04.11.2017

СИФАТСИЗ ҚУРИЛГАН УЙЛАР УЧУН 17 ПУДРАТ ТАШКИЛОТИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТЎХТАТИЛИБ, ИШИ СУДГА ОШИРИЛГАН

«Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки ва «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда таъкидланишича, 2009-2016 йиллар давомида республикамизнинг 159 туманидаги 1308 қишлоқ массивида 69 минг 557 та намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиб, 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланган. Тижорат банклари томонидан фуқароларга 5,9 триллион сўм, шундан «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан 4,3 триллион сўм миқдорида узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ажратилган.

— Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори ушбу йўналишда янги босқични бошлаб берди, – дейди «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Акбар Эшонқулов. — Мазкур қарорда жорий йилда 15 мингта уй-жой қурилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, аҳоли талабига асосан қўшимча равишда яна 4 минг 610 та уй-жой қуриш режалаштирилмоқда.

Илгари уй олиш учун дастлабки бадал 25 фоизни ташкил этган бўлса, янги дастурда унинг миқдори 15 фоиз қилиб белгиланган. Кредит учун йўналтирилган маблағ солиқдан озод қилинган. Талабгорларни танлаб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан очиқлик ва ишончлилик орқали амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 2 мартдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш дастурини Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иштирокида амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар жалб қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банкининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан Бухоро ва Наманган вилоятида қурилаётган 2242 та уй-жой ҳамда автомобиль йўллари, ичимлик суви тармоқлари қурилиши молиялаштирилмоқда.

— Бугунги кунда аҳоли томонидан намунавий лойиҳалар асосида айрим якка тартибдаги уй-жойлар қурилиш ташкилотлари айби билан сифатсиз қурилаётгани борасида эътирозлар бўлмоқда. Ушбу камчиликларга йўл қўйган пудрат ташкилотларга нисбатан қандай чоралар кўрилмоқда?

Саволга «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси бош директори ўринбосари Файзулло Исломов жавоб берди.

— Аҳолидан тушган норозиликлар ўрганилиб, камчиликларга йўл қўйган қурилиш ташкилотлари жавобгарликка тортилди. Хусусан, 2016 йилда 17 пудрат ташкилотининг фаолияти тўхтатилиб, иши судга оширилди.

Яна қўшимча қилиб айтишим мумкинки, ушбу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида уй-жойларни қуриш билан шуғулланаётган корхоналарнинг 5 фоиз маблағи бир йилдан кейин уларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Маблағнинг ушлаб турилишига сабаб, агар шу даврда янги уй-жойда яшаётган аҳолидан сифат борасида мурожаатлар тушса, маблағ таъмирлаш ишларига сарфланади.

Тадбир ниҳоясида банк ҳамда компания томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар борасида маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.