24.06.2017

«ЗАҲРИ ҚОТИЛ» ЙЎҚ ҚИЛИНДИ

Пойтахтимизда Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан ҳамда гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида ўтказилган тадбирда 2 тонна 4,5 килограмм гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди.

Тадбирда мутасадди идоралар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси ва гиёҳвандлик дунё миқёсидаги энг долзарб муаммолардан биридир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига қараганда, дунё миқёсида ҳар йили гиёҳвандликка чалинган 230 минг киши ҳаётдан бевақт кўз юмади. Шу боис наркотик воситалар контрабандаси ва ноқонуний савдосига қарши курашиш халқаро аҳамиятга молик масалалардан. Мамлакатимизда гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Наркобизнесга қарши курашишда БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон 1995 йилда ушбу конвенция ва наркотикларга қарши курашиш борасидаги бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилган. Мамлакатимиз уларда белгиланган вазифаларни тўла бажариб келмоқда.

Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича давлат тизими шаклланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда бу офатга қарши курашувчи алоҳида тизим иш олиб бормоқда. Соҳага оид фаолиятни давлат даражасида мувофиқлаштириш учун идоралараро орган — Давлат комиссияси фаолият юритмоқда.

Миллий қонунчилигимизда гиёҳванд­ликка оид жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари яратилган.

— Наркотик моддалар савдоси трансчегаравий муаммо бўлиб, уни ҳал қилиш учун миллий ва давлатлараро даражада қатъий, ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш талаб этилади, — дейди БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал. — Ўзбекистон Республикаси «заҳри қотил»га қарши курашишда халқаро ташкилотларнинг стратегик шериги ҳисобланади ва ҳар йили ушбу йўналишда салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимиздан ва самарали натижаларга эришаётганимиздан мамнунмиз.

2016 йил Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан наркотрафикка қарши курашишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда наркотик моддаларни мамлакатимизга олиб кириш йўлларини беркитиш, уларнинг нафақат мамлакатимиз ичида ноқонуний муомалада бўлиши, балки ҳудудимиз орқали транзит қилинишига ҳам чек қўйиш, уюшган жиноий гуруҳларни йўқ қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2016 йилда 6 минг 600 дан зиёд наркожиноят фош этилган. Улардан ярмини наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш ташкил қилган бўлса, қолганлари контрабанда, гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, бангихоналар ташкил этиш ва бошқа турдаги жиноятлардир.

— Оғуфурушлар мамлакатимизга наркотикларни асосан Тожикистон ва Қирғизистон орқали олиб ўтишга уринмоқда, — дейди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот маркази катта ходими Лола Йўлчибоева. — Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жануби-шарқдан Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимоли-­шарқдан Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб киришга уриниш ҳоллари кузатилаётир. Бунга қарши аниқ йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар самарасида гиёҳванд моддаларнинг йўлига мустаҳкам тўсиқ қўйилган.

2016 йил 3 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида гашиш наркотик моддасини контрабандаси ва ўтказиш-сотиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ қўлга олинган. 2016 йилнинг 4 март куни ушбу гуруҳ аъзоларидан бирининг уйи тинтув қилинганда 15,5 килограмм миқдордаги гашиш гиёҳванд воситаси топилиб мусодара қилинган. 2016 йилнинг иккинчи чораги мобайнида Сурхондарё вилоятининг чегара ҳудудларида олиб борилган 24 ҳолатда эгасиз яширилган 327 килограмм опий, 10,8 килограмм гашиш, 1,6 килограмм героин гиёҳванд воситалари мусодара қилинган.

Ўзбекистонда 2016 йилда гиёҳ­ванд­лик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширганлиги учун ушланган шахсларнинг 110 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этган. Улардан 340 килограмм наркотик воситалар, 2,4 мингдан ортиқ психотроп таблетка, 45,8 грамм прекурсорлар мусодара қилинган. Мисол учун, 2016 йил 6 январь куни Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 1985 йилда туғилган Афғонистон фуқароси Гулмамат Худойберди ўғли 30 килограммга яқин опий гиёҳванд воситасини контрабанда йўли билан олиб ўтаётганда қўлга олинган. 2016 йил 9 март куни Тошкент вилояти Бекобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 4 килограммга яқин героин гиёҳванд моддаси мусодара қилинган.

«Қора дори — 2016» кенг қамровли тадбири давомида 1 минг 70 ҳолатда 4 минг 933 квадрат метр майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар экилганлиги аниқланган.

Бош прокуратура томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов олиб борган наркотик воситалари билан боғлиқ 4 минг 762 жиноят иши назорат тариқасида ўрганилган. Судлар томонидан 4 минг 726 шахсга нисбатан наркотик воситаларнинг ноқонуний ­муомаласига оид 3 минг 484 жиноят ишлари кўриб чиқилган.

Диспансер рўйхатида турадиган гиёҳванд беморлар сони 2 минг 713 тага камайиб, 10 минг 505 тани ташкил этди. Наркология соҳаси мутахассислари томонидан аҳолининг турли қатламлари орасида кўплаб тадбирлар ўтказилаётгани, оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишлар қилинаётгани гиёҳвандликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз мутасадди идоралари ва ташкилотлари вакилларининг малакасини ҳамда профессионал кўникмаларини ошириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, халқаро лойиҳалар доирасида ўтказилган семинар, тренинг ва ўқув-амалий машғулотларда 204 мутахассис қатнашган. Халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар билан биргаликда мавжуд техник асбоб-ускуналар янгиланган.

Мамлакатимизда амал қилаётган тартибга мувофиқ, судда ашёвий далил сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари ҳукм қонуний кучга киргач, махсус печларда ёқиб юборилади. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 1994 йилдан буён 57 тонна 443 килограмм наркотик моддалар йўқ қилинган.

 

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.