Кейинги пайтларда она тилимиз қонун-қоидаларига риоя этиш, унинг мавқеини ошириш бўйича кўп фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Айниқса, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан сўнг Давлат тилини ривожлантириш ҳамда ва такомиллаштириш борасидаги баҳс-мунозаралар қизғин тус олди. Тил софлигини сақлаш, илмий асосланган сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, адабий тил нормаларига риоя қилиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилмоқда.
Она тилимизни келгуси авлодларга маънавий бойлик сифатида соф ҳолда етказиш бизнинг вазифамиз ҳисобланади. Бундан ташқари, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашимиз лозим. Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний: “миллатни миллат эканлигини кўрсатадиган унинг она тилидир. Тилни йўқотмак бу миллат руҳини йўқотмакдур ёки ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадиган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир”, деган сўзлари маъно-мазмунини ёшларга тушунтирмоғимиз керак. Бугунги авлод ҳам ўз она тилининг софлигини сақлаши ва унинг нуфузини ошириш учун интилиши лозим. Афсуски, жамоат жойлари, баъзи ташкилот ва муассасаларда она тилининг софлигига путур етказилаётган ҳолатлар ҳамон кўзга ташланмоқда. Имло қоидаларига риоя қилиш, грамматик нуқтаи назардан хатосиз ёзиш — бу инсонни саводли, илмли эканлигидан дарак беради. Саводли бўлиш учун кўпроқ ўқиш ва ёзиш санъатини имкон қадар ўрганиш лозим.
Маълумки, кўпчилигимиз “х” ва “ҳ” ҳарфларини фарқлашга қийналамиз. Гапирганда ҳам нотўғри талаффуз қилаяпмиз. Натижада, “х” ёзилиши керак бўлган ўринда “ҳ” ёзилади ёки аксинча ҳолат кузатилади. Биргина таълим билан боғлиқ муассаса эшигида: “Хужжатларни қабул қилиш тўҳтатилади”, ёки юқори ташкилотларда Ўзбекистон харитаси кўрсатилган ҳолда вилоят номлари “Buhoro”, “Jizzah” тартибида ёзилган. Бундан ташқари, “а” ҳарфи ёзилиши керак бўлган ўринларда, “о” ёзиляпти ва талаффуз қилиняпти. Мисол учун, Боҳодир, Ғофур, Ровшан, Комола, Мовжуда, Мовлуда ва бошқалар. Шаҳримиз кўчаларидаги транспортларда жой номлари, эълонлар, рекламаларда ҳам ёзув қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатлар талайгина. Албатта, бу хатоликлар маълум маънода бартараф этиляпти. Аммо тил софлигини сақлаш масъулияти бутун миллатнинг миллий бурчи ҳисобланади.
Ачинарлиси, орамизда ўзбек тилига бошқа тилларни қориштириб гапиришни маданият, деб биладиган кишилар кўпайиб боряпти. Тилга, унинг софлигига нисбатан бу каби муносабатлардан қайғуриб, бир зиёли инсон “Илмий нашрлардаги мақолаларни таҳрир қилганимда, ғиж ғиж хатоларга кўзим тушади. Нега, шунчалик саводсиз бўлиб кетяпмизми, ёки китоб мутолаа қилишга дангаса бўлиб боряпмизми?”, – деган эди. Дарҳақиқат, саводсизлик, сўз бойлигининг йўқлиги, нутқдаги ғализлик китоб мутолаа қилмасликдан, билим олишга интилмасликдан келиб чиқади. Кейинги пайтларда республикамиздаги газета ва журналларнинг савияси яхшиланиб боргани сайин, негадир, газетхон, журналхонларнинг сони камайиб бормоқда. Бунинг таъсирида билимсизлик, саводсизлик ҳолатлари кўзга ташланиб, она тилимизнинг бой имкониятлари чекланиб, баргсиз дарахтга ўхшаб, яланғоч бўлиб қолмоқда.
Алишер Навоий ҳазратлари туркий тилга нисбатан салбий муносабатда бўлинган бир даврларда, туркий тилнинг имкониятларини ўз асарлари, ғазаллари орқали кўрсатиб берганлар. “Тилга эътибор — элга эътибор”, миллат мулкига эътибор, ҳурмат эканлигини ҳам таъкидлаганлар. Нега биз она тилимизни бузишимиз, уни ўзга тиллар билан қориштириб, камситишимиз керак? Ахир, бизнинг ким эканлигимизни кўрсатадиган она тилимиз эмасми?
Дарс жараёнида ўқувчиларимдан бири: “Устоз, биз бошқа бирор тилни билмасак, билимсизликда айблаб, устимиздан кулишади, аммо она тилимизни билмасак ёки бузиб гапирсак, ҳеч ким бизни билимсизликда айбламайди, кулмайди ҳам. Она тилимизнинг қадри йўқми?” деб оғриқли савол бериб қолди. Ҳақ гап. Ўқувчимнинг бу мулоҳазасида она тилига қайғуриш ҳиссини кўриш мумкин. Аслида, она тилини билмаслик ёки бузиб гапириш бу — миллатга, халққа нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Тўғри, бошқа тилларни ўрганиш бугунги даврнинг муҳим талаби, хорижий тилларни қанча кўп билса, аммо бу она тилини унутиш ёки бузиш ҳисобига бўлиши керак эмас.
Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлат тилини билиши ва уни ҳурмат қилиши шарт, деб ўйлайман. Айниқса, ҳар бир зиёли инсон она тилимиз софлиги учун қайғуриши, тил миллат кўзгуси эканлигини англаши, ёш авлод онгу шуурида миллий тилга садоқат туйғусини шакллантириш учун курашмоғи керак бўлади.
Лола АЗИМОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом
академияси таянч докторанти.