08.12.2020

КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Самарқандда ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган “Самарқанд рассомлари” альбом-китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Альбомни тузувчи ва сўзбоши муаллифи Аҳмад Умаров, муҳаррир Алишер Назар, бадиий муҳаррир Баҳриддин Бозоров. Тошкент, 2020 йил, "San'at" журнали нашриёти.

Афросиёб харобаларида қазишма ишлари олиб борилганида топилган қадимий буюмлар, сўғд ёзувлари каби асори-атиқалар  ҳақиқатдан ҳам Самарқанднинг азалдан тасвирий ва амалий санъат марказларидан бири бўлганини тасдиқлайди. Машҳур мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг издошлари – Самарқанд миниатюра мактаби асосчилари  Муҳаммад Мурод ва Муҳаммад Нодир Самарқандийлар ўз замонасининг етук мусаввирлари бўлиб етишган.

Кейинчалик Туркистоннинг хонликларга бўлиниб кетиши, тараққиётга тўсқинлик қилган ўзаро ички низолар аҳолининг  маданияти ва маърифатига ҳам салбий таъсир этди. Бундан фойдаланган чор Россияси бошқаруви заифлашиб қолган ҳудудни босиб олади. 1868 йилда рассом В.Верешагин рус армияси билан бирга Самарқандга келади. Унинг “Туркистон серияси” деб номланган бир қатор этюд ва расмларидан иборат кўргазмалари  Россия ва Европа шаҳарларида намойиш этилади.

1890-1900 йилларда Туркистонда яна бир неча рус рассомлари – Н.Коровин, П.Кузнецов, А.Бенуа ва бошқалар яшаб ижод қилишган. Улар шу ерда яратган асарлари билан Москва, Петербург ва Россиянинг бошқа шаҳарларида кўргазмалар  уюштиришади. Улар таъсирида рус рассомлари И.Казаков, А.Волков, С.Юдин, Л.Буре  ва А.Исуповлар доимий ишлаш ва ижод қилиш учун Туркистонга келишади. Ўша даврдан бошлаб тасвирий санъатнинг Европа услуби Ўрта Осиёга кириб келди, дейиш мумкин.   

Собиқ шўролар даврида 1930 йилда П.Беньков раҳбарлигида Самарқандда рассомчилик билим юрти ташкил қилинади. Бу даргоҳда таниқли ва машҳур рассомлар – Чингиз Аҳмаров, Абдулҳақ Абдуллаев, Рашид Темуров, Ашраф Розиқов, Раҳим Аҳмедов ва бошқалар  таълим олганлар.

1939 йилда СССР рассомлар уюшмасининг Ўзбекистон бўлими иш бошлайди. 1941-1945 йилларда, уруш даврида Мос­ква­дан эвакуация қилинган В.Фаворский,  И.Грабар, С.Герасимов, Р.Фальк, Д.Моор сингари бир қанча рассомлар Самарқандан қўним топишади.        

Ўтган асрнинг 60-90-йилларида Самарқандда бир қанча  рассом  ва усталар ижод қилишган ва тасвирий санъатни ривожлантиришган. Г.Улько, Э.Алиев, Н.Бандзеладзе, В.Дегтяров,  Н.Султонов, Д.Сафоев, У.Жўрақулов, А.Мухторов, М.Облоқулов, М.Носировлар ўша даврнинг етук рассомлари ва усталари эдилар.

Ҳозирги давр тасвирий санъатида монументал, театр ва рангтасвирда ўз йўналишини яратган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Эсон Муҳаммадиев бугунги кунда ҳам кўп ёш рассомларга устозлик қилиб келмоқда.                  

Замонавий тасвирий санъатнинг турли шакл ва услубий йўналишлари албатта мўйқалам соҳиблари ижодига таъсир этмасдан қолмайди. Ҳозирги давр рассомлари янги технология ва ифода воситалари орқали ўзига хос асарлар ярата бошлашди.  Самарқанд рассомлари орасида ҳам декоративизм, авангард ва модерн йўналишларида ижод қилаётганлар талайгина. Аслиддин Исаев, Тоир Шарипов, Мирсаид Саматов, Алексей Шербаков каби рассомларнинг асарлари бунга мисол бўла олади.

Манзара ва тарихий жанрларда ижод қилаётган рассомлардан Абиб Исмоилов, Жума Абдураупов, Дилором Раҳимоваларнинг асарлари рангтасвирнинг реалистик йўналишида яратилган. Графика санъати тараққиётига Нуриддин Калонов, Баҳром Йўлдошев каби рассомлар катта ҳисса қўшмоқдалар. Сўнгги йилларда технологиянинг тез ривожланиши натижасида жозибали график техналогияси бўлган офорт, литография, линогравюра, кселография ўрнини компьютер графикаси эгаллаб олмоқда. Ҳайкалтарош Туркман Эсанов, Тўлаган Ёрқуловлар ўзларининг маҳобатли ва дастгоҳли асарлари билан мухлислар қалбидан жой олиб улгуришган.

Кулолчилик, ганчкорлик, наққошлик  ва каштачилик каби ҳунармандчилик йўналишлари ривожлантирилмоқда. Уста кулол Худойберди Ҳақбердиев, Шариф Азимов, Холмамад Исматуллаев, Дилором Мухторова, Нўъмон Облоқуловлар бир-бирига ўхшамаган  услуб ва йўналишда ижод қилишмоқда. Ганчкор уста Амриддин Нажмиев, наққош Хушбахт Салоҳиддинов, каштачи Кубаро Тўхтаевалар қадимий анъаналар услубини  сақлаган ҳолда гўзал санъат асарлари яратаётирлар. 

Тасвирий санъатда ўз сўзини  айтиш, менлигини топиш мақсадида мусаввирлик йўлини танлаган ёш рассомлар ижод оламига кириб келишди. Уларнинг асарларида ҳиссий-мажозий тафаккур маҳсули – ижодни ботиний мушоҳада қилиш, воқеликка ўзгача нигоҳ билан қараш, предметларни тасвирлашда фалсафий ёндашиш хусусиятлари намоён бўлмоқда. Бундай жараёнлар ёш рассомлар – Хуршед Халилов, Валерий Паваринус, Нуриддин Исаев,  Аҳмадхон Исоев ижодида кузатилмоқда.

Самарқанд ижодкорлари орасидан етишиб чиққан уста кулоллар Ҳудойберди Ҳақбердиев ва Шариф Азимов ҳамда рассом Аслиддин Исаев Ўзбекистон Бадиий Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик даражасига эришишлари Самарқанд ижод аҳлининг фахридир.

Бугун қўлига қалам тутиб рассомчиликда ўз ўрнимга эга бўламан, деган шахс учун  Академик мактаб мезонларини  мукаммал ўрганиш, яъни, расм чизишда асарларнинг композицион ечими, портретлардаги психологик ҳолат, иссиқ ва совуқ рангларни ўз жойида ишлатиш, рангларни асар руҳига сингдириш каби маҳоратни эгаллаш унинг  келажакда етук рассом бўлишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Альбом-китобни тайёрлашда, уларга дизайн-безак беришда, матнларни тайёрлашда яқиндан ёрдам берган рассом Баҳриддин Бозоров, шоир Алишер Назар ва бошқаларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 

Аҳмад УМАРОВ,

Ўзбекистон Бадиий академияси

Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: