19.09.2017

АДВОКАТ, ЖАМИЯТ, ҚОНУН

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар бошқармасининг бошлиғи Ҳ.Носирходжаев билан суҳбат

— Ҳасан Аббосхонович, суҳбатни адвокатнинг жамиятдаги бугунги роли ва ўрнидан бошласак.

Маъқул. Жамиятда қонунбузарлик, жиноят ва жазо мавжуд экан, адвокатларнинг ёрдамига, адвокатга эҳтиёж бор. Адвокат жиноятчининг ҳам, жабрланувчининг ҳам, даъвогар ва жавобгарнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилиб, жазонинг, қарорнинг адолатли бўлишини таъминлаш учун курашади. Адвокатнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари эса Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунида аниқ ва муфассал белгилаб қўйилган. Шунингдек, республика Адвокатлар палатаси конференция­си томонидан ишлаб чиқилган «Адвокатнинг касб этикаси қоидалари»да бу касб эгаларининг ҳимоя остидаги ҳамда ишонч билдирувчи шахс ва унинг яқинлари билан ўзаро қандай муносабатда бўлиши, юриш-туриши, суд мажлисларида ўзини қандай тутиши лозимлигидан тортиб то кийиниш маданиятигача кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда адвокатларнинг роли ва мавқеини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, бугун суд жараёнида адвокатнинг ҳуқуқи давлат айбловчиси ҳисобланмиш прокурорнинг ҳуқуқи билан тенглаштирилган. Қонунда шундай. Фақат, амалда адвокатларимиз бу ҳуқуқдан фойдалана олиш учун прокурор билан баравар, балки ундан ортиқроқ ҳуқуқий билим ва малакага эга бўлсалар, ўз ҳуқуқларини амалга ошириш баробарида ҳимоя остидаги шахснинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси янада сифатлироқ бажарилади.

— Хорижда қандай, чет давлатлар тажрибасини ўрганаяпсизларми?

Ҳа. Хусусан, МДҲ мамлакатларида сафарда бўлиб, тажриба алмашиб қайтдик. Россияда адвокатлар мав­қеи бирмунча баландлигини билар эдик, энди кўрдик ҳам. Бунга эришишда, юқорида айтганимдек, адвокатларнинг билим ва тажрибаси юқорилиги катта аҳамиятга эга.

Ривожланган хориж давлатларида шифокор билан адвокатлик энг юқори маош тўланадиган касблар экани ҳаммамизга маълум. Мамлакатимизда адвокатуранинг ролини, адвокатларнинг мавқеини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ана шундай юксак мақомга эга бўлиш мақсадига йўналтирилган.

— Мустақиллик даврида жа­мият­да адолат ва қонунийликни таъминлаш жараёнида адвокатнинг ҳиссасини ошириш, унинг ҳу­қуқини давлат айбловчиси — прокурор билан тенглаштириш учун бир неча Фармон ва Қарорлар қабул қилинди, амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бироқ шунга қарамай, амалиётда бу ҳолат ҳозирча сезиларли даражада кўзга ташланмаяпти. Боиси, суд мажлисида ана шу Фармон ва Қарорларга суяниб, ўз ҳақ-ҳуқуқини тортишиб, дадил ҳимоя қила оладиган адвокатларнинг кўп эмаслиги ва суд мажлисига раислик қилувчининг ҳали-ҳануз прокурорга юқорироқ, адвокатга паст­роқ муносабатида, деб биламан. Бу нимада кўринади? Суд музокарасида адвокат куйиб-пишиб ярим соатлаб, баъзан ундан ҳам ортиқроқ ҳимоя нут­қи сўзлайди. Прокурор эса одатда бир-икки минутда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қайси моддасига асосан қанча муддатга жазо тайинлашни сўрайди. Нега, нима учун, қайси ва қандай асосларга кўра каби саволлар кўпинча жавобсиз қолади. Раислик этувчи судья эса буни ҳар доим ҳам талаб қилмайди. Нега?

Сиз республика Адвокатлар палатаси пойтахт шаҳар бошқармасининг бошлиғи, ҳам судда, терговда иштирок этадиган адвокат сифатида бу фикрларга қўшиласизми, тўлдирасизми ё рад этасизми?

Фикрингизга қўшиламан. Бу саволга юқорида жавоб бердим: адвокат прокурор даражасида, ундан кўра қўпроқ ҳам малака ва билимга эга бўлсин. Суд музокарасида прокурор музокара қилмай, фақат жазо муддатларини сўраш билан кифояланиши бор гап ва бундай нотенгликка барҳам бериш кўпроқ судга раислик этувчининг вазифасига киради.

— Юқоридаги фикрнинг давоми сифатида бир мисол келтирмоқчиман: Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ҳафтанинг ҳар пайшанбаси апелляция босқич судида иш кўрилади. Одатда, икки ёки уч судлов ҳайъати бир вақтнинг ўзида тахминан жами 60-70 та фуқаролик ишини кўриб чиқади ва бу уччала судлов ҳайъатида бир неча йиллардан бери биттагина прокурор қатнашади. Бир киши бир вақтнинг ўзида учта суд мажлисида қандай иштирок этиши мумкин? Прокурор айрим суд мажлисларига кириб икки-уч дақиқа ўтириб чиқиб кетади — бошқасига ҳам кириши керак! Баъзан суд мажлиси тугагач, музокарада прокурорнинг бир дақиқалик «сўрови»ни эшитиш учун суд мажлиси котиби чиқиб, уни бошқа суд мажлисида қатнашаётган жойидан чақириб келади. Баъзан суд мажлиси залига умуман қадам босмаган прокурорни «прокурор фалончи иштирокидаги суд мажлисида аниқланишича» деб уялмай-нетмай ёзиб қўйишади. Мен қўлимда аниқ факт — мисоллар борлиги учун айтаяпман бу гапни. Бунақада, қонунийликни назорат қилиш масаласи нима бўлади? Наҳотки, учта судлов ҳайъатига уч нафар прокурор топилмаса?

— Бундай ҳолатни бартараф этиш бизнинг ваколатимизда бўлмагани учун, уни тегишли мутасаддилар эътиборига ҳавола қилиш тўғри бўлади. Бунга эътибор берилса, одил судловнинг қонуний ва адолатли қарор қабул қилишига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман.

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 июнда судьялар билан учрашувдаги маърузасида бундан буён суд мажлисларини видео-конференция усулида ташкил этиш масаласи қўйилди ва у тезда амалга ошиши аниқ. Чунки бу тажриба Олий хўжалик судида йўлга қўйилиб, ишлаётганига бир неча йил бўлди. Видео-конференция усулига ўтишнинг аҳамияти ҳақида нима дейсиз?

— Видео-конференция усулга ўтишнинг олий аҳамият ва вазифаси — ҳозиргача мавжуд айрим ата­йин чалкашликлар, суд мажлиси Баённомаларидаги ёзувларни баъзан қасддан бузиб ёзиш каби жиддий қонунбузарликка чек қўйилиши билан қадр­ли, деб ўйлайман.

— Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тергов ва суд жараёнида, яъни фақат жиноят ишлари бўйича судларда кам таъминланган шахслар учун давлат маблағи ҳисобидан адвокат тайинлаш тартиби амалга киритилган ва бу ҳам инсонпарварлик намунасидир. Айни пайтда мана шу тартибнинг назорат қилинмай ўз ҳолига ташлаб қўйилиши баъзи ҳолларда одил судловни таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётганга ўхшайди: аксарият туман, шаҳар, вилоят судларида давлат маблағи ҳисобидан тайинланадиган адвокатни суд мажлисига жалб этиш адвокатуралар раҳбарияти орқали эмас, тўғридан-тўғри суд мажлиси котиблари (бундан буён судья ёрдамчилари) орқали бажарилади: адвокатлар судда қатнашиш учун суд томонидан чиқариладиган ажримни ўзлари бориб котибдан «сўраб» оладилар. Натижада суд мажлисида «ортиқча» савол бермайдиган, «синалган» адвокатларгина кунда-шунда бўлиб, бу эса баъзан судланувчиларнинг ёки уларнинг яқинларининг «адвокат ҳеч нима қилмади, демади» каби эътирозларига ҳам сабаб бўляпти. Шу тартибни — давлат маблағи ҳисобидан қатнашишни фақат адвокатура раҳбари орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмасми?

— Бизнинг иш режамиздаги текширувлардан маълумки, айрим ҳолатларда икки адвокатнинг йиллик даромади ўртасидаги фарқ ўн-ўн беш бараварни ташкил этади. Бу манзара эса кам даромадли адвокатнинг малакаси пастлигини билдирмайди, баъзан аксинча — катта даромадли адвокатнинг малакаси, билими паст­роқ бўлиши мумкин. Масала — сиз айтган давлат томонидан адвокат та­йинлаш механизмининг баъзи идораларда адолатли ишламаётганида: судья, судья ёрдамчиси, терговчи ўзи таниган-билган адвокатни ишга жалб қилади. Ҳолбуки, тергов органлари ва адвокатура тузилмалари ўртасида ҳар ойда тузиладиган навбатчилик жадвали мавжуд бўлиб, тергов бўлинмасида навбатчи адвокат ўтиргани ҳолда, ишга терговчининг «ўз адвокати» чақирилади. Мақсад — адвокат гумонланувчи ёки айбланувчининг ҳуқуқини ҳимоя қилишга эмас, терговчининг ишини енгиллатишга, унга халақит бермасликка хизмат қилиши керак. Бу, юмшоқ айтганда, яхши эмас — терговнинг қонунийлиги сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Судда ҳам шундай: судья томонидан имзоланиб, давлат маблағи ҳисобидан тайинланадиган адвокат билан таъминлашни сўраб тумандаги Адвокатлик тузилмаси раҳбарига мурожаат қилинса ва адвокат ажратилса, одил судловнинг амалга ошишига хизмат қилади: судья хоҳлаган «мўмин-қобил» таниш адвокат ўрнига суд мажлисига адвокатура раҳбари юборган адвокат қатнашади. Бу эса, одил судловни амалга оширишга ижобий таъсир этиш билан бирга адвокатлар ўртасидаги иш тақсимотининг одиллигини ҳам таъминлайди.

— Президентимизнинг 2016 йил 21 октябр­даги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, 2017 йил 13 июнда судьялар билан учрашувдаги тарихий маърузасидаги ғоялар, йўл-йўриқ ва кўрсатмаларни ҳаётга самаралироқ татбиқ этишда адвокатлар олдида турган вазифалар нималардан иборат бўлмоғи керак, деб ўйлайсиз?

— Бу Фармонда адвокатура инс­титутига ҳам тўхталиб, самарали ҳимоя оқсаяпти, дейилган. Мана шу камчиликларни тугатиш бўйича республика адвокатлар палатаси томонидан қатор таклифлар берилган ва адвокатура институтини янада такомиллаштириш бўйича янги қонун ло­йиҳаси тайёрланмоқда. Бугунги кун ва бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари руҳида ишлаб чиқилаётган ушбу Қонун амалга киргач, умид қиламиз ва ишонамизки, адвокатура мавқеи янги босқичга кўтарилади.

— Бугун судлар томонидан чиқарилаётган ҳукм ва ажримлар янада қонунийроқ, пухтароқ шакл ва мазмунга кираётгани, назорат тартибидаги шикоят-аризалар асосида протестлар келтирилиши бироз жонлангани кўзга ташланаётгани рост. Булар бошланиши холос, деб умид қиламиз. Ўтган ойда Олий суд раиси қабулига ариза топшириш учун борганимда оддий бир ташкилий янгиликдан хурсанд бўлдим: ариза топширганларнинг қўлига номер ёзилган гугурт қутисидек пластмасса «бейжик» берилаяпти — сизнинг навбатингиз мана шу, раис қабулига кириш учун тушдан сўнг фалон соатда келинг, деб ҳар кимга навбат рақамига муносиб ҳар хил вақт айтилмоқда. Бу оддий ташкилий ҳолат аслида олис-яқин деярли барча вилоятлардан келган аҳоли учун жуда катта қулайлик ва Олий суд деган мўътабар идора учун юксак маданият. Юзлаб одамлар илгаригидек тонг саҳардан кечгача саратон иссиғида, қишнинг изғиринида Олий суд эшиги тагида «қачон навбатим келаркин?», деб сарғайиб турмайди. Бундан кейин яқинда мақтовли шароит яратилди: қабулхона йўлагида аризаларни қабул қиладиган тўртта дарча очилди ва қабул кунлари ҳам кўпайди. Илгариги ур-йиқит, навбат йўқ!

Охирги савол: суд мажлиси жараёнида адвокатнинг ҳимоя нут­қи прокурорнинг муддат сўраши қувватига тенглашиши учун яна нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Талабчанликни кучайтириш. Ўзига ва ўзгаларга. Шу орқали, Президентимизнинг «Айби бўлса, жазоланг, айбсиз бўлса, оқланг» деган дастурий кўрсатмаларини ҳаётга татбиқ этишга ёрдам берган бўламиз.

 

Суҳбатдош

Ҳабибулла ОЛИМЖОНОВ,

журналист, юрист.



DB query error.
Please try later.