06.01.2021

ИЗЛАНИШЛАР ОҲАНГРАБОСИ

Хуршид Дўстмуҳаммад – адиб, журналист, жамоатчи

Илғор, жасоратли фикрли замондошимиз Хуршид Дўстмуҳаммад сиймосида журналист, ёзувчи, жамоатчи хусусиятлари чамбарчас туташиб кетган. Унинг барча инсоний, ҳаётий интилишлари, манфаатлари орзу-истакллари шу касб-кор жамулжамининг асос мағзидан келиб чиқиб шаклланиб етган. Ёзувчилик, журналистлик, жамоатчилик ҳаёти, яшаш тарзи, мақсад-аъмолининг жон томирига айланиб улгурган. У университетнинг журналистика факультетига ҳавас қилиб ўқишга киргунча ҳам тийрак тамизли бола эди. Эскижўвадаги машҳур 1-китоб магазини, тарихий вилоят кутубхонаси, Сағбон, Чимбойдаги маҳалла ва мактаб кутубхоналаридан қадами узилмасди. Бундай болаларни тошкентликлар: “бола ўқишга муккасидан кетди” дейишади. Ҳақиқатан, у мук тушиб ўқирди, “Тушунсам-тушунмасам ўқийверардим. Кейин юрагимда бир илиқ таассуротлар қолганлигини сезардим ва ўқишнинг бу мўъжизасига тушунолмай ҳайрон қолиб юрардим, китоб деса эриб кетардим” деб эслайди у. Эски Тошкент ҳунармандларига хос оила муҳитида ҳам китоб ва ўқишга интилиш қадрланарди. Бахтига, университетда ҳам китобга, ижодга, замона маърифати ва сиёсатига қизиқадиган, турли вилоятлардан келган курсдошлар билан бирга таҳсил олишга муяссар бўлди. Курсдошларининг аксари ёзиш-чизишга лаёқатли, журналист қаламкашлигининг мазмун-моҳияти, мақсадларини ҳар ҳолда ўша пайтнинг ёшлари даражасида тасаввур қиладиган, кейинчлик яхши журналист бўлиб етишган Муҳаммаджон Обидов, Холмурод Алланазаров, Раъно Зарипова, Бекпошша Хўжаева, Комилжон Каримжонов сингари иқтидорли йигит-қизлар эдилар. Улар кейинчалик матбуотда, жамоат ишларида ғайратли, обрў-эътиборли ижодкор кишилар бўлиб танилдилар.

Хуршиднинг ўсмирлик, ёшлик даврлари ҳақида гапирганда, бола бошидан маълум деган ибора узукка кўз қўйгандек ярашади. Ҳақиқатан, Хуршид ҳаёт йўли, тақдир ришталари ҳақида ўйлай бошлаган кезларда: “Мен ким бўламан?” демади. Саволни бу тарзда ўз олдига қўймади. У ўзига ўзи: “Мен қандай бўламан?” деган кутилмаган саволни қўйди. Бу икки савол ўртасида катта фарқ бор. Хуршиднинг ёшлик феъл-атворида кутилмаган нарсалар, кутилмаган фикрлар, кутилмаган қарашлар, кутилмаган китобларга катта қизиқиш шаклланмоқда эди. “Мен қандай бўламан?” ҳам ўз олдига ташланган кутилмаган савол эди. Кўп китоблар, матбуот ўқиганиданми, унда фавқулодда фикрчанлик ўсиб, ажойиб-ғаройиб нарсаларга қизиқиш кучаярди. Журналист деганда у ҳаёт ва одамлар ҳақида ўткир, ҳаққонний ва жуда қизиқарли нарсаларни матбуотда ёзиб чиқадиган одамларни тушунарди. Шу кутилмаган фикрданми, сағбонлик йигитчанинг журналистикага меҳргиёси тушди. Ва уни университет остонасига етаклаб келди. У йигит пайтини бекор лақиллаб ўтказмаган, ўзини журналист бўлишга тайёрлаган, журналистлар доиралари, давраларини қўмсаган, орзуларида қидирган эди. Университет таҳсилини муваффақиятли тугаллаб, “Фан ва турмуш” илм-фан журналига ишга кирди. Излаганга толе ёр дейилгандай, бу ерда етмишинчи йилларнинг ўрталарида ўз орзусида гавдлантирган журналист ва олимларга дуч келди. Йирик олим журналистлар, жаҳонга машҳур кибернетик олим, журнал бош муҳаррири Восил Қобулов билан танишди. Илк салмоқли интервьюсини академик Восил Қобуловдан олди. Сўнг Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган “Гулистон” журналида Хайриддин Султон, Маҳмуд Саъдий, Эркин ­Аъзам сингари пешқадам ёш қаламкашлар – Асқад Мухторнинг талантли шогирдлари, фикрчан ёш бўғин билан танишди. Уларнинг давраларида ижодий баҳсларда қатнашди. Ўзига тенгқур талантли журналист, таржимон ва адиб Олим Отахон, кўплаб жасоратли ёш ижодкорлар билан танишди ва шу қайноқ адабий-бадиий жабҳаларга кўкрак уриб, “Киёва қуёши” ва “Жажман” деган ғалати ҳикояларини ёзиб қўйди. Эсимда бор, ўша пайтлар фикрчан танқидчи журналист дўстимиз Маҳмуд Саъдий ёш ёзувчининг ушбу илк асарларини жон-жаҳди билан мақтар, баҳсларда бўғилиб талашар ва уларни ҳимоя қиларди. Илк кутилмаган ҳикоялари Хуршиднинг номини адабиёт аҳлларига танитди. Шу пайтлар Хуршид Дўстмуҳаммад Темур Пўлат, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов асарларини жуда севиб мутолаа қилди. Унга айниқса Темур Пўлатнинг бошқаларга ўхшамаган шаклдаги асарлари қаттиқ таъсир қилди.

Темурнинг бадиий жозибадор услубини қизиқиб ўрганди. Унинг илк “Бозор” романи, “Куза”, “Катта кўча” сингари ғаройиб қиссаларида шу Темур Пўлат ижодига қизиқишларининг ўта баракали бадиий таъсирларини кузатиш ва адиб ўзининг кутилмаган бадиий йўли, тасвир ва талқин воситаларига эришаётганлигини таҳлилдан ўтказиш ўқувчилар ва адабиётшунослар учун ғоятда мароқли ижодий ишдир. Хуршид Дўстмуҳаммад “Фан ва турмуш”. “Ёш куч”, “Ҳуррият” газета-журналларида ишлаган пайтларида Ўткир Ҳошимов қаторида (ахир Ўткир Ҳошимов ҳам газетада шаклланган, баъзан шафқатсиз, замонани титратадиган мақоланавис эди-да!) ёниб-куйиб публицистик мақолалари билан тез-тез чиқа бошлади. Унинг мақолалари фалсафий ҳаётий теранлиги билан ажралиб турар ва фалсафий чуқурлиги билан Ўткирнинг мақолаларини қайси бир томондан тўлдириб турарди. Унинг публицист сифатида жон куйдириб ижод қилиши кўп ўтмай публицистик илмий таҳлиллар билан бойий бошлади. Хуршид Дўстмуҳаммад даврнинг жуда долзарб маънавий, маърифий, экологик муаммоларини кўтарган асарларни таҳлил қилиб, қатор тадқиқотлар яратди. Шу соҳада докторлик ёқлади. Ўз бадиий ижодини илмий йўналиш билан тенг олиб борди. Унинг бадиий тасвир ва услуб соҳаларидаги самарадор изланишлари Темур Пўлатов асарларига қизиқишдан Кафка, Камю, Жойс сингари буюк модерн адиблари ижодиёти томон аста-секин ўсиб чиқди. Бу борада у Назар Эшонқул, Аҳмад Аъзам, Тоғай Мурод, Омон Мухтор сингари адибларга ҳамдам, ҳамқадам, ҳаммаслак бўлди. Унинг қисса, роман, ҳикоялари ва ҳатто публицистик асарлари ҳам кутилмаган шакл изланишлари ва қирралари билан замондошларининг эътиборини тортди. Хуршид Дўстмуҳаммад адиб, публицист, журналист сифатида ҳамма вақт оригинал шаклни афзал ўринга қўяди. Оригинал, ўқувчи ва ёзувчи учун қизиқарли шакл топилганда воқеа, сюжет ўз чинакам гўзаллик либосига эга бўлади, деб ишонади адиб. Унинг барча ранг-баранг асарлари мана шу кредонинг акс-садоси эканлиги, ёзувчи ёшлик чоғларида ўзи учун кашф этган кутилмаганлик, фавқулоддалик мезонларига ижодда ва ҳатто жамоат ишларида ҳам доим риоя қилиб келганлигини белгили тарзда айтса бўлади. Адибнинг кейинги “Ёлғизлик”, “Сизиф”, “Ижод кўнгил мунавварлиги” каби асарлари, янги эълон қилинаётган “Ўйин” романи шундан дарак беради. Ва ўз бадиий ҳаётий принципларини қанчалар изчиллик билан муттасил чуқурлаштириб борганлигидан гувоҳлик беради.

Хуршид Дўстмуҳаммад жуда катта изланиш потенциалига эга ижодкор сифатида икки аср одамларининг бадиий манзараларини янги шакллар топиб жонлантирди.Унинг эллик йил мобайнида олиб борган кенг кўламдаги изланишлари янги дунё одамлари учун инсон санъаткорлиги миқёсларига кўра, худди оҳанграбодек таъсир кўрсатади. Биз ушбу мақола устида ишлаётган пайтимизда ташқаридан қувончли хабар келди. Янги йилимиз арафасида Тошкентдаги “Янги аср авлоди” нашриёти адибнинг тўрт томлик асарлари жилдларини мухлисларга тақдим этмоқда. Ушбу жуда гўзал ишланган ва тайёрланган нашрга Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоялари, қиссалари, романлари, публицистик асарлари ва уларга олимлар, ўқувчиларнинг аксу садолари жамланган. Ғоятда гўзал ҳол ва улуғ таҳсинларга лойиқ иш! Адибнинг илҳом қайноқлари нафосат оламларида жўш урсин ҳамда Ренессанс равнақига алп қомат ёзиб хизмат қилсин.

 

Иброҳим ҒАФУРОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: