Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
28.11.2017

ИНСОН ҲУҚУҚИ МУҚАДДАСДИР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятига инсон ҳуқуқи олий қадрият эканлиги чуқур сингдирилган. Хусусан, Конституциямизнинг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.

Конституциямиз ва унга асосан қабул қилинаётган қонунлар аҳоли турмуш фаровонлигини тобора юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бош қомусимиздаги эзгу ғоялар ўзининг ҳаётий ифодасини топиб бораётир.

Конституциямизда давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани белгилаб қўйилган.

Жорий йил 12 сентябрда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғ­рисида»ги Қонун инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаётимизга жорий этилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилинганлиги бунинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди.

Президентимизнинг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони барча даражадаги давлат органлари фаолиятида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган тамо­йилни амалда қарор топтириш, шунинг­дек, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга асос яратди.

Фармонга мувофиқ ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишда долзарб ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат ­жиҳатидан янги тизими жорий этилиши фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис, Ҳукумат, давлат бош­қаруви органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили учун белгиланган вазифалар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларининг тубдан такомиллашишига хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.

Унда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масалалари иккинчи устувор йўналиш сифатида белгиланди. Мазкур йўналишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Кўзланган мақсад фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансоларлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўришдир.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва бу соҳадаги қонунийликни таъминлаш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунинг учун адлия органлари тизимида ҳам мурожаатлар билан ишлаш механизми тубдан такомиллаштирилмоқда. Жумладан, «Facebook» ижтимоий тармоғида «Адлия билан мулоқот» саҳифаси очилди.

Унга келиб тушаётган таклиф, мурожаатлар ва хабарлар диққат билан кўриб чиқиляпти, фуқароларга амалий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиляпти, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Ўтган давр мобайнида адлия органларига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида келиб тушган 5383 мурожаатнинг 2253 таси кўриб чиқилди.

Уларнинг 1027 таси шикоят, 272 таси ариза ва таклиф, 234 таси «ишонч телефони»га қабул қилинган мурожаатлар, 720 таси эса «Ягона интерактив давлат хизматлари портали» орқали келиб тушган мурожаатлардир.

Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра, тегишли идораларга 260 тақдимнома киритилиб, унга мувофиқ ноқонуний бўлган 19 та ҳужжат ижроси тўхтатилган ва бекор қилинган. Қонун бузилишлар содир этилишида айбдор бўлган 432 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 79 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Шунингдек, қонунчиликни бузиш ҳолатлари юзасидан 218 огоҳнома киритилиб, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан киритилган таклифларга кўра, 136 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга киритилган даъво аризаларига асосан 369166000 сўмлик 136 даъво ариза судлар томонидан қаноатлантирилди.

Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг қарорига асосан вилоят «Иссиқлик манбаи» унитар корхонасидан 9355930 сўм пул маблағлари фуқаролар фойдасига ундириб берилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, муаммолар аниқланиб, амалдаги қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича қонун ло­йиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан ташаббускорлик ҳуқуқи асосида Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Бироқ қонунчиликда шахснинг ўзи ёки яқин қариндошларининг муқаддам судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш тартиблари аниқ белгиланмаганлиги фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Ҳаётда фуқаронинг яқин қариндошлари ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу конс­титуция меъёрларига зиддир.

Шунинг учун бу масаланинг ҳуқуқий ечимини назарда тутувчи қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишилиб, кўриб чиқиш учун ҳукуматга киритилди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, инсон манфаатларини таъминлаш учун энг аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билишимиз лозим.

Халқ билан мулоқот қилиш эса инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга хизмат қилади.

 

Зафар МУСТАФАҚУЛОВ,

Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: