12.06.2018

БОШ МАҚСАД — ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа ҳисобланади. Ички ишлар органлари, хусусан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар юқорида қайд этилган вазифалар ижросига қаратилгандир.

Маълумки, жиноятчиликнинг олдини олиш ички ишлар идоралари ходимларидан юксак масъ­улиятни талаб қилади. Жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда улар янада фаол ва ташаббускор бўлишларини бугун даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шу билан бир қаторда ­жойларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда ҳам соҳа ходимлари ўрнак бўлишлари лозим.

Президентимизнинг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳа ходимлари учун дастуруламалдир.

Сўнгги йилларда барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ички ишлар органлари фаолиятини бугунги кун талабларига мос тарзда такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Унда тизим фаолияти чуқур таҳлил қилиниб, камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланган.

Қисқача айтганда, Фармонда ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга, жамоат тартибини сақлашга, ҳуқуқбузарликларга қарши ­курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 Ички ишлар вазирлиги Академиясида етук профилактика инс­пекторларини тайёрлаш ва тарбия­лашга катта эътибор берилмоқда. Профилактика инспекторларини хизмат бурчига содиқлик, эл-юрт тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш руҳида тарбиялаш ўқув жараёнининг бош мақсадидир.

Кези келганда айтиш керакки, Академия ўқув полигонида қулай шарт-шароитлар яратилган. Замон талабларига жавоб берадиган ўқув аудиториялари, спорт комплекси, ахборот-ресурс маркази, руҳий тетиклаштириш хонаси, ўқ отиш ва махсус-тактик машғулотлар ўтказиладиган майдон курсантларга хизмат кўрсатмоқда.

Профилактика инспекторларининг ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича билимини ошириш мақсадида ўқув жараёнига прокуратура, суд органлари ҳамда давлат солиқ инспекциясининг тажрибали ходимлари жалб қилинмоқда.

Курсантларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш бўйича махсус машғулотларни тизимли равишда ўтказиш йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, Академияда халқимиз тинчлиги, осойишталигини таъминлашга масъул бўлган профилактика инспекторлар тайёрланмоқда.

 

М.АБДУВАҲОБОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 4-ўқув курси курсанти.



DB query error.
Please try later.