13.01.2021

ЖАДИДЛАРНИНГ БУЮГИ

Бугунги кунда таваллуд санасининг 145 йиллиги кенг нишонланаётган ­Маҳмудхўжа Беҳбудий Ўзбекистоннинг яқин тарихида чуқур из қолдира олган ва бутун умрини миллатни уйғотиш ғоясига бағишлаган, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятини сафарбар этган буюк шахс, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоси ва шубҳасиз етакчиси сифатида эътироф этилишга лойиқ.

Жадид адиби, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий тарихда бўлиб ўтган воқеаларни чуқур мулоҳаза қилиш, ундан ўрнак олиш ва энг асосийси – йўл қўйилган камчилик ёки хатоларни қайта такрорламасликка ишора қилиб “Мозийға қараб иш кўрмак хайрлидир,” деган сермазмун гапни айтган эди. Дарҳақиқат, тарих, жадидчиликнинг ғоявий отаси бўлган Исмоил Гаспринский таъбири билан айтганда, ўтмишдан сўзлаб келажакни англатади. Яъни, инсонлар ўз ўтмишларини, бошдан кечирганларини ўрганиш ва таҳлил этиш баробарида келажакда яна нималарни бошдан кечириши мумкинлигини тахмин қилиши, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламасликни ўрганиши мумкин.

Охириги йилларда катта минбарлардан янграётган “янги Ўзбекистон”, “учинчи Ренессанс” каби шиорлар ҳозирги Ўзбекистон ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий жиҳатдан янги бир босқичга кўтарилаётганидан дарак бермоқда. Айни ҳодиса бундан 120-130 йиллар олдин бизнинг яқин ва янги тарихимизда содир бўлган мураккаб ва шу билан бир қаторда жуда шиддатли ва зиддиятли воқеаларга бой кечган давр қайта такрорланаётгандай гўё.

XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида бутун Шарқ мамлакатлари бўйлаб ёйилган ислоҳотчилик ҳаракати чор Россияси қўл остида бўлган Туркистон ўлкасига ҳам кириб келди. Бу ислоҳотчилик ҳаракати “жадидчилик”, унинг вакиллари эса “жадид” номи билан тарихга кирди. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида сиёсий харитада пайдо бўлган 1991 йилдан ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотларда, ёзилган турли мазмундаги мақолаларда жадидчилик ҳаракатининг моҳияти турлича тадқиқ ва таҳлил қилинди, унинг кўлами ҳамда уни ҳаракатга келтирган шахслар ҳаёти, ижоди, жамиятга бўлган таъсири масалалари ёритилди. Аммо ҳануз тўлалигича очиб берилмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 30 сентябрь куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан зиёлиларга қилган мурожаатида жадидчилик ҳаракати, шахслари ҳақида тўхталди ва “мамлакатимизда учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди” деган фикрни айтиб ўтди. Дарҳақиқат, агар тарихий вазият имкон берганида эди, уйғониш инқилоби амалга ошган бўлар эди. Бунинг янада чуқурроқ изоҳини яна Президент сўзлари билан айтадиган бўлсак, “бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар”.

Бугун Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний, Фитрат, Ибрат каби жадидларнинг миллат келажаги, мамлакат тараққиёти ва энг муҳими, унинг мустақиллиги, эрки учун қилган меҳнат ва хизматларини аҳолининг кенг қатлами, хусусан, навқирон ёш авлодга борича етказиб бериш янгидан кун тартибига чиқди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори ва Авлоний истиқлол, озодлик, эркинлик учун қилган фидокорлиги, шу билан бир қаторда «миллий таълим ва тарбия тизимини” яратишдаги ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Улар хизматига ҳукумат томонидан кўрсатилган бундай юксак эътиборни олдимизда қилинадиган ишларнинг дебочаси деб қабул қилишимиз керак.

Жадидчилик ва жадидлар фаолияти бугунги кунда ўрганилиши, тарғиб қилиниши зарур, ҳаводай зарур. Биз учинчи Ренессансни “стратегик вазифа” деб қарасак, уни “миллий ғоя даражасига” кўтармоқчи бўлсак, жадидларимиз таъкидлаганидек, “ҳар ким ўзгариши керак. Ҳар ким ўзгаришни ўзидан бошлаши керак”. Бу ўринда айниқса зиёлилар, мансабдор маъмурлар ўзгаришни ўзларидан бошламас экан, биз олдимизга қўйган юксак стратегик вазифани уддалай олмаймиз.

