Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.04.2018

МАРДЛАР МАНГУ ЯШАЙДИ

Ватанни севиш уни баландпарвоз сўзлар билан мақташ, ҳамду сано айтишдангина иборат эмас. Ватанга бўлган муҳаббат инсоннинг қилаётган эзгу ишлари, юртдошларига тегаётган фойдаси, халқи ва танлаган касбига бўлган садоқати билан ўлчанади. Шундагина уни ватанпарвар, деб эътироф этиш ўринли бўлади.

Она Ватан тинчлигини асраш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш йўлида мардонавор меҳнат қилаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳам ватанпарвар деган эътирофга муносиб, десак ҳақиқатни айтган бўламиз.

Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Сариқўрғон» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Тожик қишлоғида ­истиқомат қилувчи оддий деҳқон ­Комилжон аканинг тўнғич фарзанди Алижон ҳам болалик йиллариданоқ ҳарбий соҳага қизиққан, эл-юрт осойишталигини асрашга ҳавасманд эди.

Камтарин, хушмуомала, дўстларига меҳрибон бўлиб улғайган Алижон қишлоқдаги 23-мактабда саккизинчи, Қирғиз қишлоғидаги 24-мактабда ўнинчи синфни муваффақиятли тамомлади. Шундан сўнг қалбида куртак ёзиб бораётган орзулари уни Тошкент шаҳрига ўқишга етаклади. Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтди. Табиатан меҳнаткаш, ҳаёт қийинчиликларига бардошли Алижон оиласига оғирлигини туширмаслик учун кундузи ўқиб, кечқурунлари ишлади.

Орадан йиллар ўтди. Алижон ўқишни тугаллаб, пойтахтда қолди. 1987 йилда болаликдаги эзгу ниятлари ижобат бўлиб, ўзи орзу қилган соҳада иш бошлади — Юнусобод тумани ички ишлар бўлимига ишга кирди. Шундан сўнг у ҳар бир топшириқни виждонан, ўз вақтида бажариш ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш учун елиб-югурди. Ўзининг довюраклиги, эпчиллиги, меҳрибонлиги, жиноятчиликка қарши курашишда эса қатъиятлилиги ва бошқа сифатлари билан ҳамкасблари орасида обрў-эътибор топди. 1987 йилдан 1996 йилга қадар Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлинмасида хизмат қилди. Хизмат давомида милиция капитани унвонига эга бўлди.

Алижоннинг оила аъзолари, ота-онаси, қариндош-уруғлари, ҳамкасблари, таниш-билишлари қалбини ларзага солган ва уларга чексиз мусибат келтирган мудҳиш воқеа 1996 йилнинг 12 сентябрида юз берди. Тошкент шаҳрига оқшом чўкаётган паллада Алижон ва бир ҳамкасби ашаддий безорилиги учун илгари судланган ҳамда қайта жиноят содир этиб, қидирувда бўлган хавфли рецидивист Юнусобод даҳасидаги хонадонлардан бирида яшириниб ётгани тўғрисида маълумот олишади. Улар айтилган манзилга тез етиб бориб, уй эгасини чақиришади. Эшикни очган аёл «Сизлар қидираётган шахс бу ерга келгани йўқ», дейди. Осойишталик посбонлари эса адашмаётганлигини, жиноятчи шу ерда эканлигини сезиб турардилар. Шу боисдан Алижон ва шериги уйга киришга рухсат сўрашади.

Улар адашмаган эдилар. Хавфли жиноятчи чиндан ҳам шу уйда яшириниб ётган экан. Қўлга тушишдан қўрққан жиноятчи яширинган жойидан отилиб чиқиб, Алижонга ташланади. Икки ўртада олишув бошланади. Жуда бақувват, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган жиноятчи осойишталик посбонларига кучи етмаслигини сезгач, ёнидан пичоқ олиб, Алижон ва унинг шеригига ташланади. Саноқли лаҳзаларда уларга жароҳат етказиб, воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Хавфли жиноятчини қидириш учун бутун шаҳар милицияси ходимлари оёққа туради. Эртаси куни туш пайтида жиноятчи қўшни туман ҳудудида қочиб кетаётганида ички ишлар ходимлари уни яна таниб қолишади. Бироқ шунда ҳам у яна бир ходимни ярадор қилишга улгуради. Аммо яраланган милиционер қотилнинг оёғи ва кўкрак қафасига ўқ узиб, уни тўхташга мажбур қилади. Хавфли жиноятчи олган жароҳати туфайли касалхонада вафот этади. Ўта хавфли жиноятчини қўлга олишда мардлик кўрсатиб, оғир ярадор бўлган милиция ходимлари ҳаётини сақлаб қолишнинг ҳам иложи бўлмайди.

— Акам ота-онамизга, биз — ука-сингилларига жуда меҳрибон эди,—дейди Алижоннинг укаси Одилжон Толипов. — Оиладагиларга оғирлигим тушмасин, деб Тошкентда ишлаб, ўқиди. Талаба бўлса-да, ўзидан орттириб пул олиб келарди. Бизнинг орзу-мақсадларимиз, камолотимиз учун ёрдамини асло аямади, фарзандлик ва акалик бурчини ортиғи билан уддалаётганди.

— 1985 йил 16 март куни никоҳ тўйимиз бўлганди, — деб хотирлайди Алижоннинг рафиқаси Донохон Толипова. — 1992 йилгача, яъни пойтахтдан уй олгунимизгача қишлоққа қатнаб ишлади. 1992 йил эса уй-жой қилиб, бизни ҳам Тошкентга олиб кетди. Турмуш ўртоғим билан 11 йил бирга яшаш насиб қилди. Бу орада бирор марта «сенлаб» уришмадилар. Ўта маданиятли, меҳрибон эди. Касби тақозоси билан уйда жуда кам бўларди. Шу боис фарзандлари унинг меҳрига, ўзи эса фарзандлар дийдорига тўймай кетди.

— Дўстим ҳар бир ишга қунт билан ёндашарди, — дейди Алижоннинг мактабдоши Зиёджон Қодиров. — Эсимда, уйларида қўлбола турник ясаб, барча тенгқурлари билан спорт мусобақалари ташкил этарди. Ўзи ҳам спорт билан мунтазам шуғулланар, бизга ҳам спортни тарғиб қиларди. У Тошкентда ишлаб юрган кезларида ҳам қишлоққа келганида, биз, тенгқурлари билан учрашиб, болалик хотираларини эслашга доимо вақт топарди.

— Алижон билан сўнгги нафасигача ҳамроҳлик қилиш менга насиб этган, — дейди қаҳрамонимизнинг ҳамкасби Ҳамрали Раҳимов. — У ўз ҳаловатидан кечиб, элу юрт осойишталиги учун жонини ҳам фидо қиладиган чинакам ватанпарвар милиция ходими эди. Умид қиламанки, дўстимнинг порлоқ хотираси унинг шириндан-шакар тўрт нафар фарзанди, дўсту ёрлари, биз — ҳамкасб­лари қалбида абадий яшайди.

Элу юрт ўзининг жасур ўғлонларини доимо эъзозлаб келган. 1997 йил республикамизнинг Биринчи Президенти Фармонига кўра, хизмат бурчини ўташда мардларча ҳалок бўлган Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармасининг катта тезкор вакили, марҳум милиция капитани Алижон Толипов «Жасорат» медали билан тақдирланди.

— Алижоннинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида қишлоғимизда жойлашган 23-сонли ўрта мактабда алоҳида хотира бурчаги ташкил этилган, — дейди Учкўприк тумани ­«Тожик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Элназар Сайидумаров. — Хотира бурчагидан марҳум ­А.Толиповнинг жасоратлари тўғрисидаги маълумотлар, унинг фотосуратлари жой олган. Мазкур хотира бурчаги ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда қишлоғимиз ёшлари Алижоннинг қаҳрамонликларини фахр билан гапиришади.

Доно халқимизда «От ўрнини той босар», деган пурмаъно гап бор. Алижон Толиповнинг фарзандлари ҳам оталари каби билимли, изланувчан, ватанпарвар бўлиб камолга етдилар. Асроржон Комилов айни кунда Ички ишлар вазирлиги Академиясида таҳсил олмоқда. Бўлажак осойишталик посбони ҳам келгусида отаси каби юрт корига ярайдиган, халқимиз осойишталигининг муносиб ҳимоячиси бўлишни ният қилмоқда.

Донишмандлар инсон умрини оқар сувга қиёслайдилар. Чиндан ҳам, вақт уммони ҳар биримизни мангу манзиллар сари яқинлаштираверади. Лекин инсон неча йил умр кўргани билан эмас, балки қилган яхши ишлари, кўрсатган жасорати эвазига тарих саҳифаларидан жой олиши мумкин. Ватанимизда Алижон Толипов сингари мард ўғлонлар номи ҳеч қачон унутилмайди, улар амалга оширган қаҳрамонликлар ўсиб келаётган авлод учун катта ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

 

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Абдувосит СИДИҚОВ.



DB query error.
Please try later.