27.03.2018

ИНСОН ҲУҚУҚИ, ЭРКИНЛИГИ — ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Бугун мамлакатимизда юксак талабчанлик билан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида фуқароларимиз ҳуқуқи, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини муносиб ҳимоя этишдек инсонпарвар ғоя мужассамлиги ҳар биримизга яхши маълум. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонидан сўнг бу масалага янада жиддий эътибор қаратила бошланди.

Маълумки, ушбу Фармонда кўзда тутилган бош мақсад суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, жиноят процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, яъни қонун олдида ҳамманинг тенглигини амалда намоён этишдан иборатдир.

Афсуски, ўтган даврда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилгани, бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлгани биз сабоқ чиқариб олишимиз керак бўлгани аччиқ ҳақиқатдир. Фармонда таъкидланганидек, жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ҳамда холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқ мавжудлигини ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили яққол кўрсатди.

Бугунги талаб шундан иборатки, суд органларининг биринчи даражадаги эътибори Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари ҳимояси бўйича кафолатланган барча тартиб қоидаларга, аниқроғи, конституцион принципларга оғишмай амал қилиш керак бўлади. Қонуннинг бу нормаларига риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади. Ўз навбатида, бундай хатти-ҳаракатлар тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Фармоннинг 2-банди талабларига эътибор қаратайлик. Унда «жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик тазйиқ ва қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллаб» шахсни эркин фикрлаш, ҳақиқатни баён этиш каби имкониятидан фойдаланишга босим ўтказиш йўли билан олинган кўрсатувлардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқчиманки, суд-тергов фаолиятини амалга ошириш жараёнида бу каби ҳолатларга дуч келинган вақтда ёки айбланувчи, судланувчи томонидан шикоятлар бўлганда, судьялар бу ҳолатларни албатта текшириб кўриши, бунинг учун бир қанча процессуал ҳаракатларни амалга ошириши лозим бўлади. Масалан, шахсни ҳибсда сақлаб турган ҳибсхона маъмуриятининг тиббий ёрдам қисмига ёки шахс мурожаат қилган тиббий муассасага ёзма равишда сўровнома юбориши, олинган тан жароҳати юзасидан маълумот мавжудлигини аниқлашга киришиши керак. Агар тан жароҳати излари сақланиб қолган бўлса, бу жароҳатлар етказилган вақтни аниқлаш мақсадида тиббий экспертиза тайинланади. Шунингдек, ҳибсда сақланаётган шахс ўзига нисбатан содир этилган ноқонуний ҳаракатлар юзасидан қайси назорат этувчи органга мурожаат қилганлиги ҳақида суриштирилади. Шуни ҳам айтиш керакки, шахснинг мурожаати ҳақиқат эканини тасдиқловчи биринчи белгилар суд-тергов фаолиятига етиб келмай йўқолиб кетган ҳоллар оз эмас.

Суд ислоҳотлари ҳақида гап кетганида, суднинг бош вазифаси инсонни жазолаш эмас, балки унинг ҳуқуқини ҳимоя этиш эканлиги такрор ва такрор айтилмоқда. Бироқ ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, биринчи марта тергов бераётган ёки судланаётган шахс ўзининг конституцион ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмаслиги, ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслиги оқибатида адвокат ёки таржимон хизматидан фойдаланишни шарт эмас, деб ҳисоблаб, ўзини ўзи қийин аҳволга солиб қўйиши, ҳақиқий ҳолат аниқланишини мураккаблаштириб юбориши, гоҳида эса далиллар йўқолиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин. Бунинг оқибатида содир этилган ҳаракатларни қонуний баҳолаш қийинлашади.

Ушбу Фармоннинг моҳиятига кўра, эндиликда юқорида санаб ўтилган ҳолатлар амалиётда учраган тақдирда, улар юридик кучга эга бўлмаган маълумотлар деб ҳисобланади, жиноят ишларини кўриш даврида улардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Фармоннинг 5-бандида судларга судланувчилардан далилларни йиғишда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар келиб тушган тақдирда улар қонун билан белгиланган тартибда мажбурий текширилиши шарт эканлиги кўрсатилган. Суд амалиётида кўп учратганмиз, ўзларига эълон қилинган айбдан норози бўлган, ҳибсда сақланаётган шахслар аксарият ҳолатларда ариза ва шикоятларини тергов изолятори орқали судларга йўллаганликларини маълум қиладилар. Лекин бундай аризалар судгача етиб келмаган ҳолатлар кўп учрайди. Эндиликда бундай ариза ва шикоятлар прокурор томонидан мажбурий тарзда текширилиши мазкур Фармон билан мустаҳкамланди. Бу талаб-қоидалар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Ҳозирги кунда фуқаролардан судларга бўлаётган мурожаатлардан кўриниб турибдики, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва билими ошиб бормоқда, суд-ҳуқуқ идораларига ишонч ҳам мустаҳкамланмоқда. Бу ўзгаришларнинг асосий омиллари суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилаётганида эканлигини эътироф этиш керак. Шу ўринда такрор бўлсада таъкидлаш керак, 2017 йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги, ваҳоланки, унгача охирги беш йилда атиги 7 нафар шахс оқлангани Фармоннинг шарҳида алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, жорий йилда дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3511 нафар жи­ноят иши тугатилган. Демак, суд мустақиллигини таъминлаш орқали фуқаролар ҳуқуқлари қонуний ҳимоя­сини мустаҳкамлаш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳуқуқий ҳужжатлар яратилмоқда. Аммо улар ҳаётга қандай жорий этилиши биз суд-ҳуқуқ органлари ходимларининг билими, маҳорати, қатъиятлиги ва холислигига боғлиқ.

 

Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси.



DB query error.
Please try later.