21.10.2020

ДАВЛАТ ТИЛИ НУФУЗИ ВА МАВҚЕИНИ

тубдан оширишнинг долзарб муаммолари

Она тилимизга давлат тили мақоми берилиши мустақилликнинг илк ғалабаси сифатида қўлга киритилганлиги, она тилининг эрки, ҳуқуқи учун кураш тарихда мустақиллик учун курашнинг рамзи сифатида муҳрлангани, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг хосиятлари, уни ҳаётга татбиқ этиш жараёнлари, муаммолари тўғрисида жуда кўплаб ўқув қўлланмалари, рисола ва мақолалар чоп эттирдик. Лекин кўтарган муаммоларимиз, қўйган саволларимиз узоқ йиллар муаллақ қолди. Давлат тили амалиёти ҳаётда қонунда белгиланган мақомдан ўзгачароқ кечди. Назаримизда, қонунчилик асослари мустаҳкамлигига, унинг ҳаётий амалиёти муаммоларига янада жиддийроқ эътибор лозим эди.

Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Президенти­ ­Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрда имзо чеккан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айни муддао бўлди. Мазкур Фармон давлат тили қисматига нажот, янги ҳаёт бағишлади. Бироқ, Президентнинг ана шу нажотбахш фармони тўғри амалга ошяптими? Унинг ижроси тўғри таъминланяптими? Афсуски, ҳозирча, бунга ишончимиз комил эмас. Далиллар асосида танқидий таҳлил юритамиз. Дастлабки натижалар шуни кўрсатяптики, назаримизда, “Давлат тилини ривожлантириш департаменти”га она тили ва адабиёт мутахассиси ва давлат тилининг ҳақиқий жонкуяри бошлиқ бўлиши лозим эди. Бироқ департаментнинг ҳозирги раҳбари филолог эмас, балки тарихчи. Унга умид билан катта ишонч билдирилган. Аммо у қўйилган вазифани уддалаёлмаслиги аввалдан маълум эди. Чунки у белгиланган вазифага ихтисос жиҳатидан компетентли (лаёқатли) эмас. У, шубҳасиз, уриниб, чираниб ишлаяпти. Лекин бунинг фойдаси йўқ. Бу – Олий мажлисда депутат бўлиб жанговар нутқ сўзлаш эмас. Бу ишда соҳа бўйича ишнинг кўзини биладиган мутахассис керак. 

Албатта, чинакам лаёқатли мутахассисни топиш осон эмас. Лекин мақсадга эришиш учун, албатта, уни топиш шарт. Ҳозирги мутасадди эса ихтисоси жиҳатидан тарихчи ва у давлат тили муаммоларини етарли даражада билмайди, ечимини топишга қийналади. Давлат тилининг мамлакат миқёсидаги муаммоларини мувофиқлаштириш, мутахассисларнинг бошини қовуштириш учун, табиийки, соҳа мутахассиси лаёқатига (компетенлигига) эга бўлиши зарур. Бу аҳволда Президент талабидаги натижага эришиб бўлмайди. Биз Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари ташкилотчилигида тузилган Давлат тилини ривожлантириш Концепциясининг сўнгги нусхаси билан танишиб чиқдик. Расмона Концепция яратилган. Концепция борми – бор. Лекин у амалда бажариладиган услубда яратилмаган. Баъзи қонун матнларига ўхшаб расмий, тумтароқ, йирик жумлалар билан тузилган. Ижроси таъминланмайдиган, қоғозда қолиб кетадиган услубда ёзилган. Қўпол бўлса ҳам, тўғрисини айтамиз – бу кўзбўямачиликнинг сийқаси чиққан бир кўриниши эмасми?

2020 йил март ойининг бошларида бўлиб ўтган, давлат тили муаммоларига бағишланган бир йиғилишда Давлат тилини ривожлантириш департаментининг раҳбари “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қайта ишланган янги матни тузилди ва Олий Мажлис муҳокамкасига тақдим этилди”, деди. Тўғриси, янги матн бунчалар тез яратилганига ҳайрон қолдик. У ким билан бирга қайта ишланди, қандай қайта ишланди экан ? Қолаверса, Қонуннинг янги матни халқ муҳокамасига қўйилмайдими? 

