12.06.2018

АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ БОР, ДАЛИЛ-АШЁЧИ?

ҲУЖЖАТЛАРНИНГ «ГАПИРИШИЧА», ЖИНОЯТ ИШИ АСОССИЗ ҚЎЗҒАТИЛГАН

Таҳририятга ёрдам сўраб, мурожаат этган ҳар бир киши ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатади, «адолат борми ўзи?» деган саволни ўртага қўяди. Аризалар ўрганилганда, уларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ бўлиб чиқавермайди. Аммо Шарифжон Каримов аризаси кишини ўйга толдиради.

 

У 1986 йилдан ички ишлар идоралари тизимида ишлаб келиб, 2011 йил 22 апрелдан Янгийўл тумани ИИБ ҲООБ озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бўлинмаси бошлиғи бўлган. Иш фаолияти давомида раҳбарият томонидан рағбатлантирилиб борилган. Тизимда 29 йил ишлаб, майор унвонига эришган.

Бироқ унга нисбатан 2013 йил 14 ноябрда Янгийўл туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 208-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Хўш, Шарифжон Каримов қайси қилмиши учун жавобгарликка тортилди? Унинг айби нимада эди? Эътибор беринг, ЖКнинг 208-моддасига кўра, ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслик назарда тутилган. Бир қарашда Шарифжон Каримовга қўйилган айблов асослидек... Бироқ «иш»даги ҳужжатларни синч­ковлик билан, ҳар томонлама тўлиқ ва холисона ўрганган кишида бир қатор ҳақли саволлар туғилади.

Бўлинма бошлиғи 2013 йил 1 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судига хабарнома орқали мурожаат қилиб, ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган 6 нафар маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётгани сабабли уларнинг жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартириш хусусидаги ҳужжатларни тақдим қилган. Унинг мурожаатидан сўнг ЖИБ Янгийўл туман суди судьяси Р. Лутфуллаев 2013 йил 6 ноябрда 6 нафар маҳкумга нисбатан қидирув эълон қилади, улар ушлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ 1-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштириш ҳақида ажрим чиқаради. Орадан кўп ўтмай, яъни 2013 йил 14 ноябрь куни Шарифжон Каримовга нисбатан Янгийўл туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди.

— Айбим нима, ҳалигача тушунмайман, — дейди у. — Ваҳоланки, менга нисбатан Янгийўл туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари бошланганида 6 нафар маҳкумга нисбатан юритилган йиғма жилд прокуратура органи томонидан олинган эди. Мазкур йиғма жилдда маҳкумларга нисбатан ЖИБ Янгийўл туман судининг 2013 йил 6 ноябрда қидирув эълон қилинганлиги ҳақидаги ажрим ҳам тикилган эди. Шундай бўлса-да, туман прокуратураси томонидан бўлинма ходимларига нисбатан 2013 йил 14 ноябрь куни ЖКнинг 208-моддаси билан асоссиз тарзда жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу жиноят ишининг қўзғатилишига ЖПК 322-моддасининг 4-банди асос қилиб олинди. Яъни жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва изларни суриштирув органи, суриштирувчи, терговчи, прокурор, шу­нинг­дек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг ўзи бевосита аниқлаши кўрсатилган.

— Дастлабки терговни олиб борган Козимбек Гозиев, ундан кейин мени тергов қилган Бекзод Каримов ЖПК 322-моддасининг 4-бандидаги қонун нормаларига риоя қилмай, фақат айблаш томонда турди. Маҳкумларга нисбатан тўпланган йиғма жилдларга холисона, ҳуқуқий баҳо бермасдан тергов ҳаракатларини олиб боришди. Натижада менга амнистия актини қўллаш ҳақида 2014 йил 23 январда туман прокурори томонидан ЖИБ Янгийўл туман судига илтимоснома киритилди. Ҳаммаси ғараз ниятда қилинди.

— Нега шундай деб ўйлайсиз? Ахир, гумонланувчи сифатида сизни сўроқ қилиш баённомасида айбингизни бўйнингизга олган экансиз-ку, — дедик унга.

— Тўғри. Ўша вақтда айбсиз эканлигимни исботлай олмасдим. Чунки Янгийўл туман прокурори ИИБ раҳбарлари билан ўзаро келишолмай қолган эди. Ички ишлар ходимларига нисбатан таз­йиқлар ўтказа бошлаганди. Прокурор мендан қидирув эълон қилинган 6 нафар маҳкумнинг ­йиғма жилдини олиб кел, деди. Олиб бордим. Унда суднинг маҳкумларни ушлаб, уларни озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ажрими ҳам бор эди.

— Нега сен қасддан жазони ўтамаётган маҳкумларга нисбатан белгиланган тартиб асосида судга тақдимнома киритиб, уларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирмадинг, қидирув эълон қилдирмадинг. Ёки бунга бошлиқларинг қаршилик қилиб, розилик бермадими, — деб зуғум қилди туман прокурори.

Мен бошлиқларимга қарши асоссиз кўрсатма бермайман, деганимдан кейин прокурор туман ИИБдан конвойларни чақириб қамагин, деб буйруқ берди. Кўп ўтмай конвойлар автомашинаси билан туман прокуратурасига етиб келди. Тўғриси, мен қамалиб кетишдан қўрқдим. Шундан кейин прокурорнинг тазйиқи остида ҳужжатларга имзо чекишга мажбур бўлдим. Яна бир гап. Ўша даврларда унинг олдини бирор кимса «кесиб» ўта олмасди. Унинг айтгани айт­ган, дегани деган эди.

— Шарифжон Каримовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши асоссиз ва унинг ҳаракатларида умуман жиноят аломатлари мавжуд эмас, — дейди «Мухтор Шапсанов» адвокатлик фирмаси адвокати ­Зокир Шапсанов. — Чунки у ўз вақтида маҳкумларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш чорасини кўриш ҳақидаги ҳужжатларни судга тақдим қилган. Суд эса мазкур ҳужжатларга асосан ажрим чиқарган. Шарифжон Каримов хизмат вазифасини қонун талаблари асосида тўлиқ бажарган. Аммо прокуратура терговчилари уни айбдор қилиш учун барча «чоралар»ни кўрган. Ушбу «иш»­да жиноят ишини қўзғатиш ҳа­қидаги қарор йўқ. Ҳатто оддийгина процессуал қонун талаблари ҳам бузилган. Агар прокуратура ходимлари қонунга қатъий бўйсуниб, Шарифжон Каримов фаолиятига холисона баҳо берганларида жиноят иши қўзғатилмаган ва у жавобгарликка тортилмаган бўларди.

Шарифжон Каримов поймол бўлган ҳуқуқини тиклаш, айбсизлигини исботлаш учун юқори суд инстанцияларига шикоятлар ёзди. Аммо Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан қаноатлантирилмади.

— Мамлакатимизда кейинги йилларда адолатли суд туфайли муқаддам асоссиз айбланган фуқароларнинг аризалари атрофлича холисона кўриб чиқилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимида бўлаётган ўзгаришлар менда ҳам умид учқунларини пайдо қилди, — дейди ­Шарифжон Каримов. — Ўзимни айбсиз ҳисоблайман. Ўша вақтдаги ноҳақликлар сабабли, тазйиқлар остида айбсиз айбдор бўлиб қолдим.

Баён қилганларимиз бошни қотирадиган даражада мураккаб ёки чигал масала эмас, аслида. Атиги икки саволга аниқ ва холис жавоб топилса етарли: Шарифжон Каримов қайси хатти-ҳаракатлари учун айбланган? Унинг айбини исботловчи далиллар борми?..

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.