28.10.2020

«БИЗНИНГ РУҲИМИЗ МАККАИ МАДИНАГА ИНТИЛСА, АҚЛИМИЗ САМАРҚАНДГА ОШИҚАДИ»

Бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемияси оқибатида таълим тизимида ҳам қатор мажбурий ўзгаришлар бўлди. Хусусан, он-лайн дарслар йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари масофавий шаклга ўтказилди. Аммо, устоз ва мураббийлар, талаба-ёшларнинг фаоллиги асло пасайгани йўқ. Бу жараёнга хорижий педагогларнинг ҳам жалб этилиши таълим самарадорлигини оширади, албатта.

Куни кеча Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедрасида мисрлик мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд ­Даманҳурий яна дарс ўтишни бошлади. Биз таниқли исломшунос олимни академиядаги фаолиятини давом эттириш мақсадида юртимизга келгани билан қутлаб, янги ўқув йилидаги дастлабки дарс машғулоти таассуротлари билан қизиқдик.

– Маълумки, ҳозирда бутун дунёда таълим даргоҳларида дарс жараёнлари кўпроқ он-лайн тарзда олиб борилмоқда, — дейди доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий. — Талаба-ёшлар ҳам бундай машғулотларга мослашмоқда. Албатта, бошида озроқ қийинчиликлар бўлди. Ҳозир бу муаммолар бартараф этилган. Талабаларнинг таклифларини инобатга олиб, уларга янада қулайлик яратиш мақсадида фан бўйича қўшимча тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Умуман олганда, Академия талабалари жуда тиришқоқ, ғайратли экани интилишлари ва ёниб турган кўзларидан сезилиб туради. Айниқса, талабаларнинг билим олишга рағбати ва устозларига ҳурмати жуда эътиборимни тортди. Бундан олдин мен бошқа давлатларнинг таълим муассасаларида ҳам дарс берганман. Аммо у ердаги талабалар билан бу академиядаги талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқи, жумладан, араб тилини билиш даражаси анча юқорилиги хурсанд қилмоқда. Бу дарс жараёнларида уларнинг ўз фикрларини эркин баён этишида ҳам сезиляпти. Буюк алломалар ворисларига сабоқ бериш биз учун шараф.

— Яна шуни ишонч билан айтаманки, — дейди олим Аҳмад Саъд Даманҳурий. — Агар юртингиз ёшларидаги илм ва касб-ҳунарларни эгаллашга бўлган иштиёқ шундай кучайиб борса, келажакда албатта, Ўзбекистонда буюк уламо аждодларига муносиб олимлар камолга етади ва Давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, “Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйилади”.

Яна бир эътиборли жиҳат — Ўзбекистонга халқингиз учун улуғ ва муборак сана 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни келганимдан ҳам бениҳоя қувондим. Бу байрамни ўзбек халқи катта хурсандчилик билан кутиб олганидан бағоятда таъсирландим. Тил – инсон тафаккури, муайян бир халқнинг маданияти, миллий ўзлигининг асосидир. Айнан у орқали инсон маданияти, урф-одати, бир минтақанинг ўзига хос бўлган хусусияти шаклланиб боради. Мен бир олим сифатида шуни айтаманки, ҳар бир миллат ўзининг она тилига биринчи галда эътибор қаратиши, муқаддас дини софлигини асраши керак. Ундан кейин эса глобал халқаро ҳамжамиятга чиқиш учун кўпроқ тажриба, маълумот алмашишда ҳозирги ёшлар хорижий тилларни инглиз, француз, қолаверса, немис тилларини ҳам яхши ўзлаштиришлари лозим. Она тилини билмаслик, уни қадрламаслик оқибатида миллат таназзулга юз тутиши тарихдан маълум. Шу боис, давлатингизда она тилига устувор эътибор қаратилаётгани ҳам бу заминнинг буюклиги, унинг эртаги тараққиётидан далолат беради.

Шу ўринда, айтиб ўтишим лозимки, Мовароуннаҳр заминида камол топган олимлар томонидан араб тилида ҳам катта маънавий мерос қолдирилган. Шу боис Ўзбекистонда араб тилини ўргатадиган, қолаверса, қадимги Мовароуннаҳрга хос бўлган қўлёзма манбаларни тадқиқ этадиган марказлар кўпайса, айни муддао бўларди. Мазкур манбаларни чуқур ўрганиб, ўзлаштириб, ҳозирги замонавий ўзбек тилига таржима қилиш орқали ислом оламининг энг буюк алломалари ҳисобланган – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий сингари бобокалонларингизнинг муносиб издошлари камол топади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси дунёда диний ва дунёвий билимларни ўргатадиган етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказларидан биридир. Шу боис мазкур илм ўчоғига нафақат Ўрта Осиёдан, балки бутун дунёдаги таълим муассасаларидан талабалар келиб, таҳсил олишга интилмоқда. Академия нуфузини янада ошириш йўлида барча профессор-ўқитувчилар ва раҳбариятга улкан муваффақият тилайман!

Сўзим охирида Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Тоййибнинг: “Бизнинг руҳимиз Маккаи Мадинага интилса, ақлимиз Самарқандга ошиқади!”, дея юртингизга берган нозик таърифини ёдга олмоқчиман. Зеро, дунё цивилизациясига ўзининг тенгсиз ҳиссасини қўшган буюк алломалар, мутафаккирлар юрти ҳамиша қалбларга эзгулик, илм-маърифат нурини таратиб туриши шубҳасиз.

 

Ҳасан УСМОНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: