тараққиётимизнинг асосий омилларидан биридир
Раҳматулла ЖАББОРОВ, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси:
— Президентимизнинг Олий Мажлисга, халққа мурожаатномасини тўлқинланиб тингладим, икки даврни бошимдан ўтказган бир фуқаро сифатида ўзимга керакли хулосаларни чиқардим.
“Ўз тарихини билмаган халқ ўз йўлидан адашади” деб айтишади. Ўзбекистон собиқ иттифоқдош республикалар орасида биринчилардан бўлиб 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилди ва суверен мустақил республика бўлиб тарихга кирди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтганлиги ҳаммамизнинг кўз олдимизда турибди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Ўзбекистон ўзининг ер ости ва ер усти бойликларига ўзи эга бўлди.
Илгари собиқ иттифоқ даврида халқимиз ўзи экиб етиштирган пахтасини четга сота олмас эди. Ихтиёри ўз қўлида эмас эди. Мустақиллик даврига келиб, Ўзбекистон ўзининг бойликларига ўзи эга бўлди. Айниқса, охирги тўрт йилда пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг ўсишида катта роль ўйнайди.
Яқин ўтмишда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон республикалари билан ўзаро алоқаларимиз деярли узилиб қолган эди. Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан борди-келдимиз тикланди. Халқимизда “Қўшнинг тинч, сен тинч” деган сўз бор. Яқин қўшни ва узоқ давлатлар билан ҳамдўстлик алоқалари яхши йўлга қўйилди. Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо-сотиқ ва маданий масалаларни ҳал қилишда катта бурилиш бўлди. Энг катта бойлигимиз – бу Ўзбекистоннинг кўп миллатли мамлакат эканлиги, деб айтиб келамиз. Жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланмоқда.
Жамиятда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса кўп миллатли Ўзбекистон халқини қувонтирмоқда. Ўзбекистон кўп йиллар давомида дунёдаги ёпиқ давлатлар қаторида бўлиб келгани сир эмас. Бугунги кунда Ўзбекистонда журналистлар, блогерларимиз ўз сўзларини очиқ айтадиган муҳит яратилди. Бу эса халқимизнинг келажаги учун ва ками-кўстини рўй-рост ёритиш борасида катта аҳамият касб этмоқда. Бундан албатта халқимиз рози бўлмоқда. Олдимизда турган устувор вазифа – Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври учун пойдевор яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришдан иборатдир.
Президентимизнинг таърифи билан айтадиган бўлсак, раҳбарларимиз кўп миллатли Ўзбекистон халқининг юрагидаги дардлари ва орзу-ниятларидан доимо хабардор бўлиши, уларга ҳамфикр бўлиши керак. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Бир миллион дастурчи” каби ижтимоий лойҳаларнинг жорий этилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларининг ривожлантирилиши давом этмоқда..
Биргина охирги йилларда харобага айланган Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғи атиги 45 кун ичида шаҳар типидаги ҳамма инфратузилмалари мавжуд бўлган бир гўшага айлантирилди. Ёки бўлмаса барча вилоятлардаги мактабгача таълим, мактаблар, спорт заллари, ўрта-махсус ва олий таълим муассасалари тўлиқ қайта таъмирланди, Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Буларнинг ҳаммаси халқимиз учун хизмат қилади.
Бугунги кунда юртимизда энг долзарб ва муҳим масалалардан бири – ёшларимизни мамлакат корига ярайдиган билимли, ватанпарвар авлод қилиб тарбиялашдир. Бунга юртимизда ҳамма шарт-шароит яратилган ва ёшларимиз бундан албатта ўзларига хулоса чиқариб, “Келажак бизники” ва “Биз янги Ўзбекистонни қурамиз” деган шиорлар ғоясини ўзларига сингдириб олишлари ва унга тўлиқ амал қилишлари лозим, деб ўйлайман.