14.11.2017

ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Дунё тарихидан маълумки, давлатлар тараққиётига ғов бўладиган энг оғир жиноятлардан бири коррупция ҳисобланади. Бу иллат жамият янгиланаётганда ёки бозор муносабатларига ўтишдек мураккаб жараёнларда, айниқса, кўпроқ намоён бўлади. Коррупциянинг жамият ва давлатга етказадиган зиён-захмати ўта хавфли бўлиб, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тизимни ва ҳатто мамлакат маънавий ҳаётини емиришга олиб келади.

Давлат ҳокимияти тузилмалари турли даражадаги вакилларининг бу иллат таъсирига тушиб қолиши эса уюшган жиноий гуруҳларнинг илдиз отишига хизмат қилади. Бу ўз навбатида жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига тўғридан-тўғри таҳдид солади.

Сиёсий жиҳатдан олганда, коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатишнинг бир кўринишидир. Унинг домига илинган амалдорлар шахсий бойлик орттириш мақсадида ўз манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди. Бунинг оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилади, давлат органларига уларнинг ишончи сусаяди.

Ҳокимият органлари вакилларининг жиноятга аралашиб қолиши ривожланаётган жамият учун энг жиддий хавф-хатарлардан биридир. Жиноий тузилмаларнинг давлат органларининг айрим амалдорлари билан бирлашиб кетиши, жамоатчилик назарида давлатни обрўсизлантиради, мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам унга ишончсизлик ортишига сабаб бўлади.

Шу йилнинг 18 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида Акбаров Эшмат Толипович ва Болтаев Аюб Парпиевичларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи
Э. Акбаров Олмазор тумани Давлат солиқ инспекцияси Солиқ бўйича қарзларни мажбурий ундириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У Олмазор тумани ДСИ Солиқ бўйича қарзларни мажбурий ундириш бўлими катта инспектори А. Болтаев билан жиноий тил бириктириб, Олмазор тумани ҳокимияти тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясида рўйхатга олинган «Royalniy xold» МЧЖнинг раҳбари Азамат Луқмоновга бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар олдидаги солиқ қарздорлигининг 173,3 миллион сўм миқдордаги жарималарини ундириш чораларини қўлламаслиги мумкинлигини билдиради. Шунингдек, унга корхонани банкрот деб топиш ҳақида иқтисодий ишлар бўйича ҳудудий судга даъво ариза киритиш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш ваъда қилинади. Бу «хизмат»лар эвазига корхона раҳбари Луқмонов Азаматдан 2000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Агар бунга кўнмаса, суд ижро, ички ишлар ҳамда солиқ ходимлари корхонани тинч қўймаслиги, яшаш манзили бўйича талабномалар юборилиши тўхтамаслиги айтилади. Бу каби пўписалар А. Луқмоновни пора беришга мажбур қиладиган шароитга олиб келади...

Бундай нопок йўлга кирганлар жазодан қутилиб кетолмайди, албатта. Ҳар бир жиноятга жазо муқаррар. Аммо шу ўринда бундай жирканч жиноятлар сабабларини аниқлашга кўпроқ эътибор қаратмоқ зарур, деб ўйлаймиз.

Мамлакат аҳолиси ва айниқса, ёшлар ҳуқуқий билимини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини кўрмоқ ниҳоятда зарур, деб ўйлайман. Бу борада жамоат ташкилотлари, ­оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланмоқ керак бўлади.

Ҳар бир катта-кичик раҳбар ёки масъул ходим коррупция домига тушиб, жиноятга қўл урадиган бўлса, нафақат ўзини бадном қилиши, айни чоғда оила аъзолари, фарзандларининг ҳам юзини ерга қаратишини чуқур англаши зарур.

 

Сарвар КАРИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси.



DB query error.
Please try later.