06.01.2021

ХАЛҚ РОЗИЛИГИ ЙЎЛИДА

— Мен ҳаётнинг паст-баландини кўрган, аччиқ-чучугини татиган инсон сифатида кўнглимдан ўтганларини қоғозга туширдим. Яратганнинг марҳамати билан мустабид тузум қулагани, мустақиллик эълон қилинганини кўрдим. Истиқлолнинг илк даври қийинчиликларига гувоҳ бўлдим. Озодлик неъматидан баҳра олдим. Кейинги тўрт йилнинг юксалишларини қувонч ва шукроналик билан кузатдим. Халқимиз барча синовларни чидам ва бардош билан енгди. Яхши кунлар келишини сабр-тоқат билан кутди...

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилда чорак асрлик муаммоларни дадил ислоҳ қилишга киришди. Бу осон йўл эмасди. Бу йўлда қарама-қаршиликлар, зиддиятлар бор эди. Мамлакатимиз раҳбари барча масъулиятни ўз зиммасига олди ва мардларча майдонга чиқди. Фақат олдинга. Бош мақсад: Халқни рози қилиш... Одамлар қалбига йўл топиш, одамларни эшитиш, одамларнинг орзу-ниятлари ушалишига имкон бериш.

 Халқ Президент ислоҳотларига умид ва ишонч билан қарай бошлади. Халқ Президент меҳри, муҳаббати, эътибор ва эъзози самимий эканлигини ҳис этди. Президент халқ учун жонини беришга ҳам тайёр эканглигини одамлар ич-ичидан тушунди. Ўзбекистонда энг муҳим натижа қайд этилди. Бу одамларни Президентдан розилигидир. Бу ҳақиқат нафақат мамлакат ичида балки, халқаро доираларда ҳам тан олинди, эътироф этилди.

 Биласизми, баъзан ўйга толардим. Нима қилиш кераклигига эса ақлим етмасди. Тўғрисини тан олиш керак. Биз йиллар давомида муаммоларга кўз юмиб яшадик. Нола чекаётган одамни эшитмадик. Мискинни юпатишга сўз тополмадик. Ишсизлик, камбағаллик, иложсизлик, уйсизлик одамларни суяк-суягидан ўтиб кетган эди.

 Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятининг илк кунларидан бошлаб, оддий одамларнинг уйига кириб борди. Улар билан суҳбатлашди. Аниқ таклиф ва тавсиялар берди. Иш ўрнидан силжиди, бир умр пойтахтда ўтирган, дунёни пойтахт деразаларидан кўрган раҳбарларнинг қадами қишлоқ ва овулларнинг тупроқ кўчаларига етди. Иш, кредит, уй...халққа қувонч ва бахт, ишонч ва умид улашилди. Одамлар Президентдан кутганларидан ҳам ортиқ, зиёда меҳр олишди...

 Аҳолининг ҳамма қатлами учун имтиёз ва имконият эшиклари очилди. Ҳаёт даражаси кўтарилди. Йўллар, кўприклар, шифохоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалар, обод қишлоқлар...халқимиз қалбига нур олиб кирди. Президент ёшларнинг бош ҳимоячиси, маслаҳатчиси, қўллаб-қувватловчиси эканлигига иймон келтирдим.

 Халқини севадиган Президент аввало, халқи билимли бўлишини истайди. Бу йўлда на меҳнатини, на маблағини аямайди. Президент олий ўқув юртларига кирувчилар учун қабул квоталарини мисли кўрилмаган даражада оширди. Мен бутун умрини олий таълимга бағишлаган инсон сифатида баралла айта оламанки, ҳеч қайси замонда домлалар бунчалик катта маош олмаган, бунчалик иззат-эҳтиром кўрмаган. Илм халққа ҳеч қачон бунчалик яқинлаштирилмаган.

 Ҳар йили янги ўқув йили бошланишидан олдин содир бўладиган қисқаришларни домлалар айниқса ёш олимлар хавотир ва қўрқув билан кутарди. Дарс соатлари етишмаслиги оқибатида кўз ўнгимизда ўнлаб талантли ёшлар бошқа ишнинг бошини тутишга мажбур бўлганлигини биламан. Ҳатто кам маошга бўлса ҳам ишлаётган ёшлар ноиложликдан ўз севимли касбларини ташлаб кетишарди. Бунинг оқибатида кадрлар етишмаслиги юзага келарди. Мактабларда фан ўқитувчилар, шифохоналарда врачлар йўқлигидан янги-янги муаммолар юзага келарди.

 Бугун манзара бутунлай бошқача. Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари сони ортди. Ишлайман деганга иш, ўқийман деганга ўқиш имконияти яратилди. Халқ яхшиликларга ўрганди. Кўзимиз, кўнглимиз меҳрга тўйди. Ҳаётдан розилик туйғуси бутун қалбимизни эгаллаб олди. Ислоҳот етмаган жой ёки соҳа қолмади. Одамларда дахлдорлик туйғуси уйғонди. Ҳаёт ва турмуш гўзаллиги, фаровонлиги онг ва тафаккур юксалишига олиб келди.

 Жорий йилда бу ишлар янада юксак босқичга кўтарилади. Янги Ўзбекистон янгича яшамоқда. Янада эркин ва фаровон ҳаётга интилмоқда. Дадил ва ишонч билан интилмоқда.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби:


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: