06.01.2021

НАВОИЙ ЎАЗАЛЛАРИ ОЛМОН ТИЛИДА

ёки Навоий сиймоси олмониялик рассом тасаввурида

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда ушбу санага катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Қарорда улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда кенг тадқиқ ҳамда тарғиб қилиш белгиланган. Шу муносабат билан филология фанлари доктори, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, олмоншунос олим, Германияда чоп этиладиган “Аvisenna” журнали Бош муҳаррири Хуррам Раҳимов Алишер Навоий ғазалларининг 100 тасини олмон тилига таржима қилиб, “RAUSCHEr+DRUCK” нашриётига тақдим этди. Яқинда ушбу улуғ мутафаккирнинг Хуррам Раҳимов таржимасидаги 50 та ғазали танлаб олиниб, китоб ҳолида чоп қилинадиган бўлди. Шу муносабат билан Алишер Навоийнинг ҳар бир ғазалига Ўзбекистонга бир неча бор келиб кетган таниқли рассом ва дизайнер Кристина Олмер хоним томонидан миниатюра иллюстрация суратлари чизилаётгани ҳақида хушхабар олинди. Шахсан Кристина Олмер хоним таржимонга юборган мактубида Алишер Навоий ғазалларидан бағоят мутаассир бўлганини билдирган ва шундан илҳомланиб, мўйқаламда акс эттирган улуғ шоир сиймосини Хуррам Раҳимовга тақдим қилган.

– Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда бу улуғ санага катта тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди профессор Хуррам Раҳимов. – Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда улуғ шоиримизнинг ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлари тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Қарорга мувофиқ улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида тузилган ташкилий қўмитага Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилди. Шунингдек, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг ўрганиш, тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади, улуғ мутафаккиримизнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади. Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоийнинг мақбараси маж­муасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Алишер Навоийнинг қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашри яратилади. Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида 2021 йил ­ноябрь ойида Алишер Навоий яшаган давр, шоир ҳаёти, ижоди, адабий муҳити, устозлари, замондошлари ва издошлари ҳақида ҳикоя қилувчи, асарларининг қўлёзма ва нашр нусхалари тўғрисида маълумот берувчи адабий-бадиий кўргазма ташкил этилади. 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади, Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади.

2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағиш­ланган тантанали адабий-бадиий анжуман ўтказилади. Буларнинг ҳаммаси улуғ шоир руҳига халқимизнинг, авлодларнинг эҳтироми.

Мен кўп йиллардан буён Ҳазрат Алишер Навоий ғазалларини олмон тилига ўгириш билан машғулман. Яқинда ўша таржималаримни Германияда чоп этишга тайёрлаш жараёнида менга ҳамкорлик қилган фрайбурглик шоира Габриеле Келлер хоним тайёрланажак китобга расм чизишни шу шаҳарда яшовчи, менга ҳам таниш, Ўзбекистонга келиб кетган рассом ва дизайнер Кристина Олмер хонимдан илтимос қилибди. Рассом ғазалларни ўқиб, улардан илҳомланиб, уларнинг руҳига мослаб иллюстрациялар яратибди. Мен бундан бутунлай бехабар эдим. Бироқ яқинда шу рассом аёлдан қуйидагича мактуб ва мўйқаламда акс эттирилган улуғ шоир сиймосини олдим. Шу мактуб ва суратни эътиборларингизга ҳавола қилмоқчиман:

“Азиз дўстлар, бундан 580 йил муқаддам дунёга келиб, шундай мафтункор ғазаллар битган машҳур ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг ўзим чизган ушбу сиймоси орқали сизларга хуш арафа кунлари ва яхши янги йил тилайман. Мен Навоийни шундай (расмдагидай) уйғоқ, бардам ва очиқ кўнгил ҳолда тасаввур қилдим ва суратини чиздим. Шодлик ва ғамлик ҳамиша ёнма-ён. Бу барча замонларда шундай.

Шу расм орқали охирлаб бораётган унутилмас 2020 йил ва келаётган 2021 йилда сизларга ишонч ва жасорат тилайман. Барча орзу-истак­ларингиз рўёбга чиқсин. Янги йилда ҳаммамизга юлдузлар, Ой ва Қуёш нур сочаверсин, куч ва жасорат бахш этсин. Шу орқали биз оламни идрок қиламиз, шеър ёзамиз, мусиқа чаламиз, ўйнаймиз ва бир-биримизни севамиз, эзгуликка чоғланамиз, расм чизамиз ва фикрлаймиз.

Самимий саломлар йўллаб:

Кристина Олмер”.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Алишер Навоий

ҚАРО КЎЗУМ

 

Қаро кўзум келу мардумлуғ эмди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

 

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,

Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

 

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,

Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил.

 

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,

Хамир этиб яна ул тоғда Кўҳкан қилғил.

 

Юзунг висолиға етсун, десанг, кўнгулларни,

Сочингни боштин-аёғ чин ила шикан қилғил.

 

Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас мониъ,

Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

 

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени

Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

 

Навоий анжумани шавқ жон аро тузсанг,

Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

Олмонча таржимаси:

 

Meine Schwarzäugige, komm, menschliche Regung schaffe,

In meinem Augapfel für dich ewig Heimat und Land schaffe.

 

Aus deinem Blumengesicht, aus deiner Seelenblume einen Garten,

Aus deiner Ziergestalt und meiner Seele einen Rosengarten schaffe.

 

Bestreiche deinem Ross die Hufe mit Henna aus Leber Blut meiner,

Eine Leine deinem Hund aus allen Fasern meiner Seele schaffe.

 

Wenn ich auf dem Berg der Trennung zu Erde werde, o Welt,

Gib mein Lehm dahin zuück und mich zum Bergbauer schaffe.

 

Wenn die Herzen dein Antlitz sollten je erblicken,

Lege deine Locken vom Kopf bis Fuss, eine Kette schaffe.

 

O du Gärtner, das Laub kennt keine Wächter noch Grenzen,

Auch wenn du überm Gartendach aus Stacheln Nägel schaffst.

 

Seh ich Schweißtropfen rinnen über dein Gesicht und sterbe, o mein Freund,

Beträufle mich mit Blumenwasser, ein Leichentuch aus Rosenblättern schaffe.

 

Wenn Navoiy in Seelenkämpfen seinen Tod findet,

Aus Liebespfeilen eine Kerze für sein Grab schaffe.

Олмон мусаввири Кристина Олмер

чизган Навоий портретидан нусха.

Олмон тилига Хуррам Раҳимов таржимаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: