29.03.2018

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ МАСАЛАСИГА БАҒИШЛАНДИ

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан «Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумки, ҳаётда бир фуқаронинг турли давлат органларига иши тушади. Бу жараёндаги узундан-узун навбатлар, асаббузарликлар, сарсонгарчиликларга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқнинг оғирини енгил қилиш, уларга «давлат — фуқаро» муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилди.

Бунда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликнинг олдини олиш, халқ­нинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди. Бундан буён фарзанднинг дунёга келиши, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби юмушлар ҳам Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу нафақат сарф-харажатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш имконини ҳам яратади.

Давлат хизматлари марказлари — аҳолига барча хизматлар бир жойда кўрсатиладиган алоҳида, ўзига хос маскан бўлиши кутилаяпти.

Ҳозир республикамиздаги давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизматлар кўрсатилиб келинмоқда. Жорий йилнинг биринчи апрелидан уларнинг сони 50 тага етказилиши назарда тутилмоқда. Яна бир янгилик — давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахс­ларга ҳам кўрсатилади.

Ўтган қисқа вақт ичида туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига жами 46 минг 380 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш ва бошқалар.

Давлат хизматлари марказлари фаолиятини кенг омма орасида тар­ғиб қилиш, халқимизга улардан фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириш, марказга мурожаат қилиш маданиятини шакллантириш мақсадида юртимизнинг барча аҳоли гавжум ҳудудлари, бозорлар, савдо мажмуалари, шунингдек, реклама устунларига давлат хизматлари, уларнинг турлари ва фаолият механизми ёритилган плакат, баннер, буклет ва бошқа кўргазмали материаллар тарқатилди.

Шунингдек, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар, ҳудудларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган «Адлия бурчаклари» стендлари маҳаллалар биносида жойлаштирилди.

Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ташаббуси билан Давлат хизматлари марказлари автомобиллар билан таъминланди.

Матбуот анжуманида агентликнинг истиқболдаги режалари хусусида ҳам ахборот берилди.



Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.