24.05.2018

МАМЛАКАТИМИЗДАГИ БИРИНЧИ ПЕТИЦИЯ НИМА ҲАҚДА?..

Автотранспорт воситалари ойналарини қорайтиришга рухсат берилиши билан боғлиқ таклиф қисқа муддат ичида 10 мингдан ортиқ овоз тўплади. Бу Олий Мажлис палаталарига кўриб чиқиш учун киритиладиган биринчи петиция, яъни жамоавий мурожаат бўлди. Ушбу таклиф Президент ташаббуси билан ташкил этилган «Mening fikrim» порталига жойлаштирилган.

Петиция ташаббускори Артур Тажиев ўз таклифини мамлакатимиз иқлими иссиқ экани, шунинг учун автомашиналарда орқа ўриндиқда ўтирадиган болалар жазирама ва офтоб уришидан азият чекиши мумкинлиги билан изоҳлаган. Муаллиф, шунингдек, автомобилларнинг олди ойнасини пулли асосда 70 фоизга қорайтиришга рухсат бериш ва бундай машиналарни ички ишлар органларида рўйхатга қўйишни таклиф этган.

Қоидага кўра, энди Олий Мажлис 60 кун ичида мурожаатни кўриб чиқиб, қарор чиқариши керак. Мурожаат ташаббускори ваколатли органнинг мурожаатни кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларига таклиф этилиши мумкин. Петиция бўйича якуний қарор «Mening fikrim» порталида эълон қилиниши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус «майдон»лар яратиши зарурлигини таъкидлаб ўтган эди. Шу асосда «Mening fikrim» махсус веб-портали яратилиб, у орқали Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланган.

Юборилган электрон жамоавий мурожаат тизим модератори – Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизадан ўтказилгандан сўнг веб-порталда эълон қилинади.

Электрон жамоавий мурожаат жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда, у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.



DB query error.
Please try later.