22.12.2020

МАМЛАКАТИМИЗ ИЛМ-ФАНИ ТАРАҚҚИЁТИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз томонидан илм-фанга нисбатан катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга асосан бугунги кунда таълимнинг барча бўғинларига илм-фанга нисбатан эътибор ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида илм-фан ва инновацион тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, бу борада яратилган илмий натижаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш масалалари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги ушбу соҳага янги сифат ўзгаришларни олиб келди. Қонунга мувофиқ, таълимнинг қуйидаги турлари мавжуд бўлиб, уларга мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта-махсус таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ва мактабдан ташқари таълим киради.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги “Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, умумий қабул қилинган халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари амалиётга жорий этилди.

Олий таълимдан кейинги таълим таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик институтлари шаклларида амалга оширилмоқда.

Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар тизими қайта кўриб чиқилиб, диссертациялар ҳимоясининг кескин кўпайиши, экспертиза сифатини ошириш, таълим ва илм-фан соҳаларидаги сифат ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда илмий кенгашлар сони 40 тадан 96 тага етказилди. Илмий кенгашлар таркиби юқори малакали мутахассислар ҳисобидан мустаҳкамланиб, таркибида 1500 дан ортиқ мутахассис-олимлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг 2 поғонали тизимида 2018 йил мобайнида жами 758 нафар талабгор, жумладан 517 нафари фалсафа доктори (PhD) ва 241 нафари фан докторининг илмий даражалари (DSc) Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқланди.

Хусусан, статистик маълумотларга кўра, 2013–2018 йилларда жами 1146 нафар талабгор, жумладан 517 нафари фалсафа доктори (PhD) ва 629 нафари фан доктори илмий даражаси (DSc) Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар диссертация ҳимояларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Масалан, 2013 йилдан 2017 йилнинг II-чорагигача амалда бўлган тизим шароитида 1 ойда ўрта ҳисобда 9 тадан диссертация ҳимояси ўтказилган, янги тизим шароитида эса бир ойда ўрта ҳисобда ойига 84 та диссертация ҳимояси амалга оширилмоқда.

Жамиятимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар натижасида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланганлар таркибида аёллар 34%ни ва фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқланганлар таркибида 30%ни ташкил этмоқда.

2018 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Олий аттестация комиссияси Раёсатида жами 1358 та аттестация иши кўриб чиқилди. 187 нафар талабгор фан доктори илмий даражасида, 571 нафар талабгор фалсафа доктори илмий даражасида, 106 нафар талабгор профессор, 77 нафар талабгор катта илмий ходим ва 353 нафар талабгор доцент илмий унвонларида тасдиқланди ҳамда 3 та фан доктори, 19 та фан номзоди ва 18 та PhD дипломи нострификация қилинди. OAK Раёсатида 24 та аттестация ишларига рад жавоби берилди.

2020 йил I-чорагида фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) учун диссертация тадқиқотларини олиб бораётган изланувчиларнинг диссертация мавзулари техика фанларида 59 тани (PhD), тарих фанларида 60 та (PhD) ва 47 та (DSc), иқтисодиёт фанларида 69 та (PhD) ва 47 та (DSc), фалсафа фанлари 84 та (PhD) ва 50 та (DSc), филология фанларида 88 та (PhD) ва 51 та (DSc), юридик фанларида 104 та (PhD) ва 53 та (DSc), педагогика фанларида 106 та (PhD) ва 54 та (DSc), сиёсий фанларда 160 тани (PhD), исломшунослик фанларида 162 тани (PhD)ташкил этган.

2020 йил II-чорагида фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) учун диссертация тадқиқотларини олиб бораётган изланувчиларнинг диссертация мавзулари физика-математика фанларида 82 та (PhD) ва 40 та (DSc), кимё фанларида 92 та (PhD) ва 41 та (DSc), биология фанларида 98 та (PhD) ва 43 та (DSc), геология-минералогия фанларида 107 та (PhD) ва 44 та (DSc), техика фанларида 109 та (PhD) ва 44 та (DSc), қишлоқ ҳўжалиги фанларида 157 та (PhD) ва 51 та (DSc), тарих фанларида 168 та (PhD) ва 53 та (DSc), иқтисодиёт фанларида 177 та (PhD) ва 55 та (DSc), фалсафа фанларида 197 та (PhD) ва 59 та (DSc), филология фанларида 203 та (PhD) ва 60 та (DSc), география фанларида 222 та (PhD) ва 63 та (DSc), юридик фанларида 225 та (PhD) ва 63 та (DSc), педагогика фанларида 231 та (PhD) ва 65 та (DSc), тиббиёт фанларида 268 та (PhD) ва ҳоказо.

2020 йил III-чорагида фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) учун диссертация тадқиқотларини олиб бораётган изланувчиларнинг диссертация мавзулари физика-математика фарларида 58 та (PhD) ва 29 та (DSc), кимё фанларида 60 та (PhD) ва 30 та (DSc), биология фанларида 62 та (PhD) ва 30 та (DSc), геология-минералогия фанларида 65 та (PhD), техика фанларида 31 та (PhD) ва 66 та (DSc), қишлоқ ҳўжалиги фанлари 84 та (PhD) ва 35 та (DSc), тарих фанларида 90 та (PhD) ва 37 та (DSc), иқтисодиёт фанларида 94 та (PhD) ва 37 та (DSc), фалсафа фанларида 105 та (PhD) ва 40 та (DSc), филология фанларида 108 та (PhD) ва 41 та (DSc), география фанларида 119 та (PhD) ва 42 та (DSc), юридик фанларида 119 та (PhD) ва 43 та (DSc), педагогика фанларида 120 та (PhD) ва 43 та (DSc), тиббиёт фанларида 144 та (PhD) ва 45 та (DSc), исломшунослик фанларида 161 тани (PhD) ташкил этган.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси бўйича таянч докторантура институтларида таҳсил олувчилар 2247 тани, қабул қилинганлар 1013 тани ва битирувчилар 335 тани ташкил этади ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 483 тага кўпайган.

Ўзбекистон Республикаси бўйича докторантура мавжуд ташкилотлар сони жами 74 тани ташкил этиб, шулардан 38 таси илмий ташкилотларда, 36 таси олий таълим муассасаларида жойлашган.

Дастлабки маълумотлар бўйича 2019 йилда жами ишланмалар ҳажми 853,4 млрд. сўмни ташкил этиб, улардан давлат секторидаги ишланмалар 314,7 млрд. сўмни, тадбиркорлик секторидаги ишланмалар 429,2 млрд. сўмни, олий таълим секторидаги ишланмалар 106,7 млрд. сўмни, хусусий нотижорат секторидаги ишланмалар 2,8 млрд.сўмни ташкил этади.

Фан соҳалари бўйича 2019 йилда жами харажатлар ўтган йилга нисбатан 13,9 % га ошиб, 602,3 млрд. сўм бўлганлиги, шундан табиий ва техника фанлари 387,0 млрд. сўмни, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги фанлари 106,6 млрд. сўмни, ижтимоий ва гуманитар фанлар 108,7 млрд. сўмни ташкил этган.

Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларига жами харажатлар 602,3 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан давлат сектори бўйича 304,4 млрд. сўмни, тадбиркорлик секторида 191,0 млрд. сўмни, олий талим секторида 104,1 млрд. сўмни ва хусусий нотижорат секторда эса, 2,8 млрд. сўмни ташкил этган.

2019 йилда инновацион лойиҳаларни амалга оширган кичик корхона ва микрофирмалар сони 3753 тани ташкил этган бўлса, иқтисодий фаолият турлари бўйича энг катта кўрсаткич ишлаб чиқариш саноатига тўғри келиб, 1979 тани ташкил этди.

Шунингдек, инновацион корхона бу — белгиланган статистик ҳисоб даврида маълум бир инновацияни жорий қилган корхона ҳисобланади.

2019 йилда бажарилган ва сотилган инновациялар ҳажми 26293,8 млрд. сўм бўлиб, шундан юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида 47,6 % ни ва Андижон вилоятида 15,0 % ни ташкил этган.

Ўзбекистон Республикасида инновация 3 турга бўлинади. Булар технологик, маркетинг ва ташкилий инновациялардир. 2019 йилда жами жорий қилинган инновациялар 4689 тани ташкил этиб, шундан 4427 таси технологик инновациялар, 128 таси маркетинг ва 134 таси ташкилий инновациялардир.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатимиздаги илм-фан тараққиёти ҳамда илмий-тадқиқот ишлари натижалари амалиётга жорий этилиши халқимизнинг фаровонлигини оширишга, иқтисодиётимизни юксалтиришга ва ижтимоий ҳаётимиз тубдан ўзгаришига ҳамда “Учинчи Ренессанс”га замин бўлиб хизмат қилади.

 

Қодир МУСАЕВ,

Давлат статистика қўмитаси юридик бўлими бошлиғи.

Шерзод АХУНОВ,

бош юрисконсультант.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: