28.01.2017

МУЛКИНГИЗ ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИЛГАНМИ?

Нозимжон ва Нодирахонларнинг яқинда тўйи бўлди. Нозимжоннинг отаси қишлоқ четида қурилган янги уйни ёшларга туҳфа этди. Бир мунча вақт ўтиб, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи бўлса-да, унинг кадастр ҳужжати мавжуд эмаслиги боис ёш оила хавотирда қолди. Ахир шунча меҳнат ва маблағ сарфлаб тикланган уй-жой рухсатсиз ерга қурилган бўлса, нима бўлади?

Кундалик ҳаётда бундай ҳолатларга тез-тез дуч келамиз. Ёки айрим турар жойлар авлоддан-авлодга мерос қолиб, оилалар узоқ йилдан буён яшайди. Лекин уларда ер участкасига, бино-иншоотга бўлган ҳуқуқий ҳужжат йўқ.

— Ер участкалари, уй-жойлар, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дарахтзорлар кўчмас мулк ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Ризаева. — Шу боис кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи, унинг бош­қа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Шунда фуқаро ёки юридик шахсда уларга бўлган мулк ҳуқуқи вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги «2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада дастуриламал бўлаётир. Мазкур муҳим тадбирни амалга оширишга «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси тизимидаги 3,5 мингга яқин ходим жалб этилган.

Айни вақтда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказишни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш бўйича комиссиялар фаолият юритмоқда. Хатловдан ўтказиш ишларини туман, шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, ер тузиш ва кўчмас мулк кадас­три давлат корхонаси, архитектура ва қурилиш бўлими, давлат солиқ инспекцияси, ички ишлар бўлими ва тегишли шаҳар, шаҳарча, қишлоқ фуқаролар йиғини вакилларидан иборат ишчи гуруҳи бажармоқда.

Хатлов тартибига кўра, ишчи гуруҳ аъзолари фуқаро хонадонига бориб, аввало, уй-жой бериш ҳақидаги маҳаллий ҳокимият қарорини, ер-мулк солиқлари тўловини, қурилган бино ва иншоотлар ҳақидаги маълумотни аниқлайди, умумлаштиради ва тегишли тартибда мулкка эгалиги тасдиқланган ҳужжатлар йиғма жилдини шакллантиради. Шу тарзда аҳоли яшаб турган уй-жойларнинг мустаҳкам электрон базаси яратилади. Бу уй-жой, мерос ҳуқуқи, солиқ тўловлари каби мол-мулк билан боғлиқ тушунмовчилик ва муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Хатлов кўчмас мулк объектлари, уларнинг миқдори, сифати ҳамда ҳуқуқий ҳолати тўғрисида ахборот олиш учун амалга ошириладиган кадастр чора-тадбирлар мажмуаси ҳисобланади. Кўчмас мулк объектларининг элек­трон маълумотлар базасида аниқ ҳисобга олиниши, мол-мулк ва ер солиғини ҳисоблаш учун солиққа тортиш объектларини тўлиқ рўйхатга олишни таъминлайди.

Хатловни ўтказишдан мақсад ер участкалари, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтзорларнинг эгаларини, улардан фойдаланувчиларни, ижарачиларни ҳамда улар эгаллаб турган ер участкалари майдонларини, бино ва иншоотларнинг ҳажмини, дарахтларнинг тури, сонини аниқлашдан иборат. Маълумотларни йиғиш, ишлов бериш механизмини стандартлашни ҳисобга олиш ва кадастр ахборот тизимини яратиш, давлат ҳокимияти органларини кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги ишончли, тўлиқ ахборот билан таъминлаш ҳам ялпи хатловнинг асосий вазифасига киради.

Бунда мутахассислар ҳар бир уй-жой, томорқа ерларини ўлчаб, ўлчов ишлари амалга оширилганлиги тўғрисида далолатномалар тузади. Ўлчов маълумотлари умумлаштирилиб, комиссияга тақдим этилади. Хатлов натижаларини ишчи гуруҳ пухта таҳлил қилади ва ер участкаларига ҳуқуқларни белгилаш, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни бузиш ёки уларни мулк ҳуқуқи билан сақлаб қолиш, ер участкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар билан мувофиқлаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Ишчи гуруҳ хатлов жараёнида кўчмас мулк объектларини текшириш, ер участкасини суратга олиш, бино ва иншоотларнинг ташқи ва ички ўлчамларини ўлчаш, кўп йиллик дарахтларнинг турини ва сонини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Бунда кўчмас мулк объектининг жойлашган жойи, умумий майдони, мулк­ка эгалик қилиш ҳу­қуқини берувчи ҳужжатлар, қўшимча ёки ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар, дарахт­ларнинг сони ва тури, ер участкасининг, бино ва иншоотнинг фойдаланиш мақсади — амалдаги фойдаланилиши бўйича ҳужжатлар назорат қилинади.

Жисмоний ва юридик шахс­ларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, хатлов оиланинг хўжалик юритиш шакли (шахсий ёрдамчи хўжалик ёки юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки ташкил этмасдан тузилган деҳ­қон хўжалиги), деҳ­қон хўжалигига айлантирилган бўлса, деҳқон хўжалигининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган реестр рақами ва санаси бўйича амалга оширилади.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ер участкаси, бино ва иншоотларга ҳуқуқий ҳужжатлари мавжудлиги туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш ишлари олиб бориш учун ер ­участ­каси ажратиш тўғрисидаги, қурилиши тугалланган уй-жой, бино ва иншоотларни комиссиянинг фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари, эгалик ҳуқуқини тиклаш ҳақидаги суд органларининг қарори каби ҳужжатларга эътибор қаратилмоқда.

Агар мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлмаса ёки сақлаб қолинмаган бўлса, унда бу масалани ҳокимият қошида ташкил этилган махсус комиссия кўриб чиқади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларига ҳуқуқларини белгилаш бўйича таклифларни тайёрлаш, уларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш жойлардаги ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган комиссияларга юкланган.

Шу кунларда хатлов маҳаллалар кесимида олиб борилмоқда. Унинг натижаларига кўра, 2 миллион 655 минг­дан зиёд кўчмас мулк объекти электрон маълумотлар базасига киритилди. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинди.

Жойларда яратилган кўч­мас мулк объектлари тўғрисидаги ишончли маълумотлар базаси маҳаллий бюджетнинг солиқ тушумларини кўпайтиришга хизмат қилади. Шунинг­дек, аҳолининг ер участкасига, бино-иншоотга бўлган ҳуқуқи мус­таҳкамланади. Зеро, Бош қомусимизнинг 53-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани қайд этилган.

 

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.