06.01.2021

БУЮК ДАВЛАТНИ СОҒЛОМ КИШИЛАР КУРАДИ

Давлатчиликнинг тарихий тажрибаси деганда, биринчи навбатда, “Авесто”, “Ясономаи бузург”, ”Қутадғу билиг”, “Қобуснома”, “Девони луғати турк”, “Бухоро тарихи”, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, «Темур тузуклари», “Бобурнма” ва бошқа юзлаб илмий-тарихий манбаларни ёдга олишимиз керак. Бу бебаҳо обидалар шубҳасиз ўша даврнинг ўзига хос Конституциялари эди.

Буюк мутафаккир ва беназир давлат арбоби Амир Темур ўз даврида манбаси барқарор давлат бўлган мукаммал сиёсий тузилмани яратган, унда давлат, жамият, шахс муносабатларида миллий давлатчилик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилиб, халқ манфаатларини ифода этишда адолатли давлатнинг ва ўз фаолиятига ҳалол ва холис ёндашадиган давлат хизматчисининг масъулияти биринчи ўринга кўтарилган, том маънода халқ ва инсон манфаатларини ҳимоялашда давлат хизматчисининг ибрат тамойили шарқона давлат бошқарувининг негизи сифатида асослаб берилган.

Шу маънода, ҳозирги кундаги Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимига эътибор қаратсак, Амир Темур даврида жорий этилиб, ўзининг фаолият самарадорлигини тарих синовидан ўтказган «девон», «вазир», «ҳоким», «ғазначи» каби мансаб ва унвонлар бугунги кундаги ижтимоий амалиётда кенг қўлланилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатни бошқаришда вертикал ҳамда горизонтал ёндашувлар, яъни ҳудудларни вилоят ва туманларга бўлиб бошқариш ҳам тарихий давлатчилик анъанамизнинг узвий давом этилиши сифатида баҳолаш мумкин.

Темурийлар даврида ҳам қурултойлар чақирилган, барча ўзбек уруғлари пешволари ва бошқа миллатларнинг вакилларини чорлаб машваратлар ўтказилган, давлатни бошқариш, режаларни белгилаб олиш, эътибор қаратилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар олинган, тегишли қарорлар қабул қилинган, амру фармонлар берилган. Ана шу халқ йиғинларининг энг нуфузлиси Қурултой деб аталган. 1366 йилда қадимий мамлакатимизнинг турли жойларидан келиб тўпланган, ҳар бир қавм ва ҳудуднинг йўлбошчи ва вакилларидан иборат йиғинда, яъни Қурултойда Амир Темур ва барча беклар бутун Туркистон ва Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдори бўлсин, деган хулосага келишган. Шундан кейин қадимги туркий одат — ҳукмдорни оқ кигизга ўтқазиб, бош устида кўтариш анъанаси бажарилган.

Мамлакатимиздаги амалда фаолият юритиб келаётган Олий Мажлис ҳам «Қурултой» сиёсий институтининг замонавий бошқарув тенденциялари билан бойитилган ва такомиллаштирилган кўриниши, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақил давлатчилигимизнинг рамзи сифатида ҳар бир фуқаро ва бутун халқимиз ҳаётида ғоятда муҳим аҳамиятга эгадир. У халқимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётини яхшилаш ва дун­ё­қарашини белгилашда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўзбекистон Конституциясининг муҳим ўзига хослиги — унинг ўзбек миллий менталитети, турмуш тарзи, азалий қадриятларимиз ҳисобланган меҳр-шафқатлилик, бағрикенглик, очиқлик, маърифат ва илмга интилиш, ор-номус, адолат, ўзга миллат ва элатларга нисбатан ҳурмат каби юксак олижаноб фазилатларни ўзида ифода этганлигида намоён бўлади.

Конституциямиз нафақат миллий-маънавий ўзлигимиздан, балки, миллий давлатчилигимиз анъаналаридан ҳам куч олади. Конституциямизнинг «Муқаддима»сида «ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниш» тамойили белгилаб қўйилган ва уни ишлаб чиқишда ушбу тажрибага таянилган. Миллий давлатчилигимиз тарихига оид тажриба уч минг йиллик давр манбаларини ифода этади. Қадимги Хоразм, Бақтрия, Сўғдиёна, Қанғ, қорахонийлар, темурийлар, бобурийлар, шайбонийхонлар сулолалари, Хива ва Қўқон хонликлари, Бухоро амирлигининг халқимиз этномаданий ўзлигини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларини сақлаш ва ривожлантиришдаги тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаш зарур.

