24.10.2017

ВАЗИЯТ ҚАТЪИЙ НАЗОРАТДА

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Президентимизнинг «Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилдики, ўтган давр мобайнида республикамиз аҳолиси ва ҳудудларини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Улғайиб келаётган ёш авлодни фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, ёшлар орасидан қутқарувчиларни тарбиялаш, келажакда уларни қутқарувчиликдек шарафли касбга сафарбар этишга бош масалалардан бири сифатида эътибор қаратилди. Бироқ ўтаётган вақт, ҳозирги юксак даражада тараққий этаётган технологиялар, дунё табиатида фаоллашаётган гидрометеоролик ва геологик жараёнлар мамлакатимизда фуқаро муҳофазаси соҳасини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, шунингдек, Фанлар академияси Сейсмология институтининг Тезкор хабарлар хизмати Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди.

Шу муносабат билан табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, гидротехник иншоотларнинг барқарор ишлаши, сув ҳавзаларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи омилларини олдиндан аниқлаш, улар пайдо бўлишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш вазирликнинг янги асосий вазифалари этиб белгиланди.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда нафақат мустаҳкам моддий-техник базага, балки малакали кадрлар салоҳиятига ҳам юқори эҳтиёж сезилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш давлат тизими учун Андижон транспорт ва қурилиш, Самарқанд ахборот технологиялари, Олмазор политехника ҳамда Чингелди маиший хизмат коллежларида «қутқарувчи-ҳайдовчи», «қутқарувчи-ғаввос», «йўриқчи-дезинфектор», «дозиметрчи», «газда қутқарувчи» каби мутахассисликлар бўйича ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрланади.

Бундан ташқари, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида «Ҳаётий фаолият хавф­сизлиги» мутахассислиги бўйича бакалавр даражасига эга олий маълумотли мутахассислар тайёрланади.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган чора-тадбирлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини юқори бос­қичга олиб чиқишга замин яратади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.