02.12.2020

МАҚСАДИМ — МЕНИ БУЮК ЧЕМПИОН СИФАТИДА ЭСЛАБ ҚОЛИШСИН

Яқинда Россиянинг Москва шаҳрида юртдошимиз Равшан Муҳаммаджонов 23 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида биринчи ўрта вазн (69.8 килограм) тоифасида WBC Youth жаҳон чемпионлик камари учун украиналик Володимир Гордиенкога қарши рингга кўтарилди. 8 раундга мўлжалланган жангда Равшан очколар ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистонга чемпионлик камарини олиб келди. Биз чемпион билан учрашиб, бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Равшан, чемпионлик жангига тайёргарлик жараёнлари қандай бўлди?

 Жангга тайёргарлик вақти коронавирус пандемияси сабабли баъзан уйда, баъзан «Оқтепа» спорт клубида шуғулландик. WBC ташкилотидан рақибимнинг видеолари бизга ташлаб берилганда, уни ўрганиб чиқдик. Устозим Зуфар Сулаймонов рақибимнинг хатоларини кўрди. Масалан, ҳужумга ўтиб, зарба берганда жойида қолиб кетар, асосан қарши ҳужумда ва ён томондан зарбалар берар экан. Мени яна бир устунлигим, ундан бўйимнинг бироз баландлиги бўлди.

Иккинчи раундда нокдаунга учрадингиз...

Бу кутилмаган ҳолда бўлди. Тўғридан ва қўшимчасига ён томондан зарбани ўтказиб юбордим. Мувозанатимни йўқотдим, бироз оёғим чалкашди. Лекин йиқилаётганимда, ҳозир турсам, сени соғ қўймайман, деган ният билан йиқилдим. Бу ҳолат ҳар бир спортчида бўлади. Иккинчи раунд тугаб, бурчагимга борганимда устозларим руҳий далда беришди. Сенга Ватан қараб турибди. Ютқазишга ҳаққинг йўқ, деб, ўзимга ишончимни янада оширишди. Бундан ташқари, у ерда бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлислар ҳам кўп эди.

Бокс билан қачондан буён шуғулланасиз?

Дадам боксчи бўлган, спорт устаси унвонини олган ва менинг ҳам боксчи бўлишимни жуда истаганлар. Мен етмаган натижаларга ўғлим эришсин, деган мақсадда «Ёшлик» спорт клубидаги бокс машғулотига олиб борганлар. Ҳабиб Усмонов ва Обид Зокиров мени биринчи мураббийларим. Боксни ўргатган, тўғридан, ёндан, тагидан зарбани тушунтирган устозлар шулар.

Ҳаваскор боксда қандай натижаларга эришгансиз?

Ҳаваскор боксда 7 йил шуғулландим, кўплаб турнирларда қатнашдим. Яхши натижаларни ҳам қўлга киритдим. Хусусан, терма жамоада асосий рақибларимдан бири, жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Дилшодбек Рўзметов билан тенгма-тенг рақобатда бўлардик. Лекин баъзи бир турнирларда ютган жангларимни беришмагандан сўнг ёшлигимга бориб, қизиққонлик қилиб, боксдан бутунлай кўнглим қолди. Шунча оғир меҳнат қиласиз, натижа бўлмагандан кейин кўнглингиз совийди-да, албатта. Ўша пайтда мен 17 ёшда эдим.

Шундан сўнг бир йилга яқин боксдан узоқда бўлдим. Лекин боксга яна қайтишимга дадам туртки берганлар ва «Оқтепа» клубига олиб борганлар. 2017 йилнинг бошида устозим Зуфар ака Сулаймоновнинг қўл остида профессионал бокс билан шуғулланишни бошладим. Устознинг қўлига тушганим менинг энг катта омадим деб ўйлайман.

Профессионал боксга тезда мослашдим. Мен катта рақибларга қарши жанг қиламан ва рингда ўзимни яхши ҳис қиламан. Бу ердаги машғулотлардан завқ оламан.

Қайси боксчиларнинг жангларини кўпроқ кузатгансиз?

Мен тенгилар учун бундай боксчилар Артур Григорян, Муҳаммадқодир Абдуллаев эди. Кейин Руслан Чагаев, энди эса Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Жамшид Нажмиддинов. Бундай спортчилардан кўп нарса ўрганилади.