Дунёдаги таниқли халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилаётган яна бир жиҳат бу — Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Шунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир. Асосий Қонунимизнинг 8-моддасида: “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб кўрсатилиши халқимизнинг бағрикенглик анъаналарини ўзида мужассам этганлигининг далолатидир.

Конституциямизнинг ҳар бир банди инсон манфаатларини устувор билиш тамойили асосига қурилган. Бугунги кундаги янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Сўнгги тўрт йил мобайнида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан 8 та Президент фармони ва 4 та қарори, 10 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш ва фуқароларнинг тиббий хизматлардан фойдаланишга доир ҳуқуқларини кенгайтириш чоралари аниқ белгиланди. Хусусан, ҳар бир оила, маҳалла ва туман (шаҳар)да мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш, оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workout” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланиши, ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриши учун “Саломатлик йўлакчалари”ни ташкил этиш, 2021 йил 1 январдан бошлаб пиёдалар ва велосипед йўлларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятлари яратилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” ташкил этилиши давлатимиз ғамхўрлигининг яққол ифодасидир.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳар чоракда бир туман (шаҳар)да “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танловини ташкил этиш, маҳалла аҳолиси доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этилиши, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этилиши, маҳаллада зарур спорт инфратузилмаси мавжудлиги, ўтказилган мусобақалар сони, маҳалла аҳолисининг касалланиш даражаси пасайиб бориши кўрсаткичлари назарда тутилиши, танловда биринчи ўринни эгаллаган маҳаллага 10 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 5 миллион сўм ва учинчи ўринга 3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ажратилиши, пул мукофоти маблағлари маҳалла фуқаролар йиғинларининг тижорат банкида очилган ҳисоб рақамига ўтказилиши ҳамда маҳаллада спорт майдончаларини ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш бўйича алоҳида вазифалар юклатилган. Ҳар шанба куни ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусабақалари ташкил этилиши ва мусобақалар байрамона руҳда, “шоу” кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди. Айниқса, биринчи раҳбарлар “шахсий намуна” тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индексини камайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширилиши ҳам мамлакатимиз тарихида илгари кузатилмаган инновацион ёндашувлар намунасидир. Конституция ва миллий қонунчилигимиздаги ушбу нормалар ҳамда давлат дастурлари инсон саломатлиги ва миллат келажагини мустаҳкамлашга қаратилган.

Жамиятда яшаётган ҳар бир инсон кексайиб қолганида ҳам узоқ яшаш, соғлом ва бардам бўлиш ҳақида ўйлайди. Расмий маълумотларга қараганда, мамлакатимизда юз ёшдан ўтганлар сони саккиз минг нафардан ортади. Уларнинг кўпчилиги Иккинчи жаҳон уруши, очлик, қаҳратонлар, вайронагарчиликлар даврида умргузаронлик қилган ва бу инсонларнинг узоқ умр кўриш сири нимада? деган савол туғилади. Бундай нуронийлар билан суҳбатлардан аён бўлишича, улар меҳнат фаолияти туфайли шундай улуғ ёш билан юзлашиб турибди. Бу эса тиббиёт вакилларининг айтишича, организмни мустаҳкамлайди ва чиниқтиради, иммунитетни оширади. Бундан юз йиллар олдин иқтисодиётнинг турли соҳаларида жисмоний меҳнат 90 фоиздан зиёдни ташкил этган бўлса, XXI асрга келиб ушбу кўрсаткич кўплаб ривожланган давлатларда деярли бир фоизгача тушиб кетди.

Президентимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилишида мутахассисларга мамлакатимизда спортни оммалаштириш юзасидан беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом ҳаёт кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтириш концепциянинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йилинг 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон имзоланди. Ҳужжатга кўра, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилади. Бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм, бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган кишига 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган кишига 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган кишига 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказиладиган бўлди.

Пиёда юриш — инсон учун энг оддий ва фойдали машғулот. Шундай бўлса-да, аксарият одамлар имкон қадар камроқ пиёда юришга ҳаракат қилади. Инсоният камроқ юриш учун нималарни ўйлаб топмади дейсиз: эскалаторлар, лифтлар, электросамокатлар, сигвей, автомобиллар ва ҳ.к. Ваҳоланки, илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, айнан пиёда юриш — умрни узайтириш учун жуда фойдали машғулот ҳисобланади. Шифокорларнинг фикрига кўра, 70 килограмм вазнга эга киши югуриш вақтида соатига тахминан 500-600 килокалория, пиёда юриш давомида соатига 250 килокалория сарфлайди. Бошқача айтганда, ортиқча калорияларни йўқотиш бўйича ярим соатлик югуриш бир соат пиёда юришга тенг экан.

Буюк аждодимиз Ибн Сино ҳам ўз асарларида жисмоний машқларнинг соғломлаштирувчи ва даволовчи жиҳатлари ҳақида ёзиб кетган. Жисмоний машқларга тўхтовсиз, чуқур нафас олишга олиб келувчи эркин ҳаракатлар, дея таъриф берган. Агар инсон мўътадил ва ўз вақтида жисмоний машқлар билан шуғулланса ва тартибга риоя қилса, у давога ҳам, дориларга ҳам муҳтож бўлмайди, дея тасдиқлаган. Машқларни тўхтатар экан, у сўнади. Жисмоний машқлар мушакларни, бўғимларни, асабни мустаҳкам қилади, деб таъкидлаган.

Ҳозирги кунда оддий ҳолга айланган турмуш турзида энг кўп кузатиладиган салбий иллатлар: кўп овқатланиш, тамаки маҳсулотлари чекиш, спиртли ичимликлар кўп истеъмол қилиш, кам ҳаракат ҳаёт ва иш тарзи, асаббузарлик ҳолатлари — инсульт ҳамда инфаркт, қандли диабет, онкологик ва бошқа оғир хасталикларнинг сабабчиси ҳисобланади. Бундай ҳолатда ҳатто энг замонавий тиббий шароитлар яратиб берилса-да, узоқ яшаш ва соғлиқ ҳақида орзу қилиш ҳам бефойда, соғлиғимизни асраш ҳақида биз кўпинча аҳволимиз оғирлашганда ва шифокорга бориш, дори ҳамда даволаниш учун оиламиз бюджетидан пул сарфлашга тўғри келган пайтдагина ўйлаймиз. Касал бўлиш – ўз саломатлигимизга бепарво муносабатда бўлганимиз учун тўланадиган товон, деб ҳисоблаш мумкин. 2017 йилда социологик сўровлар натижаларининг таҳлилий мониторинги шуни кўрсатдики, пойтахтда яшовчи аҳолининг деярли кўпчилигида овқатланиш рациони бир меъёрда эмас. Оқибатда уларнинг учдан бир қисми ортиқча вазндан азият чекмоқда. Тошкент шаҳри, вилоят марказлари аҳолисининг 36 фоизидан ортиғи кам ҳаракат ҳаёт тарзида яшайди ва кўпи билан кунига 20-30 дақиқа пиёда юради.

Бутун дунёда ҳам илм-фан ва техниканинг шиддатли ривожи билан гиподинамия, кам ҳаракатлилик, скелет мушаклари ва юракка тушаётган юкнинг пасайиши оммавий кўриниш олган. Бироқ мазкур муаммони соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, тўлиқ ҳал этиш мумкин. Саломатлик ва узоқ умр кўришнинг асосий талаби қуйидаги омилларга риоя қилиш ҳисобланади.

Ҳар куни 15 дақиқа бадантарбия, тез-тез қадамлар билан кунига 120 қадам пиёда юрсак, 15 дақиқада 100 килокалориядан халос бўламиз ва натижада 20 дақиқа хотиржамликка эришамиз. Асабий иш кунининг юкларидан халос бўлиш учун эса ҳар куни 20 дақиқа пиёда юриш инсонга яхши кайфият қайтишини тезлаштиради. Бу даврда кайфият кўтарилади, тоза ҳавода, ҳатто, ширин хотираларни эслайсиз, қалбингиз янги ва эзгу орзуларга тўлади. Натижада, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз. Агар инсон ҳар куни 45 дақиқа пиёда юрса, инсон шамоллашни енгиб ўтиши мумкин бўлади. Чунки айнан пиёда юрганимизда микроблар ва вируслар таслим бўлади. 60 дақиқа пиёда юрмоқ юрак ва юрак қон-томирларига фойдалидир. Британиялик олимлар ҳар куни бир соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлишини илмий жиҳатдан исботланганлар.

2020 йил оғир йил келиши билан бир қаторда бир қанча ютуқларга эришилди. 2020 йил 16 декабрда Лондонда Quacquarelli Symonds халқаро агентлиги томонидан Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича 2021 йил учун энг кучли университетлар рейтинги (QS Emerging Europe and Central Asia University Rankings) эълон қилинди. Қувонарлиси, ушбу нуфузли рейтингда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлкатимизнинг бир йўла тўртта олий таълим муассасалари энг кучли университетлар қаторидан ўрин эгаллади. Булар:

— Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти;

— Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети;

— Самарқанд давлат университети;

— Тошкент давлат техника университети.

QS халқаро рейтинг агентлиги кучли университетлар рейтингини тузишда уларнинг академик нуфузи (30%), иш берувчилар ўртасидаги нуфузи (20%), ўқитувчилар ва талабалар миқдори мутаносиблиги (10%), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллиги (10%), илмий мақолаларнинг ўқилиши, уларга нисбатан берилган иқтибослар сони (5%), хорижий ўқитувчи ва ходимлар (2.5%) ҳамда талабалар (2.5%) улуши ва шу каби бошқа муҳим жиҳатлар асос қилиб олинади.

Рейтингни тузишда дунёнинг 102 минг нафардан ортиқ олимлари, ўқитувчи ва ОТМлар раҳбарлари, 52 минг нафардан зиёд иш берувчи компаниялар вакиллари, қолаверса, QS мутахассислари ҳам эксперт сифатида иштирок этган.

Шу олий таълим муассасалари қаторида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг бўлиши бизни ниҳоятда қувонтирди. Бу бутун жамоамиз меҳнатининг маҳсули албатта.

2020 йилда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдагиси қабул қилинганини алоҳида такидлаш керак. Бу қонун 11 та боб ва 75 та моддадан иборат бўлиб, олдингисидан фарқи анча катта максимум даражада деталлаштирилган ва тушунарли тилда баён қилинган. Янги қонундаги моддаларнинг олдингисига нисбатан икки баробар кўплиги ҳамда мавҳумликнинг йўқлиги ва ҳақиқий маънода замон руҳи билан ёндашилганлиги билан ҳам ҳаммага манзур бўлиши табиийдир. Агар олдинги қонун билан қиёсий таҳлил қилсак яъни, 29 август 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунини кўрсак, 5 боб ва 34 моддадан ташкил топган эди. Янги қонунда боблар ва моддалар сони олдинги қонундан икки баробар кўп ва шу билан бирга таълим-тарбиянинг узвийлигига алоҳида эътибор берилган.

2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилиниши таълим ва тарбияни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим босқичи бўлади.

Бугунги кунда оддий бир ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши зарур. Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барчаси, авваламбор, янги авлод, ўниб-ўсиб келаётган фарзандларимиз сиҳат-саломатлиги ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир инсон ўз ҳаётини асрга тенглаштириш, бақувват бўлиб, ҳаётдан завқланиб яшаш имкониятига эга. Ҳар кимда танлаш имконияти бор: спорт билан шуғулланиш ёки ҳар куни жуда бўлмаганда ярим соат жисмоний машқларни бажариб, турли касалликларга нисбатан иммунитет ҳосил қилиб, узоқ умр кўриш. Бизга берилган ана шу бебаҳо имкониятдан унумли фойдаланиш ўзимизга боғлиқ.

 

Оқил САЛИМОВ,

академик,

Мансур БЕКМУРОДОВ,

профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: