17.06.2017

СУДЬЯЛАР МАЛАКА ОШИРМОҚДА

Пойтахтимизда судьялар малакасини оширишга бағишланган ўқув-семинар бошланди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ташкил этилган тренинг машғулотларига видеоконференцалоқа тизими орқали мамлакатимиздаги барча маъмурий суд судьялари ва ходимлари қамраб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Деҳқонов, Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Д.Орипов ва бошқалар мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида, аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга қаратилган эзгу мақсад мужассамлигини таъкидлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 13 июнь куни суд органлари вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам тизимда одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида тўхталди. Суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга доир аниқ таклиф ва тавсиялар берди. Мазкур ўқув-семинарни ўтказишдан мақсад ҳам ана шу йиғилишда қўйилган вазифалар ижросини таъминлашдир.

Мамлакатимизда 207 маъмурий суд ташкил этилган. Семинарда маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш, уларда фаолият юритаётган судьяларнинг билими ва касб маҳоратини ошириш, судьялар томонидан тўғри ва адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судьялар суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик, ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан атрофлича таништирилиб, уларга одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида, тезкорлик билан ўрганиб, холис қарор қабул қилиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилаётир.

 

Г.САТТОРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.