02.03.2017

БОШ МАҚСАД — ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни муносабати билан Тошкент вилоятида ҳам кенг миқёсли тадбирлар амалга оширилаётир. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда жамоат тартибини сақлаш, хавф­сизликни таъминлаш, жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни аниқлаб, ушлаш бўйича чоралар кўрил­япти. Шунингдек, аҳолининг паспорт тизими қоидаларига риоя этишларини таъминлаш, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалла ҳудудида профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини ошириш учун зарур шароитлар яратиш, жамиятда қонун устуворлиги, адолат, тинчлик-осойишталик ва тотувликни қарор топтириш каби масалаларда учрашувлар ўтказилди.

Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Рустам Абдуллаев ва Чиноз тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Баҳодир Воитовлар ташаббуси билан Чиноз тумани ички ишлар бўлимининг соҳавий хизматлари, профилактика инспекторлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар, ҳокимлик вакиллари, хотин-қизлар қўмитаси, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, «Камолот» ЁИҲ, ўзини ўзи бошқариш органлари, имом хатиблар билан ҳамкорликда 10 маҳалла, 3 мактаб, 2 касб-ҳунар коллежида учрашувлар ўтказилди.

Тадбирлар давомида ички ишлар органларининг махсус ҳисобида турувчи, диний экстремистик оқимга аъзо бўлган 14 нафар шахс, 19 нафар илгари судланган шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. «Давомат» тадбирлари давомида 18 нафар ўқувчи сабабсиз дарсга қатнашмаётганлиги аниқланиб, 2 нафар ота-онага нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун ҳокимлик ҳузуридаги Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясига юборилди. 12 нафар шубҳали шахс милиция таянч пункт­ларига келтирилди, 18 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли чоралар белгиланди.

Ангрен шаҳрида профилактика инспекторлари учун қулай шароитлар яратиш, уларни уй-жой ва автоулов билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ангрен шаҳар ҳокимининг «Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимининг Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлинмаси профилактика инспекторларига хизмат уй-жойлари ажратиш тўғрисида»ги қарори асосида 10 нафар профилактика инспектори хизмат уйлари ва 5 нафари автомашина билан таъминланди.

Ангрен шаҳар ҳудудида жойлашган 18-сонли умумий ўрта таълим мактабида, «Тараққиёт», «Нуробод» ва «Гўзал» МФЙларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлиллар асосида ўрганилиб, уларнинг олдини олиш борасида аҳоли билан мулоқотлар ўтказилди.

— Асосий эътиборни содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларига қаратяпмиз, — дейди Ангрен шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Шуҳрат Шахабханов. — Келгусида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўзимиз учун зарур йўналишларни белгилаб олаётирмиз.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида Чирчиқ шаҳар ҳудудида содир этилган жиноятлар юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ бошлиғи Умид Шомахсудов ташкилотчилигида А.Темур, «Маданият», «Баҳор», «Юлдуз», «Қуёш», «Лола», «Ифтихор», «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раислари ва шу ҳудудга бириктирилган масъуллар иштирокида жиноятларнинг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабаблари бўйича аҳоли билан учрашув ва тушунтириш ишлари олиб борилди.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари хусусида Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари Чирчиқ шаҳар 14-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, «Холис ният сервис», «Чирчиқ либерти транс» ҳамда «Мега стар люкс» МЧЖлари ҳайдовчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди, суҳбатлар уюштирилди.

Шунингдек, вилоятда ёнғинларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, гиёҳванд­лик, гуруҳбозлик ва жанжалга мойил ўқувчилар ўртасида алоҳида профилактик тадбирлар амалга оширилди. Тошкент вилояти перинатал маркази, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси, Чирчиқ техника касб-ҳунар коллежи ва Чирчиқ саноат касб-ҳунар коллежида шу каби учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтди.

Бундай тадбирларни вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказиш режалаштирилган.

 

Нуриддин АБДУЛЛАЕВ,

Тошкент вилояти ИИБ ходими, катта лейтенант.



DB query error.
Please try later.