Жадидлар ислоҳотни мактабдан, аниқроғи, бошланғич мактабдан бошлади. Бу бежиз эмас эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий бошлиқ туркистонлик жадидлар бошланғич таълимни она тилида беришга мўлжалланган миллий мактабларнинг умуммиллий институтини яратишга қаратилган дастурни таклиф этди. Эътибор беринг: бошланғич таълим боланинг она тилида берилиши керак. Агар яқин тарихимиздан хабардор бўлсангиз, сизга маълум: бундан 120-130 йиллар олдин ҳам мактабларда ўқитиладиган бирорта туркий тилдаги китоб мавжуд эмас эди. Барча дарс китоблари форс ёки араб тилида эди. Жадидлар бола бошланғич саводини ўз она тилида чиқариши унга миллат, миллият тушунчаларининг чуқурроқ сингдирилишини таъминлайди, деб қарадилар. Ўз навбатида Туркистон жадидларининг етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий қуйи ва юқори мактабнинг ислоҳ этилиши миллатнинг ислоҳ этилишига олиб келади, деб ҳисоблади. Унинг таъкидлашича, миллатнинг ислоҳ этилиши – бу миллий ғоя бўлиб, уни барча тарғиб қилиши керак. Мана Беҳбудий таклиф қилган миллий ғоя!

Беҳбудий “умуммиллий ғоя” моҳиятини тушунтирар экан, ушбу ғоя қолган барча ғоялардан юқори туриши кераклигини таъкидлайди. Унга кўра, миллатни улуғлаш, мақсадларни юқори кўтариш, миллатнинг ҳақиқий бирлиги – бу “умуммиллий ғоя”нинг туб моҳиятини ташкил этади. Бу ғоя миллатнинг келажакка интилиши ва ундан келадиган фойдасини акс эттириши лозим.

Жадид мактаби, бугунги истилоҳлар билан айтадиган бўлсак, инновацион ва “смарт” мактаб эди. Унда жорий қилинган “товуш усули” бугунги таълимнинг асоси, керак бўлса, тамал тоши. Ислоҳотларнинг бошланғич мактабдан бошлангани ҳам бежиз эмас эди. Чунки мактаб қолган барча нарсанинг пойдевори, у мукаммал бўлмас экан, миллат тараққиёти ҳақида гапириш ҳам бефойда. Шу сабабдан ҳам учинчи Ренессанс бўсағасида турган янги Ўзбекистонда ҳам мактабгача таълим ва мактаб таълими бўлғуси Ренессанснинг узвий ҳалқаси, жадидлар “аркони миллат” ёки “миллат устунлари” деб билган зиёлилар эса “янги Уйғониш даврининг таянч устуни”, деб қабул қилинди.

Беҳбудий “мактабимиз, дўконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замонча ислоҳи лозимдур”, деган шиор билан ислоҳотни мактабдан, аниқроғи, бошланғич мактабдан бошлади. Бу бежиз эмас эди. Мактабни “тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча, тараққий йўлиға кируб, маданиятдан фойдаланмас” деган ақидани илгари сурган Беҳбудий бошлиқ туркистонлик жадидлар бошланғич таълимни она тилида беришга мўлжалланган мактабларнинг умуммиллий институтини яратишга қаратилган дастурни таклиф этди. Эътибор беринг: бошланғич таълим боланинг она тилида берилиши керак. Жадидлар бола бошланғич саводини ўз она тилида чиқариши унга миллат, миллият тушунчаларининг чуқурроқ сингдирилишини таъминлайди, деб билдилар.

Беҳбудий қуйи ва юқори мактабнинг ислоҳ этилиши, миллатнинг ислоҳ этилишига олиб келишини таъкидлар экан, миллатга “ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун”, дея мурожаат қилди. Беҳбудий миллатнинг ислоҳ этилишини умуммиллий ғоя деб билди. Унга кўра, миллатни улуғлаш, мақсадларни юқори кўтариш, миллатнинг ҳақиқий бирлигини таъминлаш – бу “умуммиллий ғоя”нинг туб моҳиятини ташкил этади. Мана, Беҳбудий таклиф қилган миллий ғоя!

Беҳбудийнинг “умуммиллий ғоя”си тарғиботи учун миллий матбуот керак эди. Жадидлар ана шундай матбуотга асос солди. Жадид матбуоти том маънода фикр алмашиш, илғор ғоя ва фикрларни тарғиб қилиш, баҳслашиш майдонига айланди. Жадид матбуоти том маънода демократик қадриятларни ўзида акс эттирган, фикрлар қарама-қаршилигини кўтара оладиган, ижтимоий-сиёсий мавзуларда танқид қила оладиган матбуот эди. Биргина Беҳбудийнинг «Ойна» журнали маърифат ва маданият тарқатиш йўлида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил-адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир турли мақолалар эълон қилди, бу йўналишда кенг баҳслар учун минбар вазифасини ўтади.

Туркистон жадидчилигининг йирик тадқиқотчиларидан бири Бегали Қосимовнинг фикрига кўра, Туркистон жадидларининг газета, хайрия жамиятлари таъсис этиш, янги усул мактабларини ёйиш, театр ишлари ва бошқа барча ҳаракатлари бир миллий ғоя учун хизмат қилди.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир ғоя миллий ғояга айланиши учун икки талабга жавоб бериши керак:

1) ғоя миллатнинг ҳақиқий эҳтиёжидан, турмуш тарзидан, асрий анъаналаридан ва албатта, имкониятларидан келиб чиқиши керак;

2) ушбу ғоя миллат томонидан англаб етилиши, бошқа сўз билан айтганда, миллийлаштирилиши керак. Яъни, ғоя миллатнинг ҳар бир вакили юрагига етиб бориши керак.

