28.10.2020

«ИСЛОМ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ» БИРИНЧИ ЖИЛДИ

тақдимоти бўлиб ўтди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ZOOM платформаси орқали ташкил этилган онлайн тадбирда “Ислом энциклопедияси” нашрининг янгидан тайёрланган биринчи жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Унда профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, республикамиздаги барча таълим муассасалари вакиллари, илмий-тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Анжуманда кенг қамровли ва кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” биринчи томининг яратилиш жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди, олимлар энциклопедиянинг аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

– Мазкур нашр Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тайёрланмоқда, – дейди филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов. – “Ислом энциклопедияси” илмий-академик нашр бўлиб, у республикамиз илмий жамоатчилиги, таниқли профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар ҳамда AҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жазоир, Россия ва Қозоғистон давлатлари машҳур олимлари ҳамкорлигида тайёрланмоқда. Шу боис ҳам мазкур нашр жаҳон илм-фани тараққиётида ўзига хос аҳамият касб этади, десак, муболаға бўлмайди.

Анжуманда юртимизда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг асл моҳиятини кенг ёритиш орқали дунё цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимиз бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар онгу тафаккурини ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳаётий мисоллар асосида таҳлил этилди. Муқаддас динимизда илм-маърифат, эзгулик ва бунёдкорлик, муҳтожларга кўмак бериш каби инжа туйғулар доимо юксак қадрланиши мазкур яратилган китобда яна бир бор ўз тасдиғини топаётгани муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўз олиб, мазкур энциклопедиянинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталди.

– “Ислом энциклопедияси” режа бўйича 20 жилддан иборат бўлади, – деди у. – Энциклопедиядан 60 мингдан зиёд мақола ўрин олиши кутилмоқда. Кенг қамровли академик нашрдан динимиз равнақига ҳисса қўшган буюк шахсларнинг илмий фаолияти, ислом дини асослари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, саҳоба ва тобеъинлар, муҳаддис, фақиҳ, муфассирлар ҳақида 1000 га яқин мақола, атама ва сўз бирикмалари, безак материаллари, харита ҳамда чизмалар ўрин олган. Aйрим шахслар, воқеалар, атамалар илк марта илмий муомалага киритилди. Мазкур энциклопедия илм аҳли учун ноёб туҳфа бўлади.

Энциклопедия ўзининг мазмун-моҳияти ва хусусиятларидан келиб чиқиб, илгари чоп этилган араб, турк, урду, форс, инглиз, немис, француз тилларидаги Ислом энциклопедияларидан тубдан фарқ қилади. Китобни тайёрлашда юртимиз ва минтақа мусулмонлари учун анъанавий бўлган ҳанафий-мотуридийлик тамойилларидан келиб чиқиб ёндашилган. Мақолалар ёзилишида илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган. Мақолаларнинг акcарият қисми бирламчи манбалар – Қуръон, тафсир, Ҳадис, илмий-маърифий тадқиқотларга асосланган.

– “Ислом энциклопедияси” бугунги кунгача бутун аждодларимиз томонидан йиғилган ислом олами билан боғлиқ илмий-маърифий, маънавий мерос саналади, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. – Мазкур энциклопедия “Учинчи Ренессанс” учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бу китоб халқимиз ва ҳар бир ёш учун диний-маърифий билимлар бериш билан биргаликда, Имом Бухорий айтганларидек, “Нажотни илмдан излаш учун” хизмат қилади, деб ўйлайман. “Ислом энциклопедияси”ни республикамизнинг ҳар бир олий таълим муассасаси, умумтаълим мактабларида тарғиб қилиш, тақдимотини ўтказиш керак. Юртимиз илм аҳли, халқимиз, қолаверса, ёшларимиз учун ҳам бу нодир китоб ноёб манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

“Ислом энциклопедияси” йирик ва ўта масъулиятли илмий-маърифий лойиҳа бўлиб, унинг чоп этилиши юртимиз ижтимоий-маънавий ва илмий-маданий ҳаётида катта воқеа бўлиши кутилмоқда, — дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тўхлиев. — Зеро, янги ва мукаммал “Ислом энциклопедияси” муқаддас ислом дини, умуман, мусулмон маданияти, қолаверса, халқимиз маънавий-маърифий меросига алоқадор кўплаб масалалар бўйича айрим адабиётларда йўл қўйилаётган бир томонламалик, нохолислик каби салбий қарашларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, ислом дини, тарихи, таълимоти, унинг турли даврлардаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий жараёнларга таъсири тўғрисида холис илмий-таҳлилий маълумотлар бериб, исломий эътиқод моҳиятини бузиб талқин қилувчи мутаассиб, ақидапараст, экстремист гуруҳлар фаолияти ва уларнинг иддаоларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришда асосий манбалардан бўлади.

Тадбирда сўзга чиққан исломшунос олимлар “Ислом энциклопедияси”нинг яратилиши, тўпламдан ўрин эгаллаган маълумот ва манбалар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Якунда маърузачилар “Ислом энциклопедияси”нинг илк томини чоп этиш жараёнлари ҳамда кейинги жилдларни тайёрлаш ишларига тўхталиб ўтдилар. Республикамиздаги барча таълим муассасаларида, жамоат ташкилотларида “Ислом энциклопедияси”нинг тақдимоти бўйича алоҳида маърифий тадбирлар, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ва тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: