Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
07.12.2017

КОНСТИТУЦИЯГА БИНОАН

Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан ўта муҳим воқеа сифатида эътироф этилиб, инсонпарварлик ғояларига садоқат намунаси сифатида тан олиниб келинади.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида қонунларимиз либераллаштирилиб, инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштирилди.

Бош қомусимизда инсон ва унинг қадр-қиммати олий қадрият сифатида улуғланди. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни янада юқори босқичга кўтариш мақсадида 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси жазо тури сифатида бутунлай бекор қилинди ва Жиноят кодексидан олиб ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир». Зеро, инсон ҳаёти ҳуқуқий муҳофаза объекти сифатида илк бор Конституциямизда мустаҳкамланди. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда мазкур тарихий ҳужжатнинг аҳа­мияти беқиёс.

Мухбиримиз инсоннинг яшаш ҳуқуқи, яъни Ўзбекистонда жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариш бўйича қабул қилинган тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида юридик фанлар доктори, профессор Баҳром АҲРОРОВ фикрлари билан қизиқди.

— Ҳамма нарса таққосланганда билинади. Шу ўринда ўтмиш ва бугунги кун қонунчилигимиз қиёсланганда, аввало, қандай фарқланишлар кўзга ташланади?

— Собиқ шўролар тузуми даврида Ўзбекистон ССР Жиноят кодексидаги 33 та моддада ўлим жазоси кўзда тутилган бўлса, 1994 йил қабул қилинган янги мустақил Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида улар сони 20 тага қисқартирилиб, 13 та модда санкциясида ўлим жазоси назарда тутилган эди. Босқичма-босқич улар сони яна қисқартириб борилди. 1998 йилга келиб, ўлим жазоси назарда тутилган моддалар 8 та, 2001 йилда 4 тага, 2003 йилда эса 2 тага қисқартирилди.

2005 йил 1 августда Биринчи Президентимиз тарихий ҳужжатга имзо чекди. «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармон эълон қилинди. Бу инсонпарварлик тамойилларига қатъий амал қилаётган мамлакатимизнинг фуқаролари конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Фармонга кўра, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазоси жазо тури сифатида бутунлай бекор қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан олиб ташланди.

 Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасидаги бу ислоҳот жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинди ва маъқулланди. 2008 йил 5 январда матбуотда Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши муносабати билан Словения раислигининг Европа Иттифоқи номидан баёноти эълон қилинди.

Унда шундай сўзлар бор: «1. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан ўлим жазоси бекор қилинганини қизғин маъқуллайди. Биз Ўзбекис­тон ҳукумати ва халқ­ини ушбу муҳим қарор билан самимий қутлаймиз. Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини ушбу қарорни тўла рўёбга чиқариш ҳамда суд тизимидаги ислоҳотларни бундан буён ҳам изчил амалга оширишда қўллаб-қувватлайди.

2. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ўлим жазосининг бекор қилиниши инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлади, деб ҳисоблайди.

Европа Иттифоқи ўлим жазосининг бутун дунёда бекор қилинишига эришиш ўз фаолиятининг асосий мақсади эканини яна бир бор тасдиқлайди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши юқорида қайд этилган мақсад йўлида қўйилган муҳим қадам, деб билади ва минтақадаги бош­қа мамлакатлар ҳам бу борада Ўзбекистондан ўрнак олади, деб умид қилади».

Бу ҳужжат Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга берилган юқори баҳо ва эътирофдир. Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ўта муҳим воқеа бўлди. Нуфузли хорижий экспертларнинг фикрича, ушбу ва бошқа чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон дунёда энг либерал жиноят қонунига эга бўлди.

Бинобарин, ҳуқуқ тизимида жиноят учун жазонинг оғир ёки енгиллиги эмас, унинг муқаррарлиги муҳим ҳисобланади. Қолаверса, ўлим жазоси маҳкум учун ҳеч қандай тарбиявий аҳамиятга эга эмас. Бу жазо инсонни ахлоқан тузатмайди.

Жиноий жазо — жиноят содир этган шахсларни қайта тарбиялаш, жамият учун хавф­ли ҳаракатлар содир этишдан тийиш, кейинги ҳаётини фойдали томонга буриш воситаси. Маҳкум жазони ўташ пайтида озодлик ва инсон яшаши учун зарур бўлган бош­қа ҳуқуқларнинг қадрига етади, керакли хулоса чиқаради.

— Ўзбекистон мустақилликнинг қисқа даврида ўлим жазосидан бутунлай воз кечди. Ваҳоланки, кўпгина ривожланган демократик давлатлар қонунчилигида ўлим жазоси сақлаб қолинган. Бу ҳолни қандай изоҳлаш мумкин?

— Шу ўринда бир гапни айтсам. Демократик давлат ўз фуқаросидан воз кечмаслиги керак. Яъни қонунчилигида ўлим жазоси бор давлатда демократия тўғрисида гапириш, фикримча, ортиқча.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг қисқа вақтида, яъни ўн етти йилда ўлим жазосидан воз кечишга эриша олди. Бундай ютуқларга демократик ҳисобланган Европа давлатлари бир, ҳатто икки асрлаб ҳаракат қилганликлари тарихдан маълум. Ўлим жазосини бекор қилиш жиноятчиликнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлади, деган фикрлар ҳам нотўғри, асоссиз эканлиги Ўзбекистон мисолида исботланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўлим жазоси жазо тури сифатида ўзини ҳеч қачон оқлаган эмас. Дунё тажрибасида ўлим жазосини қўллашнинг жиноятчиликни камайтиришга умуман боғлиқ эмаслиги аллақачон исботланган. Аксинча, уни тайинлашда йўл қўйилган ­хатолар орқали кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳаётдан эрта маҳрум қилинди. Собиқ шўролар тузумидаги қатағон йилларида ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилиниб, қанчадан-қанча боболаримиз асоссиз отиб ташланди. Аччиқ ҳақиқат шуки, ўлим жазосининг адолатсизлиги аниқланса, уни ҳеч қачон тузатиб бўлмайди. У кейинчалик тузатиб бўлмайдиган жазо тури сифатида ҳам хавф­ли ва адолатсиздир.

Таъкидлаш керакки, дунё­нинг кўпгина мамлакатларида бу жазо туридан мутлақо воз кечиш ёки ижро қилишга мораторий қўллаш амалиёти мавжуд. Бугунги кунда ер юзидаги юздан зиёд мамлакатда ўлим жазосидан бутунлай воз кечилган ёки улар амалда қўлланилмайди. Шу жумладан, йигирмадан ортиқ давлатда ўлим жазосига ҳукм этиш ёки уни ижро қилишга мораторий ўрнатилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1977 йил 8 декабрдаги резолюциясида ўлим жазоси борасида кўзда тутиладиган асосий мақсад, бундай жазони бекор қилиш эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, ўлим жазоси қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар миқдорини камайтириб боришдан иборат бўлмоғи лозимлиги қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7-моддаси «Инсонпарварлик принципи» деб аталиб, унда «Жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди. Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо та­йинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак»лиги айтилган.

2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши мамлакатимизда инсон ҳаётининг дахлсизлиги ва унинг яшашга бўлган ҳуқуқи кафолатланди. Қолаверса, ушбу ҳужжат инсонийлик ва бағрикенгликнинг юксак намунаси сифатида нафақат ­халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан катта хайрихоҳлик билан кутиб олинди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши ­халқаро тамойил ҳамда Конс­титуциямизга мос келувчи энг мақбул йўл танланганининг яққол исботидир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: