06.07.2017

МАЪМУРИЙ СУДЛАР – ФУҚАРО ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ КАФОЛАТИ

Бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотларни янги, янада юксак босқичга кўтариш бўйича дадил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида бу борадаги мақсадларимиз аниқ ва равшан белгилаб берилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, судьяликка номзодларни танлаш ҳамда судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.

Бу ислоҳотлар замирида биринчи навбатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдек улуғ мақсад мужассамлигини яхши англаб турибмиз.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир нутқида, турли учрашувларда асосий мақсадимиз — халқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, деб таъкидламоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қа­бул қилиниб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларининг ташкил қилиниши фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Зеро, ушбу судларнинг асосий вазифаси оддий фуқароларни давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳужжатлари ва ҳаракатларидан ҳимоя қилишдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонуни мазкур соҳани тартибга солишда муҳим ўрин тутади.

Қайд этиш керакки, дунёнинг таниқли ҳуқуқшунослари томонидан мукаммал деб тан олинган Конституциямизнинг Ўзбекистон Республикасида суд тизими белгиланган 107-моддасида шу вақтгача алоҳида маъмурий судлар мавжуд эмас эди. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Конституция­сига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган Қонуни билан юқоридаги модда янги таҳрирда баён қилиниб, Ўзбекистон Республикаси суд тизимида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман, шаҳар маъмурий судлари фаолият юритиши белгилаб қўйилди.

Шу асосда Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2017 йил 12 апрелда қабул қилинган қонунларига мувофиқ 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судлар ташкил этилди ва ўз фао­лиятини бошлади.

Ҳозирги кунга қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш Фуқаролик ва Хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди. Шунинг­дек, ушбу Фармон қабул қилингунига қадар давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низолар умумюрисдикция (фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар) судлари, шунингдек, хўжалик судлари томонидан кўрилиб келинди. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи чораги давомида хўжалик судлари томонидан кўрилган ишларнинг 47 828 таси ёки 55,8 фоизини маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар ташкил этган. Давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган 102 ҳужжат ҳақиқий эмас, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) эса қонунга хилоф, деб топилган. Ушбу ишлар юзасидан 63 нафар айбдор мансабдор шахсга нисбатан тегишли суд таъсир чоралари қўлланилган.

Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилаётган маъмурий судлар томонидан кўрилади.

Маъмурий судларнинг ташкил этилиши биринчидан, маъмурий низоларни кўриб чиқишда ҳуқуқий нормаларни бир хилда қўлланилиши ва татбиқ этилиши, уларнинг сифатли кўрилишини таъминлашга, иккинчидан, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар иш ҳажмининг оптималлашиши, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва маъмурий низолардан келиб чиқадиган ишларни кўриш соҳасида судьяларнинг малакаси ошишига имконият яратади.

Шу билан бирга, ҳар бир фуқаро унинг иши ҳар томонлама, тўлиқ ва адолатли ҳал этилиши ҳуқуқига эга. Шу сабабли ҳам суд тизимида алоҳида айнан маъмурий ишларга ихтисослашган йўналишни яратиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Маъмурий судлар бутун дунёда давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низоларни ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари қонунийлиги устидан суд назоратини таъминлашнинг энг демократик механизми ҳисобланади. Давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятларни маъмурий суд томонидан ҳал этилишининг бир қатор ижобий жиҳатлари мавжуд бўлиб, шикоятлар холис, бетараф орган, қатъий белгиланган процессуал тартиб-қоидалар асосида ошкора, тортишувлик тамойиллари асосида кўрилиши, судда мурожаат этувчига ўз манфаатини ҳимоя қилиш учун далиллар тақдим қилишга қулай шароит яратиб берилиши, маъмурий судда қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш механизмларининг қатъий белгиланганлиги, суд томонидан қабул қилинган қарор ижросини таъминлашнинг қатъий тартиб-таомиллари мавжудлиги шулар жумласидандир.

Маъмурий судларнинг ташкил этилиши ва фаолият юритиши жаҳон амалиётига тўлиқ мос келади. Бугунги кунда маъмурий судлар Италия, Франция, Германия каби ривожланган мамлакатларда самарали фаолият юритмоқда.

Қайд этиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келганига алоҳида урғу берилди.

Ушбу йиғилишда Президентимиз «Асосий мақсад шуки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода «Адолат қўрғони»га айлантириш зарур», деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, адолат туй­ғусини халқимиз азалдан юксак қадрлаб, уни ҳамма нарсадан устун қўяди. Шунинг учун ҳам жамиятда барқарор мувозанатнинг, одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшашининг муҳим шарти бўлган бу одиллик тамойилини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш давлатимиз томонидан биринчи даражали вазифа сифатида қўйилмоқда. Жамиятда адолат ҳукм суришида давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни беқиёс.

Ҳозирда 207 та маъмурий судлар янги ташкил қилиниб, жами 262 та судья­лик лавозими штатлари ажратилган ва уларнинг бар­часи бинолар билан таъминланган. Мазкур судларни етук малакали кадрлар билан тўлдириш борасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Бу ўринда маъмурий судларга фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилганлиги инобатга олиниб, уларга фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларда тажриба орттирган малакали судьяларни тайинлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундай ишлар самарасида, маъмурий судлар келгусида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаб, ҳар қандай давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қатьий ва принципиал баҳо беришга қодир эканлиги намоён бўлмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, маъмурий судларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини, манфаатларини суд орқали ишонч­ли ҳимояланишига мус­таҳкам замин яратди.

 

Мўмин АСТАНОВ,

Ўзбекистон Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари. 



DB query error.
Please try later.