27.04.2017

«ЯГОНА ДАРЧА» МАРКАЗЛАРИ

кимга ва нимага хизмат қилади?

Давр тақозоси билан тилимизга бир қатор янги атамалар баробарида «ягона дарча» атамаси ҳам кириб келди. 2016 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолият олиб бормоқда.

Ўтган қисқа вақт мобайнида, нафақат тадбиркорлар, балки барчамиз «Ягона дарча» марказлари имкониятлари ва қулайликларини ҳис эта бошладик. Бугун ушбу марказларни билмаган ва уларга иши тушмаган одамни учратиш қийин. Шиддат билан давом этаётган ислоҳотлар ва жамия­тимизда рўй бераётган муҳим ўзгаришлар «Ягона дарча» марказлари фаолиятини янги талаблар даражасига кўтаришни, иш услуби ва механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъек­т­ларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қў­ш­имча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

— Ҳозирги пайтда «Ягона дарча» марказлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Биз шу ва бошқа саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нўъмон МУҲАММАДИЕВга мурожаат қилдик.

— Халқимиз билан ўтказилаётган барча турдаги очиқ мулоқотлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар лицензия ва рухсатномалар бериш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида қатор муаммолар тўпланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун ҳанузгача турли тўсиқ ва ғовларга дуч келмоқда. Кўпчилик давлат идораларида ҳамон одат тусига кириб қолган эски усул — қоғоз шаклида хизмат кўрсатилмоқда.

Қарорга мувофиқ, «Ягона дарча» марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилди. Эндиликда Адлия вазирлиги «Ягона дарча» марказлари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади. Мазкур вазифаларни бажариш учун вазирликда Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, жойларда эса унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг 1 февралига қадар мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарлари ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган бундай марказларда тадбиркорлик субъектларига 16 турдаги давлат хизмати кўрсатиб келинган бўлса, эндиликда «Ягона дарча» марказлари Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, улар орқали расмийлаштириладиган лицензия ва рухсатномалар сони 16 тадан 102 тага оширилди. Ана шундай ижобий амалиётни янада кенгайтириш мақсадида қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни «Ягона дарча» марказлари орқали расмийлаштириш механизми бос­қичма-бос­қич жорий этилиши назарда тутилган.

— Бу хизмат турлари нималардан иборат? Шу ҳақда кенгроқ тўхталиб ўтсангиз...

— «Ягона дарча» марказлари орқали тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ер учас­ткаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, турар жойни нотурар жойга айлантириш каби масалалари бир жойда ҳал бўлмоқда.

Қарор шарҳида таъкидланганидек, бу ўзгаришлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва рас­миятчилик ҳолатларига йўл қўймасликка, замонавий ахборот-коммуникация технология­ларини кенг қўллаш орқали уларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, қарор билан қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни «Ягона дарча» марказлари орқали расмийлаштириш механизмини бос­қичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда. Яъни, шулардан 18 таси 2017 йилда, қолган 68 тасининг амалга оширилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган.

Масалан, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармацевтика ва тиббий фаолиятни амалга ошириш учун ли­цен­зия­си, вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари рекламасини жойлаштириш, Ташқи меҳнат миграция­си масалалари агентлигининг хорижий ишчи кучларини жалб қилиш, 1 октябрдан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензияси ва шу каби бошқа лицензия ҳамда рухсат берувчи давлат хизматлари босқичма-босқич фақат «Ягона дарча» марказлари орқали амалга оширилади.

Яна бир нарсани таъкидлаш керак. Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш «Ягона дарча» марказлари зиммасига юклатилди. Бундай чора тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг мавжуд тарқоқ тизими ўрнига янги, яхлит тизимни яратишга қаратилган.

«Ягона дарча» марказлари орқали давлат хизматларини сифатли ва самарали кўрсатишга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун Республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилмоқда.

— Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қанча «Ягона дарча» марказлари фаолият кўрсатмоқда? Уларнинг самарадорлиги қандай?