Ахир, 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳаси бир эмас, икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Радио, телевидениеда, ташкилотларда, очиқ майдонлардаги кенг халқ оммаси орасида жонли муҳокамалар бўлиб ўтган эди. Муҳокама жараёнларида Давлат тили комиссиясига 800 000 дан ортиқ таклиф-мулоҳазалар тушган ва улар Қонун матнини такомиллаштиришда инобатга олинган. Нега биз 30 йил олдинги даражада уйғоқ эмасмиз?

Бу борада бизнинг таклифларимиз шундан иборатки, Давлат тилини ривожлантириш департаменти кадрларни таркибини қайта кўриб чиқиш лозим. “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қайта ишланган янги матнини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиб, ундан кейин Олий Мажлисда муҳокама қилиб тасдиқлаш мақсадга мувофиқ.

Президент фармонида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳузурида Атамашунослик комиссиясини ташкил этиш белгиланган. Бу ҳам давлат тили соҳасидаги адолат ва ҳақиқатни тиклашнинг бир йўлидир. Чунки мустақилликнинг дастлабки йилларида Атамашунослик қўмитаси тузилган ва у самарали фаолият кўрсатган эди. Аммо фармон эълон қилинганидан бери кўп ойлар ўтиб бормоқдаки, биз мутахассислар ҳанузгача атамашунослик комиссияси тузилдими ё тузилмадими, ким раис, ким аъзо бўлди – бундан бехабармиз. Элнинг оғзида ҳар хил гап. Биров раис – бош вазир деса, биров раис – Низомиддин Маҳмудов дейди. Очиқ-ошкоралик йўқ. Бунақада иш бўладими? Бунақада олдинги Атамашунослик қўмитаси даражасида ҳам иш амалга ошмайди. Аввал Атамашунослик қўмитасининг раиси собиқ иттифоқ миқёсида тан олинган мутафаккир, асарлари билан жаҳон адабиёти майдонидан ўрин олган адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов эди. Унинг ўринбосари жонкуяр ва фаол тилшунос олим Ҳабибулла Бектемиров эди. Қўмита ҳузурида фан, хўжалик, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари бўйича шўъбалар шакллантирилган, шўъба раиси ўз соҳасининг академиги, шўъба аъзолари ўнлаб олимлар эди. Ҳар бир соҳа бўйича термин ва атамалар тўпланар, сараланар, муҳокама қилинар, матбуотда эълон қилинарди. Ана шу йўл билан 40 дан ортиқ соҳалар бўйича терминлар луғатлари тузилган ва нашр этилган эди. Академик Азим Ҳожиевнинг  бу соҳада катта аҳамиятга эга бўлган “Термин танлаш мезонлари” номли китоби яратилган ва чоп этилган эди. Термин ва атамаларни тартибга солиш учун аввал уларни танлаш мезонларини билиш зарур-да. Шундоқ шаклланган Атамашунослик қўмитасини қисқартириб юбориш даврнинг катта хатоларидан бири бўлди. Бир бугина эмас, Қўлёзмалар институтини, Тилшунослик институтини қисқартириш ҳам шундай хатолардан бўлган. Бундай ташкилотлар раҳбарларининг ҳар бири Республика Давлат тили комиссиясининг аъзоси эди. Ташкилот қисқариши билан, раҳбар штати ҳам қисқариб, Давлат тили комиссияси бир йўла бир неча профессионал аъзодан айрилиб, заифлашган.

Дарвоқе, ҳозир Давлат тили комиссияси борми? Ёки олдингиси сақланган бўлса, янгиландими? Бу ҳақда ҳеч қаерда ошкора маълумот кўрмаяпмиз. Буни бир текшириб, аниқлаб кўриш керак. Ахир, давлат тили комиссияси “Давлат тили ҳақида”ги қонунни амалга оширишнинг энг муҳим ва энг нуфузли механизми-ку!

Ҳозирги Атамашунослик комиссияси ёпиқ жойда – Вазирлар Маҳкамаси таркибида ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасига кириш-чиқиш жуда қийин, ҳамма ҳам кира олмайди. Атамашунослик комиссияси халққа очиқ бўлиши керак. Олдинги Атамашунослик қўмитасига хоҳлаган киши кира олар, таклифларини бериб, фикр алмашиб чиқиб кетарди. У ЎзР ФА Тил ва адабиёт илмий тадқиқот институтида жойлашган эди. Атамашунослик қўмитасида ўндан ортиқ шўъба бўлиб, шўъба раиси махсус соҳанинг академиги, ходимлари эса тилшунос олимлар эдилар. Мана шу яхши, ишлайдиган таркиб эди. Ҳозирги атамашунослик комиссиясига кимлар ишга қабул қилингани номаълум. Балки лаёқатсиз одамлар жойларни банд қилиб олиб, иш бермаётгандир? Буни, албатта, текшириш ва назоратга олиш лозим.  Бизнингча, иш самарали бўлиши учун, ҳали ҳам бўлса, ушбу ташкилотни аввалгидай нуфузли этиб қайта очиш керак ва уни очиқ жойга кўчириш лозим. Умуман, Давлат тилини ривожлантириш департаментини Алишер Навойи номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети таркибига қўшиб берилса, тўғри, яхши ва оқилона иш бўларди.

Аввало, яна шунга аниқлик киритиш лозимки, атамашуносликми, терминшуносликми, комиссиями, қўмитами  – буни яхшилаб ўйлаб, муҳокама қилиб олиш лозим. Атама билан термин битта нарса эмас. Атама бирор предметни номлаш учун танланган от. Бир атама билан бир неча турдаги нарсалар номланиши мумкин. Термин эса махсус бир соҳага расмийлашган илмий сўз. Атама кўп маъноли бўлиши мумкин, термин эса фақат бир маънога эга бўлади. Буни илмий шарҳлаш кўп вақтни олади. Балки термин ва атамалар қўмитаси дейиш мақсадга мувофиқдир. Қўмита ҳам комиссиядан кўра катта тушунча. Янги ташкилот 30 йил олдингисидан заиф эмас, кучли ва маҳсулдор қилиб шакллантирилиши зарур.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти яқинда катта тақдимот ўтказди. Бу тақдимот бир неча жойда ўтказилди. Унда “Давлат тилида иш юритиш” китоби тақдим этилди. Жуда яхши. Лекин бу китоб янги ташкилот – Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан яратилмаган ва у янги китоб ҳам эмас. Бу китоб 1995  йилларда яратилган ва нашр этилган. Тақдимотга асос бўлгани – ўша китобнинг 9-нашри. Тўғри, йиллар давомида тўлдирилиб, қайта ишланавериб, юпқа ва ингичкагина китобча қалин муқовали катта ва семиз китобга айланган. Бу – табиий. Лекин у – шов-шувли тақдимот уюштириладиган катта янгилик эмас. Эски нарсани ҳамма ёққа довруқ солиб, шов-шув кўтариб, телевизорда намойиш этиб, Давлат тилини ривожлантириш департаменти бошлиғининг ўзи ўз қўллари билан китобни тақдим этаётганини кўз-кўз қилиш гўёки катта бир янги иш қилингандек кўрсатади. Аслида, бу ҳам кўзбўямачиликнинг бир кўринишидир. Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ўзи нима иш қилди ? Ана шуниси муҳимроқ.

Мазкур китоб тақдимотининг яна бир жиҳати қаноатланарли эмас. “Давлат тилида иш юритиш” китобининг сўнгги – 9-нашри ҳам кирилл ёзувида нашр этилибди. Китобни нашрга тайёрлаган айрим мутасаддилар телеинтервью­ларида унинг лотин ёзувидаги варианти келаси йили нашр этилиши ҳақида ваъда беришяпти. Ахир, 30 йилдан бери иш юритиш тизимида рус тилидан ўзбек тилига тўлиқ ўтаолмаяпмиз, кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтолмай овворамиз-ку ! Шундай вазиятда нега энди шу нашрни кирилл ёзувида чиқаришимиз лозим эди ? Тилшунос олимларимиз яна қанча муддат кириллицада иш юритилишини назарда тутишяпти ? “Давлат тили ҳақида”ги қонунларимиз бўйича ҳеч қанақа муддат ва муҳлат қолмаган. Назаримизда, уни айнан лотин ёзувида чиқариш зарур эди. Шунда давлат тилида иш юритиш тизими ходимлари ҳам лотин ёзувига мурожаат қилишга зарурат сезарди. Мана шундай янги китобларни кирилда эмас, лотинда нашр этиш ҳам ёзув қўшҳокимиятчилигига барҳам беришнинг қулай йўлларидан биридир.

 

Нусратулло ЖУМАХЎЖА,

филология фанлари доктори,  Алишер Навоий

номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети

Ўзбек  адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси профессори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: