Сайди Умировнинг вафоти Ўзбекистон журналистлари, журналистикаси учун катта йўқотиш бўлди, десак, дилимиздаги фикрларни тўлиқ ифодаламаган бўламиз. Журналистларнинг бир неча авлоди ўз устозини йўқотди, журналистика деган оламга эндигина қадам қўяётган ёшлар ҳам аллома устоз сабоқларидан бебаҳра қолди, десак ҳам бу йўқотиш қанчалик катталигини англата олмаймиз.
Сайди Умиров биз журналистлар учун нафақат устоз, балки қайси биримизга отадек, қайси биримизга акадек меҳр кўрсатиб, яхшиликлар қилган инсон эди. У шунчалик бағри кенг устоз эдики, шогирдларининг матбуотда чиққан мақолалари, шеърлари ёки чоп этилган китобларини кўриб, кўзлари қувониб, мақтаб юрарди. Сайди Умиров ҳақиқий маънода хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси эди.
Ҳаловат билмай, тинимсиз ижод қилгани, таҳририятма-таҳририят юрганлари, энг долзарб мавзуларда ёзган мақолалари учун “Олтин қалам” мукофотига муносиб кўрилганда, барча шогирдлар бирдек қувонганмиз.
Сайди Умиров устозлик қилган журналистлар бугун барча газеталар таҳририятларида, радио ва телевидения каналларида меҳнат қилаётганлиги ҳам ҳақиқат.
Устоз бизнинг таҳририятга ҳам тез-тез келиб турарди. “Бир нарса ёздим, кўрасизларда”, дея мақоласини ташлаб кетарди. Мақоласи чиққач, ё келиб, ё қўнғироқ қилиб раҳмат айтарди. Бағри кенглиги қатори камтарлиги ҳам ибратли эди.
Сайди Умировнинг юзлаб мақолалари, “Санъатнинг сеҳрли калити”, “Даъваткор сўз”, “Сеҳрли ва меҳрли сўз”, “Толибнома” каби китоблари журналистикамизнинг мулки бўлиб қолди. Энди бу мақолалар ва китоблар ёш ижодкорларга сабоқ беради.
Устозни энди кўрмаймиз. Бу — оғир айрилиқ. Аммо бизга қилган яхшиликлари, журналистикамиз тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси унутилмайди. Давраларда кўп-кўп гапирилади. Сайди ака Умировни ҳар эслаганимизда, унинг самимият балқиб турган табассумли чеҳраси, кулгулари кўз ўнгимизга келаверади. Гўё у ёнимизда тургандек, биз билан суҳбатлашаётгандек туюлаверади. Бир умр шундай бўлиб қолади.
Бир гуруҳ шогирдлари