Айни пайтда мамлакатимизда 194 «Ягона дарча» маркази ташкил этилган. Улар аҳолига қулай бўлган жойда, барча шарт-шароит яратилган ҳолда иш юритмоқда. Марказларда танлов асосида ишга олинган олий маълумотли мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Марказлар ҳуқуқий ахборотлар, қўлланмалар билан таъминланган. 2016 йилда марказларга 102 мингдан ортиқ мурожаат тушган бўлса, уларнинг барчаси вақтида ечимини топди. Эътиборлиси, жорий йилнинг ўтган даврида 95 минг­дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти иш бошлаган бўлса, уларнинг 9 мингга яқини интернет орқали рўйхатга олинди.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари лицензия ва рухсатнома олиш учун бошқа идораларга бормасдан, уларни аниқ муддатларда берадиган «Ягона дарча» марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунинг билан бирга, 2018 йил 1 январдан бошлаб «Ягона дарча» марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинади. Бунда берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек, амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни «Лицензия» ахборот тизимлари мажмуаси орқали олиш имконияти яратилади.

Мазкур мажмуа 2017 йилнинг I чорагида ишга туширилди. Натижада тадбиркорлар нафақат давлат хизматларини электрон шаклда олиш, рухсатнома ва лицензиялар реес­тридаги маълумотлардан масофада туриб фойдаланиш, балки аризаларни кўриб чиқиш жараёни ва натижасини, қаерда ва қай тарзда мурожаат этганидан қатъи назар, кузатиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Қолаверса, 2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, фақат «Ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати ишлаб чиқилади.

— Марказларга мурожаат этиш ва уларнинг ишлаш тартиби қандай?

— Тадбиркор марказга бир неча усуллар билан мурожаат қилиши мумкин: шахсан, телефон орқали, почта хизмати, call-марказ ёки интернет ёхуд информацион киоск орқали. Интернет орқали мурожаат қилиш учун тадбиркор элек­трон рақамли имзога эга бўлиши керак.

Мурожаат қилиш усулидан қатъи назар, биринчи босқичда тадбиркор буюртмасини «Ягона дарча» маркази мутахассиси қайта ишлайди, ке­йин уни «инстанциялар бўйича» жўнатади. Қайд қилиш лозимки, тадбиркорга ҳужжат қанча инстанциядан ўтиши муҳим эмас, унинг учун натижани муддатида олиш муҳим. Бую­рт­­ма муддатида ижро этилишини Адлия вазирлиги кузатади. Улар ўз вақтида бажарилмаганлиги учун айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўради.

— Кўпчиликни кўрсатиладиган хизматлар қиймати масаласи қизиқтиради, албатта. Бу ҳақда нималар дейиш мумкин?

— Ҳар бир хизматнинг (рухсатномалар, лицензиялар) ҳақи тасдиқланган ягона нарх­нома асосида қабул қилинади. Марказларнинг мутахассислари давлат томонидан белгиланган хизматларни тақдим қилиш қийматини оширишга ҳақли эмаслар. Яъни, тадбиркор қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар бўйича тўланиши лозим бўлган тўловларни амалга оширади.

Марказлардаги ахборот бўлими (Call-марказ)нинг ўзидаёқ келган тадбиркорга давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул ва батафсил маълумотлар берилади.

— «Ягона дарча» марказларининг истиқболи ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

— Республикамизда марказлар ўз-ўзидан пайдо бўлмади, албатта. Ушбу марказларни барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилишдан аввал Сингапур, Жанубий Корея, Канада ва бошқа бир қатор давлатларнинг шунга ўхшаш тузилмалари тажрибаси ўрганилди.

Келажакда «Ягона дарча» марказлари тобора ривожланиб бораётган ахборот тизимлари ва компьютер технологиялари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари асосида янада такомиллашиб боради, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилади.

        

«Ўзбекистон овози» мухбири

Фахриддин ПАРПИЕВ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: