11.02.2017

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ

мазмун-моҳияти ва аҳамияти халқимизга ўз вақтида етказилиши керак

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча қабул қилинган «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятидан ижрочилар ва аҳолини тез ва тўла хабардор этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг самарали механизмларини ўрнатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига қатор функция ва вазифалар юклатилган. Улар ижроси бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билан танишинг.

 

Музраф ИКРАМОВ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири:

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституция байрамига бағишланган тантанали маросимда қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми бўлиб, асосий масала қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлаш, бу бўйича самарали механизм яратиш кераклигига алоҳида эътибор қаратган эди.

Ушбу масаланинг ҳуқуқий ечими сифатида Президентимизнинг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ижрочилар ва аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг сифатини ошириш, ушбу соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилган. Шу билан бирга, мазкур қарор ҳуқуқий тарғибот, юридик таълим ва суд-экспертизаси фаолиятини янги босқичга кўтариши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, у асосида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди, шунингдек, унда Идоралараро кенгашнинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Демак, адлия органлари, Идоралараро кенгашга аъзо вазирлик, идора ва ташкилотлар зиммасига жуда катта масъулият юкланмоқда.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, бешдан ортиқ янги қонун ҳужжатлари лойиҳалари, шу жумладан, «Ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, қарор асосида Олий Мажлис Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида ҳар йили тегишлича Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг аҳволи тўғрисидаги ахбороти эшитилиши жорий қилинади. Қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш учун ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ва Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг замонавий шакли яратилади.

Қарор мазмун-моҳиятига бағишлаб Юристлар малакасини ошириш марказида вазирлигимиз мутахассислари, Идоралараро кенгаш аъзолари, депутатлар, сенаторлар ҳамда манфаатдор ташкилот ва муассасаларнинг масъул раҳбар-ходимлари иштирокида конференция ташкил этилди. Бу каби тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

 

Нодиржон ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари:

— Ҳамма фойдаланиши учун қулай бўлган ахборот тизими яратилса, жамиятда ҳуқуқий маданият юксалади, қонун устуворлиги таъминланади. Норматив база тўғрисида тўлиқ ва тезкор ахборотга эга бўлган фуқаро бевосита ва ўз вакиллари ор­қали давлат ва жамият ишларини бош­қаришда, қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришда, амалдаги қо­нун ҳужжатларига риоя қилиниши ва бажарилишида ҳамда жамоатчилик назорати ўрнатилишида бевосита иштирок эта олади.

Адлия органлари томонидан турли ташкилотларда қонун ҳужжатларининг назорат ҳолатининг юритилиши ҳамда қонун ҳужжатлари билан таъминланиши ўрганилганида, аҳвол қониқарсиз экани маълум бўлди. Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли тушунтиришлар берилса-да, улар бу масалага етарли даражада эътибор қаратмай келаётган эди. Президентимизнинг ушбу қарори юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларида тегишли қонун қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга масъул бўлган давлат органлари аниқ кўрсатилиши шартлиги белгилаб қўйилганидир.

Шу пайтга қадар бизда қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул идоралар белгиланарди, лекин қабул қилингач, уни ижрочиларга етказиш, аҳоли ўртасида тушунтириш, ижросини ташкил қилиш билан боғлиқ вазифалар очиқ қолар эди. Энди бу каби ҳолатларга чек қўйилади.

Баъзан оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжати тарғиботини амалга оширишда хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилади. Бунинг асосий сабаби кўп ҳолларда қонун ҳужжати тарғиботи билан шуғулланаётган шахсда етарли даражада маълумотлар йўқлигидадир. Ушбу қарорда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни унга оид материаллар (ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган таққослаш жадвали) билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юбориш, ўз нав­батида, вазирликка бир кун ичида уларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказиш мажбурияти юклатилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига ўз вақтида етказиш, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик ва назорат қилиш учун вазирлик таркибида Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бош­қармаларида ҳудудий бўлимлари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида оммавий ахборот воситаларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқу­қий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини етказиш бўйича ролини янада кучайтиришни назарда тутувчи комплекс дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.

 

Алижон ОЧИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи:

— 2011 йили Адлия вазири раислигида давлат бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари раҳбарларидан иборат Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш тузилган эди. Лекин ўтган вақт бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, кўзга ташланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш кераклигини кўрсатди.

Шулардан келиб чиқиб, Президентимизнинг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида парламент палаталари, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви, суд-ҳуқуқ органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги узвий ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги назарда тутилди.

Ҳозиргача давлат органларининг тарғибот бўйича фаолияти республика даражасида мувофиқлаштирилиб, аммо ҳудудлар миқёсида очиқ қолаётган эди. Юқорида таъкидланганидек, ушбу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида қарор билан Идоралараро кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланиб, адлия органлари раҳбарлари бошчилигида унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилиши белгиланди. Бундан ташқари, қонун ҳужжатининг тарғиботини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам эндиликда адлия органлари билан келишилади. Шубҳасиз, бу каби чора-тадбирлар мазкур йўналишдаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Қарорда ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш, аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш, ушбу соҳада фуқаролик жамияти инс­титутлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш Идоралараро кенгаш ва унинг ҳудудий комиссияларининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Эътиборингизни яна бир масалага қаратмоқчиман. Ушбу қарор билан Адлия вазирлиги зиммасига мамлакатда қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, шунингдек, суд экс­пертизаси фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштиришга оид қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди.

Бугун ноюридик таълим муассасаларининг ўқув режалари, дастурлари ва дарсликларини ўрганиб чиқиш, қайта тасдиқлаш ва янги авлод дарсликларини яратишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идораларида суд экспертизасига бўлган талаб ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бу биздан доимий изланишни ва янги экспертиза турларини ташкил этишни тақозо этади. Юқоридаги вазифаларни ҳал этиш учун ҳам вазирлик таркибида Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилмоқда.

 

Бобур КАРИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими:

— Ҳужжатларни электрон тарзда етказиш бўйича халқ­аро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ, Франция, Италия, Финляндия ва Россияда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босма ва электрон шаклда расмий эълон қилинади ва улар бир хил юридик кучга эга. Бельгия, Дания, Австрия, Нидерландия, Испания ва Португалияда эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босма нашрларда чоп этилмайди ва уларнинг ягона расмий манбаи элек­трон шакли ҳисобланади.

Айрим хорижий мамлакатларда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бевосита ижрочиларга етказишнинг аниқ муддатлари ҳамда ушбу фаолиятни ташкил этиш ва назорат қилиш учун масъул бўлган шахслар доираси белгиланган бўлиб, мазкур масала АҚШда акт, Швейцарияда қонун, Бельгияда ҳукумат қарори билан тартибга солинган.

АҚШ, Германия, Франция, Россия, Ҳиндистондаги давлат органларининг веб-сайтлари ёки расмий нашрларида нафақат янги қонун ҳужжатлари матни, балки уларни қабул қилиш зарурати, муҳокамалар натижалари ҳақидаги маълумотлар ва бош­қа ахборотлар ҳам эълон қилинади. Бу, албатта, ижрочилар ва аҳолининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ғояси, мақсадини ўз вақтида ва тўғри тушуниб олишига ёрдам беради...

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг ушбу қарори ҳуқуқий ахборотни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тарқатиш тизимини тубдан яхшилашга, халқимизни қонунчиликнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳуқуқий хабардор қилишнинг сифатини янада оширишга, энг муҳими, бу борадаги миллий тажрибамизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Маъмуржон ПАРПИЕВ

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.