Жаҳон миқёсида эса кўпроқ Муҳаммад Алининг жангларини мириқиб кўрардим. Унинг зарбадан қочиб, қарши ҳужумга ўтишлари менга жуда ёқади. Рингнинг бурчагида туриб олади-да ҳеч қайси зарбани ўзига теккизмайди, ўнг ёки чап томондан ўтказиб юборади. Шунингдек, Геннадий Головкиннинг босими, Василий Ломаченконинг ишлаши ва ­Муҳаммад Алининг ритмини ҳамда ўзимни ҳам баъзи бир усулларимни қўшган ҳолда энг зўри бўлишни истайман. Чунки, улар айнан мана шу жиҳатлари билан кучли ҳисобланишади. Мен улардан кўп нарса ўрганаман Головкин Америкага бориб, юлдуз бўлиш мумкинлигини кўрсатгани учун эътиборга лойиқ инсон. Ломаченкога бир қарасангиз, рақибининг ўнг томонига, бир қарасангиз, чап тарафига ўтиб кетади. Унинг жангларини кўрган сайин кўргингиз келади. Нафис, ақлли ҳаракатлари мен учун завқли ва боксга қизиқишимни орттириб юборади.

Жанг олдидан ҳаяжонни қандай енгасиз?

Мен ўз кучимга ишонаман, чунки кўп меҳнат қилганман. Лекин иймон-эътиқодим менга беҳисоб куч бағишлайди. Ишонч-эътиқодим мен учун жуда муҳим.

Ҳаётдаги энг катта мақсадларимдан бири ота-онамни ҳаж сафарига юбориш. Бу бокс орқалими ёки бошқа йўл билан бўладими, насиб бўлса, шунга интиляпман. Ота-онам чемпионлигим, ютуқларим билан фахрланишади, лекин бу ниятим уларни икки баробар хурсанд қилишини биламан.

Сизнинг вазнингизда энг зўр ва энг қийин рақиб ким?

Бу Эрисланди Лара. Мен уни жангчи сифатида ҳурмат қиламан. Чунки у жуда тажрибали, техникаси ҳам кучли, унга қарши жанг оғир бўлишини биламан, лекин дивизионнинг энг зўрларига қарши жангда ўзимни кўрсатмоқчиман. Шунингдек, ушбу вазнда Уильямс, Чарло, Харрисон каби яхши боксчилар кўп. Чарло мендан жисмоний томонлама кучлироқ. Бироқ мен бу рақибларнинг барчасига қарши жангда ўзимга ишонаман, бу жанглар ташкил қилинса, бокс учун ҳам ажойиб бўлади.

Келгуси беш йилликда режаларингиз қандай?

Аввалига WBC gold чемпионлик камарини қўлга киритмоқчиман, шундан сўнг қолган тўртта йўналишдаги камарларни бирлаштириб, мутлақ чемпион бўлмоқчиман. Ўз вазнимда мақсадимга етганимдан сўнг ўрта вазнга ўтишни истардим, лекин ҳозирча бу ҳақида ўйлаётганим йўқ.

Жангчи сифатида сизга нима куч беради?

Билмадим, рингга чиқишим билан менга қаердандир куч келади. Қўрқмайман, чунки орқамда ўн бир йиллик тажрибам турибди. Ўзимни руҳан ва жисмонан тайёрлаганман.

Ҳаяжон ҳаммада бўлади. Ҳаяжон бўлмаса, спортчи ҳеч нарсани ҳис қилмайди. Жангингиз ўхшамайди. Зарбаларингиз чиройли бўлмайди. Одамда ҳаяжон, рақибни ҳурмат қилиш, деган нарса бўлиши керак. Чунки, рақибингиз ҳам рингга тайёрланиб чиққан. Сизни кутилмаганда уради, йиқиласиз. Шунинг учун рингга рақибимни ўзимдан кучли деб ҳам, ёки менсимасдан ҳам чиқмайман. Ким бўлишидан қатъи назар, уни ҳурмат қиламан.

Менга боксдан келадиган пул қизиқ эмас. Одамлар Геннадий Головкинга ўхшаган боксчиларни кўриб, унга ўхшашга ҳаракат қилишган. 20-30 йилдан сўнг мен ҳам одамларда яхши таассурот қолдиришни истайман. Мақсадим мени энг яхшилар билан жанг қилган ва ҳеч қачон синовлардан қочмаган буюк чемпион сифатида эслаб қолишсин. Мураббийим Зуфар Сулаймонов мен учун энг яхшиси! Улар мени ҳар бир жангга режа асосида тайёрлайди. Мендан талаб қилинадиган иш рингга чиқиб, жанг қилиш. Устозим мени чўққига олиб чиқишига ишонаман.

Шаҳбоз САЙЙИД

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: