29.06.2017

АНИҚ РЕЖАЛАР, ҚАТЪИЙ ЧОРАЛАР

Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасида журналистлар учун навбатдаги тадбир ташкил этилди

Унда бошқарманинг масъул ходимлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришди. Қайд этилдики, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида Тошкент вилоятида кенг миқёсли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни аниқлаб қўлга олиш, аҳолининг паспорт тизими қоидаларига риоя этишларини таъминлаш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалла ҳудудида профилактика инспекторлари иш самарадорлигини ошириш учун зарур ша­роитлар яратиш, жамиятда қонун устуворлиги, адолат, тинч­лик-осо­йишталик ва тотувликни қарор топтириш каби масалаларда учрашувлар ўтказилмоқда.

— Вилоятимиз ҳудудида жорий йилнинг 8-15 июнь кунлари 77 жиноят қайд этилди, — деди Тошкент вилоят ИИБ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Мамасолиев. — Улардан бири бос­қинчилик, 2 таси қасддан танга оғир шикаст етказиш, 1 одам савдоси, 27 ўғирлик, 3 фирибгарлик, 7 гиёҳ­вандлик, 6 иқтисодий ва 30 бошқа турдаги жиноятлардан иборат.

Содир этилган жами 77 жиноя­т­нинг 69 таси фош этилган ва тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фош этилмаган 8 та ўғирлик жинояти бўйича айбдорларни қидириб топиш борасида барча тергов ва тезкор чоралар кўрилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб илгари содир этилиб, очилмаган 23 жиноят фош этилди. Қидирувда юрган 29 нафар шахс ушланди.

Шаҳар-туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, маҳалла, ўқув муассасалари ва бош­қа мутасадди ташкилотлар ходимлари иштирокида бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди.

Ҳафта давомида 16 минг 462 хонадон ўрганилди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 2 минг 342 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Майда безорилик содир этган 28 нафар шахс жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорлари билан маъмурий қамоққа олиниб, махсус қабулхонага жойлаштирилди.

Ички ишлар органларининг ҳисобида турувчи диний экстремистик оқимга мансуб шахслардан 322 нафари, илгари судланган шахслардан 642 нафари ва бошқа тоифадаги шахсларнинг 325 нафари билан бирма-бир профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш мақсадида содир этилган жиноятлар бўйича муҳокама йиғилишлари ўтказилди. Ушбу муҳокамаларда 72 минг­дан ортиқ фуқаро қамраб олинди.

Бундан ташқари, шу йилнинг ёзги мавсумида вилоят ҳудудида жойлашган 49 та болалар дам олиш ва соғ­ломлаштириш оромгоҳларида ишчи гуруҳ аъзолари ва Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош­қармаси билан ҳамкорликда болаларнинг дам олиш ва соғ­ломлаштириш оромгоҳларига хавф солувчи табиий омиллар, оромгоҳларнинг ёнғинга қарши, ҳаракат хавф­сизлиги ҳолати мониторинг тариқасида ўрганилиб, кўрикдан ўтказиш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Оромгоҳларда кечаю кундуз хавф­сизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳар бир оромгоҳга 3 нафардан, жами 148 нафар ички ишлар ходими бириктирилди. Шунингдек, дам олиш оромгоҳларига яқин масофада жойлашган маҳаллаларда яшовчи аҳоли ўртасида, айниқса, ички ишлар идораларининг профилактик ҳисобида турган шахслар ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан профилактик-огоҳлантирув ишлари олиб борилди.

Тошкент вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида бир қатор ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳафта давомида вилоят ҳудудида 25 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 24 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош­қармаси ходимлари томонидан 3 минг 798 та йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланди. Булардан қўпол қоидабузарликлар 1 минг 405 тани ташкил этади.

Шу ўринда содир этилган жиноятларнинг айримларига тўхталсак. Бўстонлиқ туманида жорий йилнинг 20 май куни соат 12.00 ларда Хондойлиқ қишлоғида яшовчи, Бўстонлиқ қишлоқ хўжалик ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси, 1999 йилда туғилган Зоиржон Усканов ўзаро жанжал оқибатида, шу қишлоқда яшовчи, 1999 йилда туғилган Шаҳбоз Тинкановнинг ўнг томон бел қисмига ош пичоғи билан бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи шифохонага мурожаат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бўстонлиқ туманида яшовчи Эркин Саитбобоев таниши Умид Курганов билан ўзаро суҳбат чоғида Чорбоғ шаҳарчасида жойлашган дала ҳовлисини номига расмийлаштириб олишда ёрдам беришини сўрайди. Умид Курганов илгари ҳокимликда мансабдор лавозимда ишлагани, озроқ «харажат» қилса, кўмак бериши мумкинлигини айтади. Оз эмас, кўп эмас, 700 АҚШ доллари эвазига «иш»ни битириши мумкинлигига шаъма қилади.

Эркин Саитбобоев рози бўлади ва Умид Кургановга 400 АҚШ доллари беради. Бироқ келишув муддати ўтса ҳам ҳужжатлар ҳал бўлмайди. Ниҳоят, жабрланувчи ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилади.

Умид Курганов ўзининг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, фирибгарлик қилганлигини, олган 400 АҚШ долларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлигини тан олди. Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган хужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилган.

Қисқача айтганда, Тошкент вилоя­ти ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ режалар асосида иш олиб бориб, қатъий чоралар кўришмоқда.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.