04.11.2020

МАКТАБ БИЛАН ЎҚИТУВЧИНИНГ НУФУЗИ ЮКСАЛАДИГАН БЎЛДИ

– Таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимиз раҳбари томонидан қатор қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Ҳозир жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси ана шулар жумласидандир. Фармонда:

— таълим-тарбиянинг амалдаги ҳолати, янги авлод кадрларини тайёрлашда уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини янада ошириш;

— замон талабларига жавоб берадиган ўқув адабиётларини яратиш;

— мактабгача ҳамда халқ таълими тизимига тегишли муассасаларнинг малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш;

— таълим-тарбия муассасалари ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш ҳамда уларни фаолияти самарадорлигига қараб моддий рағбатлантириш;

— таълим соҳасига хусусий секторларни жалб этиш;

— ахборот технологияларини самарали қўллаш,

— таълим ташкилотларини нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўринга эга бўлишларини таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари кўрсатиб ўтилган.

Шу маънода ушбу Фармон лойиҳаси таълим тизимида янги даврни бошлаб беради, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Буни айрим жиҳатлар билан асослаш мумкин. Жумладан, 2019-2020 ўқув йили бўйича Тошкент вилоятида халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда 4 та кўрсаткич бўйича умумтаълим муассасалари рейтинги аниқланди. Булар:

1. Битирувчи ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи;

2. 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;

3. Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши;

4. Умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагог жамоаси ўртасида ўтказилган сўровнома.

Сўровнома натижалари бўйича асосан республикамизнинг 10 фоиз умумий ўрта таълим муассасалари (мактаблар) фаолияти таҳлил қилинди. 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, энг юқори ўринларни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари, қуйи ўринларни Сирдарё, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари эгаллашди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Тошкент вилоятидаги таълим муассасаларида 5 мингдан ортиқ (15 фоиз атрофида) педагоглар олий маълумотга эга эмас. Шунингдек, 2019-2020 ўқув йилида 11-синфни 35 минг 709 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 8 минг 215 нафари (23 фоиз) олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Тошкент вилоятининг таълим муассасаларини халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагогик кадрлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги қарори билан Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. Жорий йилда институтнинг 16 минг нафардан ортиқ талабаларига 500 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи таҳсил бериб келмоқда. Хусусан, 2020 йилда институтнинг махсус сиртқи таълим шакли бўйича 1000 нафардан ортиқ битирувчилари вилоят мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим масканларида ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. 2020-2021 ўқув йилида эса институт вилоят таълим-тарбия муассасаларини 2000 нафарга яқин олий маълумотли кадрлар билан таъминлашни назарда тутган. Бу жараён таълим сифатида кадрлар салоҳияти, педагогик билим мустаҳкамлигини тақозо этадиган ижтимоий жараён ҳисобланади ва у институт олдига жиддий талабларни қўяди.

Фармон лойиҳасини ўрганиб, таҳлил қилиш Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида қуйидаги 3 та стратегик йўналиш бўйича ишларни ташкил этиш, жорий қилиш ва натижага эришиш имконини беради:

1. “Педагогик таълим ва тарбиянинг инновацион кластери” тизимини ривожлантириш.

2. “Эшитдим-кўрдим-бажардим” педагогик тамойили асосида таълим ва тарбия узвийлигини таъминлаш.

3. “Ўрганамиз-ўргатамиз” педагогик лойиҳанинг самарали усул ва воситаларини ишлаб чиқиш.

Фармон лойиҳаси асосида шаклланган ушбу стратегик йўналишлар институтда “Илмдан — билимга”, “Тарбиядан — таълимга”, “Тикланишдан — юксалишга” деган ғояга асосланган ҳолда таълим сифатини яхшилаш, замонавий педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда муносиб таълим ва тарбия муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Президент Фармони лойиҳасида мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, институтнинг стратегик йўналишлари доирасида Чирчиқ шаҳридаги умумтаълим мактаблари билан физика, математика, психология, биология, инглиз тили, ўзбек тили ва адабиёти, тарих фанларини ўқитиш сифатини яхшилаш бўйича ҳамкорликда “Таълимда Чирчиқ тажрибаси” лойиҳаси бошланди. Ушбу лойиҳа Халқ таълими билан Олий таълимни бир-бирини тўлдирувчи, ягона мақсадга йўналтирилган бўғинлар орасидаги узвийлик ва узлуксизликни таъминлашдек долзарб ишларни амалда бажаришга қаратилган. Бу билан замонавий дунёқарашга эга педагог кадрларни тайёрлаш орқали Президентимиз илгари сураётган учинчи Ренессанснинг пойдеворига ҳисса қўшган бўламиз.

Ғофиржон Муҳамедов,

Чирчиқ давлат педагогика

институти ректори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: