25.11.2020

БАСИРАТ КЎЗИ

Ўзининг сезиш, кўриш, тафаккур қилиш қобилиятини ишлата олган одамгина ўзлигини англашга қодир.

Инсон зоти борки, ҳаётдаги турли воқеа-ходисалардан сабоқ чиқариб яшайди. Кимдир кимдан, кимдир жониворлардан, ҳатто чумолидан ўрнак олади.

Ҳаёт сабоқлари кишини эгри йўлдан қайтариб, тўғрилик томон етаклайди. Агар ҳаёт сабоқларидан хулоса чиқарилмаса, одам кўп адашади, хатоларга йўл қўяди, коррупцияга берилиб, охири жавобгарликка тортилиб кетади. Бу аччиқ ҳақиқат.

Қуйидаги ҳаётий воқеа ҳам кишини ўйлашга, хулосалар чиқариб олишга даъват этади.

Холидахон эрининг кейинги пайтларда ўзгариб қолганидан ҳайрон, ҳатто бироз хавотирга ҳам тушиб қолди. Ёши қирқни қоралаган, катта бир хусусий корхона эгаси бўлган эри авваллари доим шошиб-пишиб юрар, уйда кам бўлар, вақтини кўпинча ишхонасида ва улфатлари даврасида ўтказарди. Энди эса тез-тез уйда қоладиган, хаёл суриб ўтирадиган бўлиб қолди. Анчайин қўрс ва қайсар эри ўз-ўзидан мулойимлашиб қолгани унга аслида маъқул эса-да, "Ишида бирон-бир муаммоси бормикан ё касал-пасал бўлиб қолдимикан-а?", — деган ташвиш билан безовталана бошлади.

Энг қизиғи, бу кап-катта эркак кеча иккита оқ сичқон сотиб олиб келиб, уларни қафасга солиб, соатлаб тикилиб ўтиргани уни бутунлай лол қолдирди. Эрига "Буларнинг турқи бунча совуқ, ундан кўра балиқли аквариум олганингиз яхши эмасмиди", — деганида, эри нима деди денг? "Эй, хотин, сен нимани ҳам билардинг, балиқ, сувдан чиқмайди, бировнинг уйига кирмайди, мулкига ҳам тегмайди. Сичқонлар, билсанг, одамга ўхшайди, аслида менга ўхшайди, деб минғирласа бўладими?..

У кўзларини катта-катта очганча эрига қараб-қараб чиқиб кетди. “Бу кишига аниқ нимадир бўлган, хаёли жойида эмас, гаплари ҳам алмойи- жалмойи. Энди нима қилдим, ўзига бирон нима деб бўлмаса”, — деб ўйлай- ўйлай охири эрига сир бермамиш бўлди, лекин эртадан қолдирмай бу ҳолни қайнотасига билдиришни кўнглига туйди.

Ўз тадбири ўзига маъқул келди-да, эрининг телевизор кўриб ўтирганидан фойдаланиб, “Бугунги ишни эртага қўйма” деган нақлга амал қилди ва "катта" уйларига сим қоқди. Телефон гўшагини кўтарган қайнонаси билан ҳол-аҳвол сўрашиш асносида аҳволни қандай баён қилсам, дея ўйлана бошлади. Баҳона ҳам ўз-ўзидан топила қолди ва қайнонасига “Эртага ўтганлар хотирасига бир ис чиқариб юбормоқчийдим, шунга отам билан келиб-кетсаларингиз девдим”, — деди. Қайнонаси ҳам: “Ўзи набираларни соғиниб ўтирибмиз, бир ўтмоқчи бўлиб тургандик, болам”, — деди.

Тонг отгач, эрини ишга кузатаркан, "Онам телефон қилган эдилар, бугун келишар экан. Ош дамлаб қўяман, эртароқ қайтсангиз", — деди. Ошга сабзи тўғрай туриб: “қайнота-қайнонамга қандай айтсам экан, айтганда ҳам нима дейман, гапни нимадан бошлайман”, деган ўй билан каловлана бошлади. Сўнг, “қайнотам синчков одам, ўзлари ўғлидаги ўзгаришни сезар, яхшиси ҳеч нима демай қўя турай”, деган қарорга келди ҳамда қарори ўзига ёқиб тушиб, бироз енгиллашгандай бўлди.

Энди ошнинг гуручини солаверсамми-йўқми, деб турганида қайнота- қайнонаси бир қучоқ совға-саломлар билан кириб келишди. Кенг меҳмонхонага жойлашиб, набираларини суюб-эркалаш билан андармон бўлишди. У елиб-югуриб дастурхон тузатди.

Ошни дамлаб, қайнота-қайнонасининг чойидан хабар олиш учун залга кирганида кўрди-ки, кичкинаси сичқонларни қафаси билан кўтариб кириб, бобосига мақтаниб турибди.

Қайнотасининг авзои бузилди, лекин буни билдирмамиш бўлди. Келинига "Бу қай бирингнинг ишинг?" дегандай бир қараш қилди. Қайнонаси эса: “Мен жуда қўрқиб кетдим, болам, буларнинг касал-пасали бўлса, сенга юқиб-нетиб юрмасин, ташқарига чиқариб қўя қолгин”, — деди ва ''Бунга сиз нима дейсиз?" дегандай чолининг ҳолатига назар солди.

Қайнотасининг: “Келин, бу сичқон боқиш ҳунари кимдан чиқди?” — деган сўровига ноилож қолиб сичқонларни эри олиб келганини айтди. Сўнг мингдан-минг хижолат чекиб, тутила-тутила “Ўғлингиз шу сичқонларга ўхшармиш, бу гапни уларнинг ўзлари айтдилар”, — дея олди.

Буни эшитган қайнотаси бир дам ўйланди, "Сичқонга ўхшармикан, шунга фаҳми етган бўлса, яхши", — деб жилмайиб ҳам қўйди. Қайнона-келин бир-бирига илкис қараб олишди-да, анграйганча туриб қолишди.

Ўғли уйга қайтгач, ота Қуръон тиловот қилди, чўзма синдирилиб, келин сузиб келган ош ҳам ейилди. Дастурхон йиғиштирилиб, аччиқ чойга навбат етгач, босиқ оҳангда “Ўғлим, ишларинг яхшими, нима гаплар?” — деб синчков қараб қўяр бўлди.

Ўғлининг "Ҳаммаси яхши, ота, ишлаб юрибман", — деган жавобини эшитган онаси: "Сичқон муборак болам, бу ишнинг маънисига дим етмай турибмиз-да?” — деди.

Хотинига бир қур қараб олиб, сукутда турган ўғлига ота:

— Ҳа ўғлим, мен-ку ниманидир англагандайман, лекин онангиз ҳамда келинга ўзингиз тушунтирмасангиз уларнинг кўнгли тинчимайди-ёв, — деб қўйди.

Ўғил ерга тикилганча сўзга кирди:

— Ота, шу ишхонамдаги омборда сичқон пайдо бўлиб, ҳамма жойни илма-тешик қилиб ташлади. Сичқон дегани жимитдай бўлсаям, тиниб-тинчимас, айёр жонивор экан. Қопқон ҳам қўйдик, биттаси тушгач, бошқалари қопқонга чап берадиган бўлиб қолди. Дориланган емак қўйдик, бир-иккиси заҳарланиб ўлгач, бошқалари заҳарли емакка қарамай қўйди. Ишчиларимиздан бири битта мушук топиб келтирди. Мушук сичқонни кўрдими, таппа босаркан. Сичқонлар икки-уч кунда мушукка ем бўлди. Хуллас, сичқонлардан қутулдик...

Шундай дея туриб ўғил бироз тин олди. Кампирининг чимирилганча ўғлига оғиз жуфтлаётганини кўрган ота: “Жим, сабр қил”, — дегандай бошини чайқаб қўйди.

Ўғил паст овозда давом этди: “Шу сичқонларнинг ҳаётига қараб ўйланиб қолдим. Мен ҳам нафсга берилиб, инсофни йўқотиб, фойданинг кетидан кўр-кўрона қувмадимми?... Даромадни солиқдан яшириб, қонунларга чап бермаяпманми, бу ҳаракатларим сичқоннинг айёрлиги каби вақтинча эмасмикин? Сичқон мушукка ем бўлганидек, мен ҳам ўзимни йиғиштирмасам, бир кун ҳолим хароб бўлишини, жазо қаттиқ бўлишини тушуниб етдим. Шундай қилиб, сичқонлар менинг тўғри хулосага келишимга сабабчи бўлди...

Бир ҳафтада ҳамма ҳисоб-китобларимни жой-жойига қўйдим, солиқларни тўладим. Қонунга тўғри келмайдиган олди-берди ишларимга нуқта қўйдим. Бор, гап шу”.

Ота: “Ҳа ўғлим, шундай бўлсин! Оллоҳ, ўзи меҳрибон. Тўғри йўлга соламан деса ҳеч гап эмас! Басират кўзингни бир сичқон мисолида очгани учун Ўзига минг бора шукр”, — деди.

Сўнг анграйганча ўғлига қараб қолган хотини ҳамда келинига кўзи тушиб, уларга қарата, “Энди тушунгандай бўлдиларингми, унда сичқонга ҳам бир раҳмат деб қўйинглар-а,” —дея ҳазиллашган бўлди.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

ҳуқуқшунос.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: