05.09.2017

ХОЛИСЛИК ВА АДОЛАТ — ФАОЛИЯТИМИЗНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар негизида, аввало, инсон манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга қаратилган эзгу мақсад мужассамдир.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастурий ҳужжат бўлди.

Қайд этиш керакки, фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя этишда судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади.

Бугун биз ўз фаолиятимиз юзасидан халқимизга ҳисоб бериб бор­япмиз.

Биз — судьялар кундалик фаолиятимизда халқ билан бевосита мулоқот шаклларини кенгайтириш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишнинг барча чораларини кўришимиз лозим, албатта.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат — судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани фуқаролар ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Президентимиз суд тизимида адолат тамойилларига нечоғли риоя қилинаётгани ҳақида атрофлича тўхталар экан, асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқи­мизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода «Адолат қўрғони»га айлантиришдан иборатдир, деб таъкидлади.

Бундан ташқари, адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судья­лик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтириб ўтилди.

Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Айни пайтда судда ишларни қонунийлик, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда кўриш, энг асосийси, қабул қилган ҳар бир қароримиз қонуний, асосли ва адолатли бўлиши учун барча масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз шарт. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг «Куч — адолатда» деган теран маъноли сўзлари ҳар бир судья фаолиятида дастуруламалга айланиши керак.

Шунингдек, суд амалиётини доимий таҳлил қилиб бориш асосида тизимли қонун бузилишларини аниқлашимиз ҳамда соҳадаги камчиликларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш йўли билан бартараф этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўришимиз лозим.

Доимо Ватанимиз, халқимиз манфаатларини ўйлаб, зиммамиздаги юксак ва масъулиятли вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчимиз ва виждонимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини тўла таъминлаш ҳаётий заруратга айланди.

 

Санжар ЗУЛУНОВ,

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман маъмурий суди раиси.



DB query error.
Please try later.