19.06.2018

ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН АДАШМАЙДИ

Акс ҳолда жиноятга қўл урганини билмай қолади

Бугун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган. Фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси жамиятда ҳуқуқий маданият қанчалик юксалганига боғлиқ. Бошқача айтганда, оддий фуқародан тортиб мансабдор шахсгача қонунни яхши билса, уни ҳурмат қилса, ўз ҳуқуқи ва бурчини чуқур англаса, ҳеч кимнинг ҳуқуқлари бузилмайди, жиноятларнинг олди олинади. Мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан маҳаллаларда сайёр суд ҳамда сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. Бундан мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноят ёқасига келиб қолганларни шу жиноятдан огоҳлантириш ва жиноятнинг олдини олишдир. Бугун бу сайёр учрашувлар натижасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги бирмунча ўсгани сезилмоқда.

Кўрилаётган жиноят ишлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, давлат мулкини талон-торож қилиш жинояти кундан кунга кўпаймоқда. Албатта, бугун давлатимиз томонидан тадбиркорларга катта йўл очиб бериляпти. Иқтисодиётимиз ривожланиши, аҳоли фаровонлиги йўлида яратилаётган имкониятлардан қинғир мақсадларда фойдаланмоқчи бўлганлар учраб турибди. Бундай устаси фаранглар ўзлари панада турадию, бошқаларни жиноятчига айлантириб, қонун олдида жавоб беришга мажбур қилиб қўймоқда.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий масалалари юзасидан муаммоларини тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида «Менинг маҳаллам — менинг судьям» ғояси асосида ҳам маҳаллаларда сайёр суд учрашувлари ташкил этилмоқда. Бу учрашувларда маҳалла аҳолиси билан судьялар ўртасида очиқ мулоқотлар ҳар ойда камида икки марта ташкил этилмоқда.

Масалан, сайёр суд мажлисида иши кўрилган Даврон Каримов ҳам ҳуқуқий билими йўқлиги, ўз ҳуқуқларини билмагани сабаб ана шундай сохта тадбиркорлик билан шуғулланиб, давлат мулкини талон-торож қилган шахсларнинг таъсирига тушиб, ўзи билмаган ҳолда жиноятчига айланди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш каби моддалари билан жиноят иши очилган. Суд ишни ўрганиш давомида Даврон Каримовнинг аслида фирма ишларига умуман аралашмагани, бироқ барча ҳужжатларга имзо чекиб, биргина имзосининг орқасидан ойлик маош олганини аниқлади. У ҳуқуқий билими йўқлиги натижасида биргина имзо орқасидан келган текин маош суд курсисигача етаклаб келишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Бироқ шундай бўлди. Даврон Каримовнинг имзоси билан иш юритиб, давлат пулларини талон-торож қилган шахслар эса жавобгарликка тортилмади. Жавобгарлик ва давлат ҳисобига ундирилиши керак бўлган пул эса Д.Каримовнинг зиммасига юклатилди. Чунки ҳамма имзолар унга тегишли. Аслида у нимага имзо қўяётганини ҳам англаб етмаган. Ҳатто шундай ҳолат бўлганки, бир нечта оқ қоғозга имзо қўйдириб олишган. Д.Каримов нимага имзо қўяётгани билан қизиқмаган.

Аҳоли билан сайёр суд учрашувларида биз ана шундай жиноятлар бўлмаслиги учун ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар олиб боряпмиз. Тажрибадан маълумки, жиноят содир этган кишини топиб, тергов қилиб, судлаб жиноий жавобгарликка тортишдан, уни маҳкумликда ушлаб туришдан кўра, жиноятнинг олдини олиш кўп карра осон ва ҳар томонлама фойдалидир.

Сайёр суд мажлислари, судьяларнинг аҳоли билан учрашувидан асосий мақсад эса фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишдир. Шу боис мазкур йўналишдаги ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

 

Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси.



DB query error.
Please try later.