Беҳбудий миллий ғоясининг яна бир тарғибот қуроли бу – адабиёт эди. Жадидлар буюк Навоий, Фузулий, Саъдийни чуқур билгани ҳолда адабиётни халққа, оммага яқинлаштирди, унинг тилида ёзишга ҳаракат қилди. Ва бу ишни уддалади. Бугунги кунда исталган етук бадиий асарлар билан беллаша оладиган Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”и, шеърлари шу тариқа пайдо бўлди. 1916 йилда Тошкентга келиб, Колизейда “Турон” труппасининг қатор спектаклларини кўрган рус шарқшуноси А.Самойлович: “Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Янги адабиётнинг маркази — Самарқанд… Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийдир”, деб бежиз ёзмаган эди.

Беҳбудий бошлиқ барча жадидлар халқни исрофли тадбирлардан воз кечиб, уларга сарф қилинадиган маблағни миллий иқтисодиётнинг барча тармоқларида миллий кадрлар тайёрлаш учун давлат ва хориж таълим муассасаларида ёшлар таҳсили учун йўналтиришга даъват этди. Беҳбудий бу ҳаракатни умуммиллий ишлар, олий мақсадлар, хоҳишлар ва интилишлар деб атади. Олий мақсадлар, хоҳиш ва интилишларни амалга ошириш учун эса ирода, аниқроқ айтадиган бўлсак, сиёсий ирода керак эди. Беҳбудий ХХ аср бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбоби сифатида Туркистон Мухториятининг ташкил этилишидан 11 йил аввал, 1906 йили “Туркистон миллий-маданий мухторияти” лойиҳасини ишлаб чиққан ва уни юқори миқёсида муҳокама қилиниши учун Россия давлат Думасига йўллаган эди. Бу лойиҳада Беҳбудий таълим-тарбия, айниқса, ер масаласини қатъий қўйди ва рус муҳожирларини кўчириб келмаслик, ҳосилдор ерлар маҳаллий аҳолининг ихтиёрида қолиши кераклиги ҳақида ёзди.

Беҳбудий ўзининг маънавий устози Исмоил Гаспринский каби мусулмонларга сиёсий ҳуқуқлар берилиши мавжуд муаммони ҳал қилмайди, деб ҳисоблади. Унга кўра, замон тили бўлган рус тили ва мавжуд қонунларини билмаслик ва энг асосийси – мусулмонларнинг замонавий билимлардан хабарсизлиги қўлга киритилган барча сиёсий ҳуқуқларни йўққа чиқаради. Шундай экан, Беҳбудий “ҳақ олинур, берилмас... Ғайрат ила олинур” деган чақириғи энг аввало, миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмаслигини англатади.

Шу ўринда Беҳбудийнинг жадидларнинг ёш авлоди тўғрисидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринли. Беҳбудийга кўра, жадидларнинг ёш авлоди ўртасида ғоявий жиҳатдан ихтилоф бор эди. Айнан ана шу ихтилоф сабаб халқ жадиддан юз ўгирди. Беҳбудий ёшларни тезроқ ўзаро келишув йўлини топишга ва йўқотилган халқ ишончини қайтаришга чақиради. Чунки “умуммиллий ғоя” йўлида бир бўлиб ҳаракат қилмаслик миллатнинг бўлинишига ва айрим умуммиллий лойиҳаларнинг муваффақиятсизликка учрашига олиб келиши мумкин эди.

Шавкат Мирзиёев таъриф берганидай, Маҳмудхўжа Беҳбудий “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билди. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисоблади.”

Маҳмудхўжа Беҳбудий бошчилик қилган Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг минтақадаги муносиб ўрнини кўрсатиш, жадидлар фаолияти ва ижодини чуқур ўрганиш, кенг кўламли илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида етук маърифатпарвар, сиёсатчи, адиб, ношир, публицист, журналист ва қолаверса, ўзбек халқининг буюк фарзанди Маҳмудхўжа Беҳбудий номи билан аталадиган “Жадид тадқиқотлари академия”сини ташкил қилиш вақти келди. Чунки жадидчилик ҳаракати ва жадидлар замонавий ўзбек жамияти ва давлатчилиги шаклланишига муносиб ҳисса қўшдилар. Жадидларнинг бой илмий ва ижодий мероси бугунги мураккаб даврда Ўзбекистонда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, мустақил фикрига эга ҳамда фидойи ва ватанпарвар авлодни тарбиялашда ўта муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Шу сабабдан ҳам Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Чўлпонларнинг ғоявий мероси “биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак”.

Зайнобидин АБДИРАШИДОВ,

Тошкент давлат ўзбек тили ва

адабиёти университети проректори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: