28.10.2020

ТИЛ – МИЛЛАТ ҚИЁФАСИ

Яқинда Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун мурожаат қилган, мамлакатимизда яшаш истагида бўлган шахслар ўзбек тилини билиши шартлиги ҳақида ўқиб, рости хурсанд бўлдим. Негаки, шу юртда истиқомат қилиб, шу халқнинг тилини билмаслик миллатни, халқни менсимасликдан бошқа гап эмас...

Ғумаев Ажириқ тезликда ҳарбий комиссариатга етиб келсин!

Ўша йилларда Китоб туман мудофаа ишлари бўлимида отамнинг бир ўртоғи бўларди. Исм-шарифи ҳозир ёдимда йўқ. Аммо русийзабон эди. Уйимиз йўлнинг ёқасида бўлгани учунми, ҳар ўтган-қайтганда кириб, ароғинг бўлса қўй, деб қисталанг қиларди. Бир куни уйимизда ўтирганида, онамнинг укаси чойнак кўтариб кириб қолди. Отамнинг ўртоғи, “военком” майор уни гапга солиб, қаерда хизмат қилганини сўради. Шунда онамнинг укаси – тоғам ота-онасининг кексалигини, тўнғич ўғил бўлгани учун эрта уйлангани, битта фарзанди борлиги ва бунинг устига хотини яна ҳомиладорлигини айтади. Шунда ҳалиги майор: «Мумкин эмас бундай бўлиши, бир болалилар, албатта, ҳарбий хизматга жўнатилади, иккинчи фарзанд туғилганидан кейин армиядан озод этилади», дейди. Шундан сўнг ёнидан блокнот ва ручкасини олиб, тоғамнинг исм-шарифини, қайси қишлоқда яшашини сўрайди. Бундан бироз ҳайиққан тоғам отим Ажириқ, фамилиям Ғумаев, деб ёздиради. «Сен билан ҳарбий комиссариатда гаплашаман», деб пўписа қилади майор.

Орадан уч кун ўтмай, қишлоқ фуқаролар йиғинига чақирув қоғози келади: «Призивнику Гумаеву Аджирику срочно явиться в райвоенкомат».

Қишлоқ фуқаролар йиғини ҳарбийларни рўйхатга олиш бўлими ходими Ғаффор ака деган киши “Ғумай”, “Ажириқ” деган шахсларнинг бу ҳудудда яшамаслиги, қолаверса, бу одамнинг эмас, ёввойи ўт-ўсимлигининг номи эканлигини айтиб, ҳарчанд уринмасин, «Топасан, бўлмаса ишдан ҳайдатаман», деган дўқ-пўписалар ҳам бўл¬гани рост...

Зуллисонайн бўлсак, қандай яхши

ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида ишлаб юрган кезларим рус гуруҳида ҳам талай ўзбек йигит-қизлар таълим олиб, рус тилида «яхши» ва «аъло» ўқиб битирган. Бир пайтлар Ўзбекистон телевидениесининг «Ахборот» кўрсатувида фаолият кўрсатган ­Шерзодхон Қудратхўжаев ва ­Садриддин Суяровларни (еврогуруҳда ўқиган) телетомошабинлар яхши эслашади. Эътибор берган бўлсангиз, улар ҳеч қачон тайёр матнга қараб гапирмайди (бу ерда матнга қараб ўқийдиганларни камситмоқчи эмасман). Уларнинг дунёқараши, ўз она тилида равон сўзлашига эътибор берганмисиз?

Бундан анча йил илгари ­Шерзодхон Қудратхўжаев «Йилнинг энг яхши журналисти» танлови ғолиблари сафидан ўрин олганидан, Садриддин Суяров эса республика «Камолот» жамғармасининг совриндори бўлганидан хабарингиз бўлса керак. Ўзбек ва рус тилларида бемалол сухандонлик қилиб, элнинг назарига тушиб улгурган Нодирхон Муҳаммадхоновга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Арман қизи телесухандон Ареват Григорян ўзбек тилида чиройли гапиришига қойил қолганман.

Журналистика факультетида мен билан бирга таҳсил олган Равшан Алимов деган йигит “аъло” баҳоларда ўқишидан ташқари, ўзбек ва рус тилларида бемалол ёза оларди. Унга ҳаммамиз ҳавас билан қарардик ва ҳурмат қилганимиздан гуруҳимизга “староста” этиб сайлаганмиз. Орадан бир йил ўтиб, ­Равшан ҳарбий хизматга кетиб қолди. Тўғриси, уни жуда соғинганимдан ўша пайтлар Нижний Новгород (собиқ Горький) шаҳрига атай кўргани бордим. Равшан хизмат жойидаги ҳарбий қисм газетасини ташкил қилгани, унда рус тилида бир нечта мақоласи чоп этилгани ҳақида рота командири айтиб берганида шундай курсдошим борлигидан ғоят хурсанд бўлганман. 

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг рус гуруҳида таҳсил олаётган Тойлоқ туманилик аълочи талаба Шоиста Боймуродованинг рус тилида ёзган бир даста шеърлари кўп нусхали «Педиатр» газетасида босилди. Кейин билсак, у ўзбек тилида ҳам тузуккина шеърлар ёзаркан.

Туркманистоннинг Тошҳовузида ўрта мактабни ўзбекча тугатиб, Москва давлат университетининг аспирантурасида таҳсил олган Комилжон Ҳайитов деган ўртоғимиз юртига қайтиб, олий ўқув юртларидан бирида талабаларга узоқ йиллар рус ва туркман тилларида фалсафадан сабоқ берган. Бундай мисоллар ҳаётда кўп.

Айрим ҳолларда бунинг тескариси ҳам бўлади. Бундан йигирма беш йиллар илгари ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича ўқишни тугатган бир йигит ишга кириш учун таржимаи ҳол тўлдиришда меъёридан ортиқ хатога йўл қўйгани учун дипломи бекор қилингани ҳақида эшитганим бор. Шу воқеа туфайли институт раҳбарияти таъзирини олган эди.

Бир куни енгил машинамда ишга кетаётиб, Ҳамид Олимжон метроси олдидаги бекатда укамни қолдирдим. У метрода кетадиган бўлди. Юз эллик метрлар чамаси юрувдим ҳамки, ЙПХ ходими менга таёқчасини кўтариб «Тўхтанг!» ишорасини қилди. Қоидани буздингиз, баённома ёзаман, деб қолди. Машинанинг олди ўриндиғига ўтириб, ҳали ёзилмаган баённомани қўлига олди. «Ёзаман! Ёзаман!» деб икки бор такрорлади ва бир нима таъма қилгандай тилла тишларини кўрсатиб тиржайди. Менинг назаримда қоида бузилгани йўқ, агар риоя қилмаган бўлсам, майли ёзинг, дедим. Бор-йўғи бир гапдан иборат баённомани тўлдирди. ЙПХ ходимини баённомада ёзганларини ўқиб чиқдим. Не кўз билан кўрайки, ўзбекча битилган бор-йўғи икки-уч жумла ғиж-ғиж хато ва ғализ ёзилган эди...

Шукрки, бугун тилимизга бўлган эътибор кучайди. Кўпгина давлатлар вакиллари тилимизга қизиқиш билан қараб, ўрганишга ҳаракат қилишяпти, ҳатто мумтоз ашулаларимизни жон қулоқлари билан эшитиб тинглашяпти. 

Хорижда ўзбекча куй

Халқимизнинг кўнгил мулкига айланган миллий мумтоз куй ва қўшиқларимиз жаҳон аҳлининг-да ҳайратини ошираётгани рост. Халқнинг дидига мос тушадиган, одамларга маънавий таянч берадиган миллий мусиқамизнинг дунёга танилиши ҳам тилимизнинг нақадар ширалиги, жозибалилигидан албатта. Биз кўпминг йиллик улкан тарихга – маънавий меросга эга халқмиз. Шубҳасиз, тилини ҳурмат қилган одам унинг қадрига етади.

– Ҳақиқий санъатга таржимон керак эмас. Қалбдан чиққан ёғду қалбга етиб боради. Муножот Йўлчиеванинг ашулаларини Европа, бутун дунё... ҳайрат билан тинглаяпти... , – дейди таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо.  

Худога шукр қиламан. Ўзбекистан давлати, миллий тилимизнинг қудрати, довруғи жаҳоннинг барча мамлакатлари эътиборига тушаётир, Ўтган йили Ўзбекистан халқ артисти Муножот Йўлчиева АҚШ, Франция давлатларида хизмат сафарида бўлиб қайтган эди. «Зиёратлар қабул бўлсин», деб, уларнинг хонадонида бўлдик. Бир дунё таассуротлар билан қайтган экан, мириқиб тингладик.

– Чет элларда мустақил Ўзбекистон номидан борганимиздан, шу юртнинг фарзанди эканимдан жуда-жуда ифтихор туйганман. Ўндан зиёд хориж мамлакатларида бўлиб, ўзбек мумтоз қўшиқларини жон қулоқлари билан тинглашганини, ҳайрат ва ҳавас билан боққан нигоҳларини кўриб, тўғриси, ҳаяжонимни яширолмадим, – дейди Муножот Йўлчиева. – Айниқса, Фарангистонда. Французлар ўта санъатсевар халқ экан. Ўзбек тилида ижро этилган ҳар бир мумтоз ашуламизни, мусиқамизни магнит лентасига кўчириб, унинг изоҳини ҳам ёзиб олишди. Қўшиқ қайси тилда жарангламасин халқларни ўзаро бирлаштирувчи муҳим воситадир. Миллий маданиятимиз, мумтоз адабиётимиз ва бебаҳо санъатимиз дилларни дилларга боғлайдиган энг асосий риштадир. Шунинг учун ҳам қўшиқни эзгуликнинг ёрқин тимсоли, тарбиянинг муҳим омили, тинчлик ва дўстликка катта шараф келтирувчи рутбадир, десак муболаға бўлмас.

Демак, ҳар бир юртнинг она тили тарғиб қилиниб, оммавийлашишида адабиёт ва санъатнинг аҳамияти беқиёс. Ўзликни англаш ҳам миллий тилни қадрлашдан бошланади. Миллатнинг улуғлиги, буюклиги ҳам шундан.

Ўзбек санъаткорларини чет элга тез-тез таклиф қилиниб, миллий қўшиқларимизни хорижда ижро этилиши тилимиз ва юртимизнинг нуфузи йил сайин ортиб бораётганидан далолатдир. Тил – миллатнинг қалби, қиёфаси. Шундай экан, тилни фақатгина мулоқот воситаси, деб англаш уни бир ёқлама тушунишдан бошқа нарса эмас.    

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, хориж мамлакатларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бораётган бир пайтда кўчалардаги айрим ёзувларни кўриб, кишининг таъби хира тортади. Айниқса, реклама устунларида катта ҳарфлар билан осиб қўйилган ёзувлар кўпчилик зиёлиларимизнинг ҳафсаласини пир қилаётгани сир эмас. Янги очилган емакхона ёки маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида “Биз очилдик” («Мы открилысь») ёзувини кўрсам, ҳафсалам пир бўлиб кетади. Бундан ташқари, реклама устунлари ва плакатларда катта ҳарфлар билан “Дода пицца” (Тошкент ш. Яккасарой тумани), (Тошкент вил. Қибрай тумани) “Шашликнинг додаси”, “Қазининг додахўжаси” (манзили эсимдан чиқибди), ёзиб қўйилганига нима дейсиз. Қайси куни пойтахтнинг “Эски жўва” бозори ҳудудидан ўтаётиб, сомса ёки нон сотувчиларнинг “Қайноқ сомсалар бор, қайноққина нонлар бор, деган қичқириқларга дуч келгандим. Ўйлаб қоласан, сомса билан нон қайнаб пишадими? Улар шўрвамиди қайнаб пишадиган?

Хуллса, гапираман десак, гап кўп, дард кўп. Биргалашиб ўйласак, курашсак, она тилимизга бўлаётган ҳурматсизликларни бартараф этамиз, тилимиз мавқеини янада оширган бўламиз.        

Азамат СУЮНОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: