13.01.2021

БИЗ БАХТЛИ АВЛОДМИЗ!

Миллат келажаги бўлган ёшларни ажойиб инсонлар бўлиб вояга етишлари учун мамлакатимизда тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунинг учун жонажон диёримиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Термиз шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Юлдуз Эргашева ҳам ана шундай иқтидор эгаларидан биридир.

Қаҳрамонимиз китоб ўқишга қизиқади. Мақолалари вилоят нашрларида эълон қилинган. Миллий рақсларни ўрганиш жон-у дили. Ҳикоялар ёзишни машқ қилади. Спорт билан мунтазам шуғулланади. Чанқовуз ва доира чалиш севимли машғулотига айланган.

– Беш ёшимда воҳамизда ўтказилган Мустақиллик байрамида рақс тушганман, – дейди Юлдуз Эргашева. – “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалининг 2010 йилги республика босқичида фахрли ўринни қўлга киритганимдан кейин Сурхондарё вилоят телевидениесининг “Болалар дунёси” кўрсатувида бошловчилик қила бошладим. Шундан кейин “Баркамол авлод” болалар марказининг “Ёш журналист ва нотиқ” тўгараги аъзоси бўлдим. “Момомнинг ўгитлари” номли илк китобим нашрдан чиққан.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг ҳаётга татбиқ қилингани Юлдуз Эргашева каби иқтидор эгалари учун айни муддао бўлди. Бундай хайрли ва эзгу ишнинг ижобий натижаси ўлароқ, миллионлаб йигит-қизлар маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилина бошланди. Фарзандларимиз замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланяпти. Китобхонликка қизиқаётганлар кўпаймоқда. Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик замирида миллатнинг нурафшон эртаси ҳамда порлоқ келажаги мужассамдир.

– Мамлакатимиз аҳолисининг 10 миллион нафардан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади, – дейди Юлдузнинг синф раҳбари Шоира Болтаева. – Ўсиб келаётган навқирон авлод халқаро олимпиада ва спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Илм, фан, санъат ва бошқа йўналишларда оламшумул ютуқлар қўлга киритиляпти.

Ўқувчимиз Юлдуз Эргашева ҳам ана шундай иқтидор эгаларидан биридир. У изланувчанлиги ва тиришқоқлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Дўстларидан ёрдамини аямайди. Келажакда уни жонажон диёримизнинг шон-у шарафини дунёларга кўз-кўз қиладиган ажойиб инсон бўлиб вояга етишига ишонаман.

Ёш истеъдоднинг руҳан тетик ва маънан етук бўлиб вояга етишида онаси Сайёра Исломованинг алоҳида ҳиссаси бор. Сайёра опа Юлдузни доим қўллаб-қувватлайди. Яхши инсон бўлиши учун кўмагини аямайди.

– Мактабни битираётганимда олтин медаль беришган, – дейди Сайёра Исломова. – Билим юртини қизил дипломга, университетни эса аъло баҳолар билан тугатганман. Ҳозирги кунда вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида ёшларга сабоқ бераяпман. Қизим муносиб давомчим бўлиб вояга етаётганидан хурсандман. Бахтли она сифатида ундан фахрланаман. Ютуқлари менга ғурур ва ифтихор бахш этади.

Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилнинг мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилингани миллионлаб йигит-қизлар учун айни муддао бўлди. Бу бизни руҳлантириш билан бир қаторда зиммамизга юксак масъулият ҳам юклайди. Бунга жавобан янада изланишимиз, кўпроқ ўқишимиз ва ҳалол меҳнат қилишимиз керак.

Абдумалик Ҳайдаров,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: