сон қурилиш трести майдони» ОАЖ раҳбари ва Самарқанд шаҳар бош архитектори имзо чекиб, муҳр билан тасдиқлашган. Ғ. Мелиқуловнинг сўзларини инкор қилувчи барча ҳужжатларни судга тақдим қилганмиз. Лекин улар эътиборсиз қолган. Ҳатто кадастр ҳужжатларининг учдан икки қисми иш жилдига тикилмаган.

«Зайнаб» ер участкаси қаердан ажратилганлиги ҳақида ҳужжат кўрсата олмади, Б. Розиқовнинг ер чегаралари эса газ қувури ва бетон тўсиқлари билан исботини топди, деган гапларга мутлақо қўшилиб бўлмайди. Негаки, кадастр ҳужжатлари ва ер чизмалари иш ҳужжатларида мавжуд. Уларда «Зайнаб»га ажратилган ер майдони қаердан, қанча ажратилганлиги, чегараси ва ҳо­казолар акс эттирилган. Шуниси қизиқки, Б. Розиқовга шаҳар ҳокими қарори билан ер ажратилган 2004 йилда ушбу низоли жойда ҳеч қанақанги газ қувури ва бетон тўсиқ йўқ эди. Улар 2006 йилда қурилди. Самар­қандгаз корхонасидан олинган маълумот ҳам буни тасдиқлайди. Шундай экан, Б. Розиқовга ажратилган ер майдони чегараларининг газ қувурлари ва бетон тўсиқлар билан исботини топганлигини қандай тушуниш керак?

Б. Розиқовга ажратилган ер майдони «Зайнаб» фирмасига берилган ердан гўёки ташқарида эмиш. Унда собиқ Темирйўл тумани ҳокимининг қарорини бекор қилишдан мақсад нима? Қолаверса, низолашишнинг нима кераги бор?

Кишини ўйлантирадиган яна бир мисол. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2007 йил 8 октябрдаги қарорида ҳамда вилоят суди раисининг 2007 йил 24 январдаги хатида «Ҳозирги пайтда ер майдони Ж. Воҳидовга тегишлилиги, уни биржа орқали Б. Розиқовдан сотиб олганлиги» қайд қилинади. Аслида Б. Розиқов ерни Ж. Воҳидовга сотмаган, у бошқа фуқарога, яъни қариндоши С. Усмоновнинг имзоларини сохталаштириб сотган. Қизиқ, бизнинг бор ҳужжатларимиз йўқ дейилади, лекин бошқаларнинг оғзаки гапи асос қилиб олинади.

Рост, ушбу ер майдонини Б.Розиқов Банк­лар ассоциациясига қарашли уни­версал биржа маркази орқали фуқаро С. Усмоновга сотган. Шундан сўнг яна биржа ор­қали ер майдони Ж. Воҳидовга сотилади. Ажабланарлиси, Самарқанд вилоят хўжалик ҳисобидаги Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ДУК дан олинган хатда низоли жойдаги 0,06 га ер майдони ­Б.Розиқов номига давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги маълум қилинган. Мулкка эгалик ҳуқуқи у давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг вужудга келади. Эгалик ҳуқуқини қўлга киритмасдан туриб, уни ­тасарруф этиб бўлмайди. Демак, Б. Розиқов мулкка, ерга эгалик ҳуқуқини олмасдан уни сотган бўлиб чиқяпти. Шу жумладан С. Усмонов ҳам.

Биржадаги олди-сотди шартномасида сохталик аломати борлиги учун С. Усмоновга нисбатан 2009 йил 15 августда Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган эди. Унинг ниҳояси баъзи нарсаларга аниқлик киритарди. Тергов негадир узоқ чўзилди. Ниҳоят, 2013 йил 11 июнда Самарқанд вилоят ИИБ ТБ терговчиси, подполковник О. Тоҳиров қуйидаги қарорга келди: Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисмида кўрсатилган ижтимоий хавфли ҳаракатни содир этган С. Усмонов ва Б. Розиқовга нисбатан жиноят иши уларни жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли айблилиги масаласи ҳал қилинмай тугатилди.

— Терговнинг 4 йилу 27 кунга чўзилгани сабаби нимадалигини умуман тушунолмадим, — дейди Юсуф Мамаризаев. — С. Усмонов ва Б. Розиқовнинг қилмиши фош этилди. Улар судни чалғитиб, ёлғон кўрсатма бериб, қалбаки ҳужжат тақдим этганлиги маълум бўлди. Лекин мулк масаласи муаммолигича қолди.

«Зайнаб» фирмаси томонидан даъво талабларини тасдиқлаш учун далиллар тақдим қилинмаганлиги ва суд жойига чиқиб, иш ҳолатлари ўрганилганда, Б.Розиқовга ажратилган 600 кв. метр ер майдони ҳеч бир ташкилотга тегишли эмаслиги аниқланган, деган хулосани қандай тушуниш керак? «Зайнаб» фирмаси билан мулк эгаси — «5-сон қурилиш трести майдони» ўртасида ҳеч қандай олди-сотди шартномаси расмийлаштирилмаган ва ер майдони ўлчаб берилмаган, деган важ ҳам ҳақиқатга мутлақо зид-ку.

Ваҳоланки, Самарқанд вилоят ва шаҳар «Ермулк кадастр» хизмати томонидан суд ва прокуратурага берилган ҳулоса ҳамда маълумотларда ер майдони кадастр ҳужжатлари асосида давлат рўйхатидан ўтказилиб, «Зайнаб» фирмасига ажратилгани қайд этилган.

Энди биржа савдоси ҳақида. Республика кўчмас мулк биржаси Самарқанд вилоят филиали директор ўринбосари, савдоларни ташкил қилиш бўлими бошлиғининг шаҳар ИИБ тергов бўлимига берган маълумотида Б. Розиқов, С. Усмонов, Ж. Воҳидов томонидан имзоланган биржа битимлари бошланишидан қонунга риоя қилинмаган ҳолда тузилгани ҳамда савдога қўйилган объект биржа товари ҳисобланмаслиги қайд этилган.

«Зайнаб» фирмаси ер чизмалари, кадастр ҳужжати, давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида гувоҳнома, олди-сотди шартномаси, тўлов қоғозлари, туман ҳокими қарорига эга бўлса, яна қандай далил керак? Яна нимани исботлаш зарур? Нега ана шу ҳужжатлар эътиборсиз қолаяпти?

2000 йил 20 ноябрдаги олди-сотди шарт­номасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризалар икки марта собиқ Олий хўжалик судида кўриб чиқилиб, ушбу шарт­нома қонуний бўлганлиги туфайли жавобгарларнинг даъво талаблари рад қилиниб, иш юритуви тугатилган эди. Аммо Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлар­аро суди қарийб 10 йил илгари тузилган олди-сотди шартномасини бекор қилди. Буни қандай тушуниш керак, бунга сабаб нима?

«Зайнаб» директори Т. Мамаризаева ва фирма таъсисчиси Ю.Мамаризаев Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2007 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришни сўраб ариза ёзган эди. Фуқаролик процессуал кодексининг 362-моддасига кўра, ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун қуйидагилар асос бўлади: аризачига номаълум бўлган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, лекин иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар ишни қайта кўришга асос бўлиши керак. Бироқ 2018 йил 29 январда ФИБ Самарқанд шаҳар суди аризани рад этиш ҳақида ажрим чиқарди. Даъвогарлар берган апелляция шикояти қаноатлантирилмади.

— Суднинг ажрими билан мутлақо келишиб бўлмайди, — дейди адвокат Дилбар Ирмуҳаммедова. — Негаки, маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори ҳамда жиноят ишини реабилитация асосларисиз тугатиш ҳақидаги тергов органи ва суд ажримида қайд этилган ҳоллар қайта исботлашни талаб қилмайди. Ушбу қоидага асосан, гарчанд С. Усмонов ва Б. Розиқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқмаган бўлса-да, жиноят иши бўйича тўпланган далиллар фуқаролик ишига тўғридан тўғри дахлдор бўлганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2007 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниши лозим.

Афсуски, ундай бўлмади. Бир мулкнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш учун тергов «ўйини» давом этди. Суд йиллаб чўзилди...

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.